АҚШ ва Эрон ўзаро англашув меморандумини келишиб олди, у бутун фронт бўйлаб, шу жумладан Ливанда 60 кунлик оташкесим амал қилиши ҳамда Ҳўрмуз бўғози кемалар қатнови учун очилишини кўзда тутади. Бу ҳужжат матни эълон қилинмади, унинг аниқ шартлари маълум эмас. Эрондаги манбалар меморандумда 14 та банд борлигини айтишмоқда, аммо Америка томони буни тасдиқламаган. Меморандумни имзолаш маросими 19 июн куни Швейцарияда ўтказилади. Шундан кейин 60 кун мобайнида томонлар якуний тинчлик келишуви устида ишлаши ва баҳсли масалалар, жумладан, Эрон ядровий дастури бўйича келишиб олиши тахмин қилинмоқда. Исроил ўзини ушбу келишув иштирокчиси деб ҳисобламаяпти. Исроилдагилар ўз қўшинини Ливандан олиб кетмоқчи эмас, шунингдек, «Ҳизбуллоҳ» томонидан ҳужум қилинадиган бўлса, жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирмоқда.

АҚШ томони нималар деди?

Доналд Трамп АҚШ Эрон портларига нисбатан жорий этилган ҳарбий-денгиз блокадасини бекор қилишини, Эрон эса Ҳўрмуз бўғозини очишини маълум қилди. «Бутун дунёдаги кемалар, двигателларингизни ишга туширинг. Нефтни оқизинг!» – дея ёзди АҚШ президенти Truth Social ижтимоий тармоғида. Аммо бу хабардан Ҳўрмуз бўғози айнан қачон ва қандай шартлар асосида очилишини билиб бўлмайди.

The New York Times газетасига берган интервюсида Трамп Эрон билан келишув кемаларнинг Ҳўрмуз бўғози орқали «доимий равишда бепул ўтиши»ни таъминлашини айтган. Трамп Хитой раиси Си Жинпинг ва Россия президенти Владимир Путинга нефт инқирозини ҳал қилишга ёрдам бергани, «Ҳўрмуз бўғози блокадасига аралашмагани» учун миннатдорчилик билдирган.

Трампнинг сўзларига кўра, Эроннинг уранни бойитиш дастури фақат ҳарбий бўлмаган мақсадлар билан чекланади. Бироқ, бу масала бўйича ҳозирча келишув йўқ. Томонлар Эронда уранни бойитиш ишларини 20 йилга тўхтатиш масаласида музокаралар олиб бормоқда. NYT ёзишича, Трамп «15 йиллик муддатга ҳам рози бўлишини билдирган».

Эрондагилар нималар деди?

Эрон давлат агентликлари манбаларига кўра, англашув меморандуми 14 банддан иборат. У бутун фронт бўйлаб, жумладан Ливанда ҳарбий ҳаракатларни дарҳол ва доимийга тўхтатишни, Америка денгиз блокадасини тўхтатишни, Ҳўрмуз бўғозини очишни, шунингдек, Эроннинг хорижда музлатилган 24 миллиард долларлик активлари қайтарилишини ўз ичига олади.

Ушбу 14 бандда АҚШ билан якуний келишув фақат уранни бойитиш, санкцияларни бекор қилиш ва Эрон иқтисодиётини тиклашга тааллуқли бўлиши, Эроннинг ракета дастури ва «қаршилик кўрсатиш кучлари»ни қўллаб-қувватлаш масалалари (афтидан, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» каби Эрон прокси кучлари назарда тутилмоқда) музокаралар кун тартибидан «мутлақо чиқариб ташланиши» ҳам таъкидланган.