Bloomberg агентлиги ва Саудиянинг «Ал-Арабия» телеканали АҚШ ва Эрон 19 июн куни Швейцарияда имзолаш кутилаётган англашув меморандумининг «деярли якуний» лойиҳасини эълон қилди. Томонлар 14 июн куни келишувга эришган, Оқ уй унинг шартларини кейинги 48 соат ичида эълон қилишни ваъда қилганди. Аммо ҳозирча бу рўй бермади. Бир неча кундан бери турли нашрлар келишувдаги асосий қоидаларни ёзиб келишмоқда. Bloomberg агентлиги қайд этишича, ҳужжатнинг таҳририят ихтиёрига келиб тушган нусхаси Эроннинг АҚШ билан келишув доирасидаги иқтисодий манфаатларининг энг тўлиқ тавсифини ўз ичига олади. Хусусан, Теҳрон дарҳол нефт савдосини тиклаши, 300 миллиард долларлик хусусий инвестиция фондидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши, шунингдек, келгусида блокланган активлар қайтарилиши мумкин. Агентлик манбаларига кўра, келишувнинг техник тафсилотлари ҳали ҳам ишлаб чиқиш босқичида, шунинг учун ҳужжатдаги айрим иборалар ўзгариши мумкин. Қуйида 14 банддан иборат келишув лойиҳаси келтирилади.
Қисқача версия
- АҚШ, Эрон ва уларнинг иттифоқчилари бутун фронт бўйлаб, жумладан, Ливанда ҳам ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатади.
- Суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашишдан воз кечиш.
- Якуний келишув бўйича музокаралар 60 кун ичида ушбу муддатни узайтириш имконияти билан амалга оширилади.
- АҚШ Эрон портлари қамалини зудлик билан бекор қилади, 30 кун ичида кемалар қатнови урушдан олдинги даражага қайтарилади ва якуний келишувдан кейин 30 кун ичида Америка қўшинлари олиб чиқилади.
- Эрон 30 кун ичида савдо кемаларининг Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтишини, шу жумладан, ҳудуд миналардан тозаланишини таъминлайди.
- АҚШ минтақадаги ҳамкорлари билан Эронни тиклаш ва ривожлантириш бўйича камида 300 миллиард долларлик режа тузмоқда.
- АҚШнинг барча бир томонлама санкциялари, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Халқаро атом энергетикаси агентлиги резолюциялари келишилган жадвал бўйича бекор қилинади.
- Эрон ядро қуролидан воз кечишини тасдиқлайди. Бойитилган уран ва бошқа ядровий масалалар тақдири якуний келишувда ҳал қилинади.
- Якуний келишувга қадар статус-кво сақланиб қолади: Эрон ядровий дастурини кенгайтирмайди, АҚШ янги санкциялар қўлламайди ва минтақадаги кучлари сонини оширмайди.
- АҚШ молия вазирлиги зудлик билан Эрон нефти экспортига рухсат беради.
- Музокаралар давомида Эроннинг музлатилган активларига тақиқлар ечилади.
- Якуний битимнинг бажарилишини назорат қилиш механизми ишлаб чиқилади.
- Меморандум имзолангач ва 4, 5, 10 ва 11-моддаларга риоя этилаётгани тасдиқлангач, томонлар қолган бандлар бўйича музокараларни бошлайди.
















