Ўзбекистон | 18:19 / 30.03.2022
13148
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 1 гектар ерни ярим миллион долларга пулламоқчи бўлган шахслар қўлга олинди

Улар 1 гектар ерни 500 минг доллар эвазига ҳокимиятда ишлайдиган танишлари орқали расмийлаштириб беришни айтиб, фуқародан келишилган пулнинг ярми – 250 минг долларни олаётганда ушланган.

Фото: Вилоят ИИБ ахборот хизмати

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ноқонуний ер савдоси билан шуғулланган шахслар ушланганини маълум қилди.

Хабар қилинишича, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2021 йилдаги қарори билан Қорасув массивида 16 қаватли турар жой биноларини қуриш учун МЧЖлардан бирига 1 гектар ер майдони ажратилган. Ажратилган ҳудудда ҳозирга қадар қурилиш ишлари олиб борилмагани учун 2022 йил декабрь ойида ер майдони давлат захирасига қайтарилиши лозим бўлган.

Бундан хабардор бўлган 35 ёшли Я.О., 44 ёшли А.Н. ва 54 ёшли А.К. маҳаллий фуқарога мазкур ер майдонини 500 минг доллар эвазига ҳокимият идораларидаги танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, ундан келишилган пулнинг ярми – 250 минг долларни олаётган вақтида қўлга олинган.

Маълум қилинишича, айни пайтда юқоридаги шахсларга нисбатан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Нуробод туманида 10 гектар ерни 250 минг долларга сотмоқчи бўлган МЧЖ раҳбари ушланганди.

Мавзуга оид