Иқтисодиёт | 14:00 / 03.04.2022
18908
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Устюрт регионидаги табиий газ қазиб чиқарилиши, бурғилаш ишлари ва газ қувури лойиҳалари ҳолатини ўрганди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан Устюрт регионида геология-қидирув, бурғилаш ишлари ва табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолати ўрганилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ўрганиш жараёнларида, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасидаги конларда олиб борилаётган ишлар ва конда ишлаётган ишчи-ходимларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишиб чиқилди.

Уларнинг муаммоли масалалари, ижтимоий муҳофаза ва меҳнат шароитлари борасида ишчилар билан суҳбат ўтказилди. Бошқарув раиси ишчи-ходимлар учун яратилган меҳнат шароитларини ўрганиш баробарида, уларнинг овқатланиш ва ётоқ-жой шароитларининг асл ҳолати билан танишди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ҳар бир ҳолат ўрганилиб, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ раҳбари Улфат Амоновга ишчи-ходимларнинг ишлаши, яшаши ва овқатланиши борасида янада яхшироқ шароитларни яратиш борасида топшириқлар берилди.

Шунингдек, “Шарқий Бердақ”, “Қуйи Шарқий Бердақ” ва “Шимолий Бердақ” конларида янги ишлатиш қудуқларини бурғилаш, қудуқларни капитал таъмирлаш ва интенсификация ишлари жойидан ўрганилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Дастлаб, “Қуйи Шарқий Бердақ” конидаги 4-сонли излов қидирув қудуғини бурғилаш ишлари ўрганилиб, углеводородлар захираларини ўстириш дастури доирасида геологик излов-қидирув қудуқларини белгиланган муддатидан олдин бурғилаш ишларини тугатган ишчи-ходимларга қўшимча мукофотлар бериш билан уларнинг меҳнатини рағбатлантириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш топшириғи масъулларга юклатилди.

“Шимолий Бердақ” конидаги бурғилаш ишлари олиб борилаётган 115, 116-сонли қудуқлардаги ишларни ўрганиш давомида бурғилаш ташкилотлари томонидан бурғилаш ишлари учун зарур моддий техник ресурслар, бурғилаш “долото”ларини тезлаштириб етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Қудуқларни капитал таъмирлаш йўналишидаги ишлар “Шарқий Бердақ” 4-сонли ва “Қуйи Шарқий Бердақ” 2-сонли қудуқларига борилган вақтда ўрганиб чиқилди ва мавжуд муаммолар муҳокама қилиниб, интенсификация ишларида янги технологияларни кенг қўллаш ва муҳандис-техник ходимларнинг малакасини ошириш, мавжуд масалаларни ҳал этиш, ишчи-ходимларнинг овқатланиш, яшаш шароитлари кўздан кечирилиб, яхшилаш бўйича тегишли мутахассис ва раҳбарларга топшириқлар берилди.

“Шарқий Бердақ” комплексига қилинган ташриф давомида ушбу комплекс таркибидаги Сиқув компрессор станциясидаги мавжуд захира газ ҳайдаш агрегатини ишга тушириш билан станция қувватини кунлик 8,0 млн метр кубгача ошириш бўйича ишлаб чиқилган техник ечимлар муҳокама қилиниб, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган диам.530 ва 426 ммлик қувурларни жамият ички имкониятидан таъминлаш, турли ўлчамдаги 19 дона қувур арматураларини харид қилишни тезлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Бундан ташқари, углеводородлар захираларини ошириш ва қайта тиклаш Дастури доирасида саноат миқёсида табиий газ оқими олинган “Шағирлик” конидаги 3 та қудуқни ишлатиш билан кондан газ қазиб чиқаришни йўлга қўйиш учун “Шарқий Бердақ” комплексигача диаметри 168 мм лик 17,3 км узунликдаги газ қувурини қисқа фурсатларда ишга тушириш кераклиги билдирилди.

Бунинг учун ички имкониятдан келиб чиқиб зарур қувурларни ажратиш ҳамда қурувчи ташкилот билан шартнома асосида ушбу қувурнинг қурилиш-монтаж ишларини олиб боришни жадаллаштириш бўйича тегишли департамент бошлиқлари ва бошқарма раҳбариятига топшириқлар берилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Эслатиб ўтамиз, Бошқармада 2022 йил давомида табиий газ қазиб чиқариш режа кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган жами 74 та геолого-техник тадбирлар амалга оширилади, бунда 25 та янги газ қудуқлари бурғилашдан ишга туширилади, 44 та мавжуд газ қудуқларида капитал таъмирлаш ва интенсификация ишлари олиб борилади ҳамда 5 та технологик объект ишга туширилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизматиⓉ

Мавзуга оид