«Ҳоким имзоси керак эмас» – вазирлик мулозими қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришнинг янги тартиби ҳақида
1 мартдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришда ҳоким қарорини олиш тартиби бекор қилинди. Kun.uz янги тартиб бўйича ўқувчилардан келаётган қатор саволларга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Ойбек Соатовдан жавоб олди.
— Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш ва бунинг учун ҳоким қарорини олиш тартибини бекор қилиш нима дегани? Умуман янги тартиб нима учун хизмат қилади?
— Қишлоқ хўжалиги учун ер ажратиш тизимини электронлаштириш бўйича аввалроқ президентнинг иккита фармони қабул қилинганди. Бу аҳолининг ер ажратишдаги ноҳақликлар бўйича билдирган эътирозларига барҳам бериш учун қабул қилинган.
Янги тартиблардан яна шу нарса кўриндики, ер ажратишнинг электрон тизимида вилоят ҳокимларининг қарор қабул қилишига зарурат йўқ экан. Бу масала Адлия, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа идораларнинг мутахассислари билан келишилганда ҳам маъқулланди.
Шу туфайли эндиликда ерларни ижарага беришда ҳоким қарорини олиш механизми бекор қилинди. Эндиликда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларни ижарага олишда танлов якуни бўйича қабул қилинган баён етарли бўлади.
— Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларни ижарага олиш тартиби ҳақида ҳам тўлиқроқ маълумот берсангиз.
— Биринчи навбатда ер олишга талабгор бўлган фуқаролар шуни билиши керакки, айни пайтдаги қонунчилик бўйича фақат бўш турган ерлар танловга қўйилади.
Ер олишга талабгорлар биринчи навбатда «e-auksion» савдо платформасига мурожаат қилади. Чунки бўш турган ерлар ҳокимлик томонидан Кадастр агентлиги билан бирга айни шу ерда рўйхатдан ўтказилади. Савдо платформаси эса 15 кун давомида ОАВ ёки ўзининг бошқа платформалари орқали жамоатчиликка эълон беради.
Талабгорлар эса белгиланган мезонлар орқали сараланади. Энг кўп балл тўплаган талабгор ер олиши мумкин.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Унда қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беришда кимларга устуворлик берилиши, ер солиғи каби масалаларда ҳам маълумот берилган.
Мавзуга оид
14:59
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги таълими соҳасига Белгия тажрибаси жорий этилади
12:32
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024