Ўзбекистон | 19:26 / 31.03.2022
4541
2 дақиқада ўқилади

ОАВда эълон қилинган танқидий материаллар бўйича 2021 йилда 24 та маъмурий ва 16 та жиноят иши қўзғатилган – Бош прокуратура 

2021 йилда ОАВларда эълон қилинган прокуратура органлари аралашуви талаб қилинган танқидий материаллар юзасидан 23 та интизомий, 24 та маъмурий ва қўпол қонунбузилиш ҳолати бўйича 16 та жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда, бугун, 31 март куни АОКАда «Прокуратура органларининг 2021 йилдаги фаолияти якунлари»га бағишланган матбуот анжуманида Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, прокуратура органлари томонидан 2021 йилда давлат органларининг ҳуқуқий ҳужжатларини тизимли равишда ўрганиш натижасида:

  • 354 минг 219 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди;
  • 48 минг 777 та қонунга зид ҳужжатларга протест келтирилди, қонунбузилиши сабабларини бартараф этиш борасида тегишли идораларга 20 минг 779 та тақдимнома киритилди;
  • 292 миллиард сўм зарарни ундириш ҳақида судларга 43 мингдан ортиқ аризалар киритилди;
  • 292 минг 585 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Шунингдек, 2021 йилда прокуратура органлари томонидан 12 минг 275 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилган. Шундан 10 минг 990 нафар шахсга нисбатан 6 минг 656 та жиноят иши судга юборилган.

Судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатларини таъминлаш мақсадида 47 минг 755 та жиноят, 9 минг 899 та фуқаролик, 3 минг 387 та иқтисодий ҳамда 11 минг 850 та маъмурий ишларнинг судларда кўрилишида прокурор иштироки таъминланган.

Бундан ташқари, ўтган йилда прокурорлар ташаббуси билан 124 нафар шахс оқланди ва ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд Пленуми қарорларига 77 та таклиф киритилди.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, ноқонуний текшириш ўтказиш ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишдаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасида ўтказилган назорат тадбирларида:

  • 885 нафар мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди;
  • 619 та ноқонуний ҳужжатларга протест келтирилди;
  • 14 минг 749 нафар тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Шунингдек, 2021 йилда прокуратура органлари томонидан оммавий ахборот воситаларида аниқланган 713 та танқидий мақолалар юзасидан тегишли чоралар кўрилган. Шу даврда прокуратура органлари аралашуви талаб этиладиган 283 та танқидий материаллар бўйича баённомалар, 7 та тақдимнома, 23 та интизомий, 24 та маъмурий ва қўпол қонунбузилиш ҳолати бўйича 16 та жиноят иши қўзғатилиб, 70 та фуқаронинг ҳуқуқлари  тикланган.

Мавзуга оид