Жаҳон | 09:06 / 03.04.2022
39538
2 дақиқада ўқилади

Киевдагилар Россия тинчлик бўйича келишувга розилигини айтмоқда — Қрим бўйича таклиф истисно

ARDA KUCUKKAYA/ANADOLU AGENCY

Россия Истанбулдаги музокаралар чоғида Украина томонидан таклиф этилган тинчлик келишуви лойиҳасини оғзаки шаклда қабул қилган, фақат Қрим бўйича таклиф бундан мустасно. Бу ҳақда украиналик музокарачилар гуруҳи раҳбари Давид Арахамия маълум қилган.

Арахамиянинг сўзларига кўра, ҳозирда Киев Москва ўз позициясини хат орқали тасдиқлашини кутмоқда.

Арахамия айни вақтда юристлар ва дипломатлар гуруҳи ҳужжатларнинг якуний версиясини тайёрлаётганини маълум қилган. Шу кунларда Владимир Путин билан гаплашган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга ҳавола қилган ҳолда у Россия томони келишувлар лойиҳаси Путин ва Зеленский ўртасида учрашув ўтказиш учун етарлича етук ишлаб чиқилган деб ҳисоблаётганини айтган.

«Ҳозирда бизнинг вазифамиз — кўриб чиқилган масалаларнинг якуний босқичини тезроқ ишлаб чиқиш ва президентларнинг эҳтимолий учрашувига тайёрланиш», — деган у ва учрашув Анқара ёки Истанбулда ўтказилиши мумкинлигини билдирган.

  • Истанбулдаги музокаралар 29 март куни ўтказилганди. Музокаралар чоғида Украина делегацияси Киев хавфсизлик кафолати тақдим этилиши эвазига НАТОга аъзо бўлиб кириш режаларидан воз кечишга тайёрлиги, Донбасс масаласи эса ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан кейин Путин ва Зеленскийнинг ўзаро учрашувида муҳокама қилиниши мумкинлиги айтилган. Украина Қрим мақоми бўйича кейинги 15 йил мобайнида маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф этган.
  • 1 апрель куни Эрдўған ва Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган. Кремль ахборотида айтилишича, Россия президенти Киев ва Москва ўртасида 29 март куни Истанбулда ташкиллаштирилган учрашув учун миннатдорлик билдирган.
  • Эрдўғаннинг девони баёнотида эса тинчлик ўрнатилиши учун Туркия томони Путин ҳамда Зеленский учрашувини ташкиллаштиришга тайёрлигини қайд этгани келтирилган.

Мавзуга оид