Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда махсус улгуржи савдо ҳудудлари ташкил этилади
Ўзбекистон улгуржи савдо учун махсус имтиёзли ҳудудлар ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 31 март куни макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда Тошкент инвестиция форуми якунларига тўхталиб ўтилди. Анжуманда қарийб 8 миллиард долларлик шартномалар ва келишувларга эришилган. Кўплаб хорижий тадбиркорлар юртимизда ўз бизнесини бошлаш ёки ривожлантириш истагини билдирган.
Бу келишув ва ташаббуслар тўла амалга ошиши учун инвесторларга барча шароит яратилиши қайд этилди. Иқтисодиёт тармоқлари раҳбарларига хорижий компаниялар билан келишиб, уларнинг ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш вазифаси қўйилди. Навоий, Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида қўшни мамлакатлар бозорига маҳсулот етказиб берувчи улгуржи савдо ҳудудлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Ҳудуд ва тармоқларда харажатларни қисқартириш, таъмирлаш, автомобиль, мебель ва офис анжомлари харид қилишни тўхтатиб туриш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда қиймати 9 миллиард доллар бўлган 105 та лойиҳа доирасида жалб этилган маблағлар ишлатилмай турибди ёки чўзиляпти. Бош вазир ўринбосарига тармоқ раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари билан бирга, ҳар бир лойиҳани чуқур ўрганиб, ижросини жадаллаштириш, самарасиз ва истиқболсиз лойиҳаларни тугатиш бўйича кўрсатма берилди.
Мавзуга оид
10:25 / 09.06.2026
Тошкентда энг кўп аҳоли савдо соҳасида банд
08:16 / 02.06.2026
Топ-10: дунё савдосида энг катта улушга эга давлатлар
09:02 / 12.03.2026
Ўзбекистонда хорижий корхоналар асосан савдо соҳасида фаолият юритмоқда
08:00 / 20.02.2026