Ўзбекистон | 16:58 / 31.03.2022
3914
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати йўқ деб ишонч билан айта оламиз” – Танзила Норбоева

31 март куни “Ўзбекистонда муносиб меҳнатни илгари суриш: инсонга йўналтирилган ёндашув” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Фото: Kun.uz

Халқаро конференция Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида муносиб меҳнат тамойилларини такомиллаштириш жараёнларида халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда янги таклиф ва ғояларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Норбоева, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдер, унинг ўринбосари Х.Коллер, БМТ, ЕТТБ, Европа иттифоқи ва қатор халқаро ташкилотлардан 100 га яқин мутахассислар ва экспертлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, Олий Мажлис палаталари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Т.Норбоева Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати йўқ деб, ишонч билан айтиш мумкинлигини таъкидлади.

“Мамлакатимизда мустақил фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда ХМТ томонидан ўтказилаётган Учинчи томон мониторинги натижалари бунинг яққол исботидир.

“Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига қўйилган глобал бойкот бекор қилиниши кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигининг ёрқин мисоли бўлди.

Албатта, биз бу билан тўхтаб қолмаймиз, бундан кейин ҳам бошқа долзарб бўлган тармоқлар бўйича ишлар давом эттирилади. Масалан, шу йилнинг ўзида умумий овқатланиш секторида меҳнат шароитларини ўрганишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Қурилиш соҳасида ўтказилган ўрганишлар натижалари тез орада тақдим этилади. Ушбу натижалар таҳлили асосида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилади”, – дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Шунингдек, тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори ҳам чиқиш қилди.

Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастури БМТнинг Ўзбекистон учун барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида ҳамкорлик дастурига тўлиқ мос келади ва Ўзбекистон дунёдаги бундай дастурни қабул қилган биринчи мамлакат ҳисобланади”, – деди Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдер.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини янада ривожлантириш юзасидан янги лойиҳалар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Мавзуга оид