Жаҳон | 20:07 / 03.04.2022
84334
9 дақиқада ўқилади

«Украина – Россия эмас». Наталья Поклонская шов-шувли интервью берди

2014 йил Россия назоратига ўтган Қримнинг собиқ прокурори Наталья Поклонская россиялик журналист Катерина Гордеевага интервью берди. Россияда ҳамон сиёсий лавозимни эгаллаб турган Поклонская Украинадаги уруш ҳақида саволларга жавоб қайтарган. Унинг аксар айтган фикрлари Россия расмий позициясига зид ва собиқ прокурор бундан қўрқмаслигини айтган.

  • Маълумот учун: Наталья Поклонская 1980 йил 18 март куни Украинанинг Луганск вилоятида туғилган. 2012-14 йилларда Украина бош прокуратурасида катта прокурор вазифасида ишлаган. 2014-16 йилларда Россия назоратига ўтган Қрим автономиясида (кейинчалик республикаси) прокурор бўлган. 2016-21 йилларда Россия Давлат думасида депутат бўлиб фаолият олиб борган. ОАВ маълумотига кўра, Кремлга нисбатан танқидий қарашлари сабаб 2021 йил октябрда Россиянинг Кабо Вердедаги элчиси лавозимига ўтказилган. Аммо кейинчалик шахсий сабаблар билан бу вазифани қабул қилмаган. 2022 йил февралидан «Россотрудничество» давлат агентлиги раҳбарининг ўринбосари. Украинада давлатга хиёнатда айбланиб, қидирувга берилган.

«Ватаним Украина»

Суҳбат аввалида журналист Поклонскаядан видео қандай рангдаги фонда кетишини хоҳлаши ҳақида сўраган. Собиқ прокурор Украина байроғидаги ҳаворангни танлаб, бу тинчлик рамзи эканини айтган.

Поклонская 2014 йилги Қримда бўлиб ўтган референдумдан кейин ҳозиргача қўриқчи билан юриши, чунки ҳаётига бир неча марта таҳдид бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бир марта уйини портлатиб кетмоқчи бўлишган.

Поклонская суҳбат давомида Россия фуқароси экани, аммо украин миллатига мансуб эканини таъкидлаган: «Мен Россия фуқаросиман, лекин украинман. Ватаним – Украина, нега буни тан олмаслигим керак? Буни айтишимдан кўпчилик ҳайрон қолади, айниқса ура-урачи ватанпарварлар. «О, Поклонская украин эканини тан олди», деб бақиришади. Нима, мен испанманми? Рус ёки украин деб миллат ажратиш тўғри эмас».

«Украина бу – Россия эмас»

Поклонскаянинг айтишича, охирги 8 йил давомида Украинада жамият ўзгарган. Журналист суҳбатдошга шундай савол билан мурожаат қилган: «Россия Украинага кирганда украиналиклар улар нацизмдан қутқаришга келишди, деб россиялик ҳарбийларни хурсанд бўлиб кутиб олади, деган гаплар бўлганди. Кўриб турибмизки бундай бўлмади».

Поклонская бу ҳақида эшитганини айтиб, шундай жавоб берган: «Биласизми, Украина бу – Россия эмас. У ерда жамият бошқача яшайди. Охирги саккиз йилда улар ўз жамиятини яратган. Мен бу саккиз йил давомида Украинада яшамадим, аммо одамлар ўзлари тузган жамиятда, ўзлари тўғри деб билган жамиятда яшамоқда.

Масалан, мендан бир йил ёки бир ой аввал [Украинага кирган рус армиясини] украиналиклар гул билан кутиб оладими, деб сўрашса, йўқ деб жавоб берардим. Чунки у ердаги жамият чиндан бошқача. Шу сабаб украиналиклар баъзи нашрларда ёзилгани каби гул билан кутиб олмаганини тушунаман. Бизда эса (Россияда) бу ҳақда ғалати гаплар айтилмоқда».

«2014 йилгача ҳаммаси жойида эди»

Гордеева: Россия Украинани миллатчилардан тозалаш учун борганини айтишмоқда, сиз бунга нима дейсиз? Украинада чиндан миллатчилик кайфияти борми?

Поклонская: 2014 йилдан кейин Украинада миллатчилик кайфияти қандай ўзгарганини билмайман, чунки бу вақт давомида у ерда яшамадим, лекин 2014 йилгача ҳаммаси жойида эди. Фақат Майдан воқеаларини айтиш мумкин. Унда провокаторлар қатнашишди. Ҳа, бу миллатчиликнинг юқори кўриниши. Аммо миллатчилик ҳар қандай жамиятда бўлиши мумкин. Асосийси, бу миллатчилик чегарадан чиқмаслиги керак.

«Украинада мени душман деб эълон қилишган, лекин барибир украинларни яхши кўраман»

Поклонскаянинг айтишича, Украинада у ҳақида нима дейишларидан қатъи назар украиналикларни ўз миллатдоши деб билади ва уларга имкон қадар ёрдам беради. Собиқ прокурорнинг айтишича, ўз ташаббуси билан Украинага дори-дармон воситалари юбормоқда.

«Украинада мендан душман ясаб олишган, лекин мен барибир украинларга ёрдам беришда давом этаман, чунки уларни яхши кўраман. Ўзимни украин миллатининг бир қисми деб биламан. Ҳозир бўлаётган воқеалар шунчаки фожиа, бундай вақтда қўлимдан келадиганини қилиб украиналикларга ёрдам юборяпман. Уларни ўзим ҳам беролмайман, чунки мен билан учрашиш тақиқланган.

Ҳозир «Россотрудничество» агентлиги ходими сифатида инсонпарварлик юклари юбориш билан шуғулланяпман. Бу ҳақда ҳеч ким менга кўрсатма бергани йўқ, ўзим ташаббус қилдим. У ерда одамлар қийналмоқда, уларнинг ҳаммаси ҳам бандерачилар эмас, уларга ёрдам бериш керак», деган Поклонская.

«Януковичга овоз бермаганман»

Поклонскаянинг айтишича, Майдан воқеаларидан норози бўлган: «Мен ҳам коррупциясиз ҳаётда яшашни, ҳаммаси ўзгаришини истардим, лекин бу тарзда ўзгартиришни эмас. Тартибсизликлар бошланган вақтда давлат назоратни қўлига олиши керак эди. Мен ҳеч қачон овоз бермаган бўлсам ҳам, Янукович президент эди. Мен шундай тушунаман: қонунчилик барчасини назорат қилиши шарт».

«Қрим ўз танловини амалга оширди»

Поклонскаянинг айтишича, Қримнинг Россия таркибига қўшилиши қримликларнинг ўз танлови бўлган: «Ҳозирги воқеаларни Қримдаги референдум билан боғламаган бўлардим, чунки унда ҳаммаси тинч бўлган, одамлар ўз фикрини айтган. Киев бизга қилган ишларидан келиб чиқсак, ўшанда референдум ягона чиқиш йўли эди».

«Уруш бўлмасин» деган суратни жойлаганим учун мени экстремистга чиқаришди»

Поклонскаянинг айтишича, Россия ҳукуматида айтилаётган позицияга зид сўзларни айтаётганини билади. Унинг сўзларига кўра, Украинага гуманитар ёрдам юбораётганда болалардан бири чизган суратга кўзи тушган. Унда «Уруш бўлмасин» деб ёзилган. Поклонская бу суратни ўз саҳифасига жойлаган. Шу сабаб Россия тергов қўмитасига унинг устидан ариза тушган. «Шу суратни жойлаганим учун мени экстремист деб аташди», дейди собиқ прокурор.

Зеленский ҳақида

Поклонскаянинг айтишича, Владимир Зеленский билан шахсан таниш эмас ва у билан фақат прокуратурада ишлаётган вақтида концертда кўришган. Собиқ прокурор Зеленскийнинг қилаётган ишлари ҳақида гапирар экан, у аввало инсонлар ҳаётини ўйлаши кераклигини айтган: «Ҳа, Европада уни қаҳрамон деб кўрсатишмоқда, лекин мен аввало инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ҳақида ўйлаган бўлардим. Ҳар қандай нарса эвазига».

Поклонская Зеленский Россия томонидан илгари сурилаётган талабларга розилик билдириши кераклигига ишора қилган. «Халқ уни тушунган бўларди», деб қўшимча қилган суҳбатдош.

Поклонская интервью давомида икки марта кетма-кет уруш сўзини ишлатгач, ҳазил қилишга ҳам улгурди: «Узр, бу сўзни ишлатиш мумкин эмас-ку, махсус ҳарбий амалиёт», деб кулган собиқ прокурор. Россияда мамлакатнинг Украинадаги ҳаракатларини уруш деб аташ тақиқланган.

Поклонская депутатлик фаолияти ҳақида ҳам гапирар экан, Россияда улар ғалати ҳолатда ишлашига тўхталган: «Депутатлар бир қарашда эркин ишлашади, лекин бирор қонун қабул қилиниши керак бўлса, у қабул қилинади. Ҳа, мен абортлар тўғрисидаги қонун лойиҳасига, пенсия ислоҳоти тўғрисидаги лойиҳага қарши овоз берганман. Чунки шундай деб ҳисоблаганман. Балки мен туғма депутат эмасдирман. Ҳозирги ҳолатда ҳам шундай. Мен бундай бўлишини истамайман», деган Поклонская.

«Мен байрам қиладиган ҳолатда эмасман»

Журналист Поклонскаядан 2022 йил 18 март куни нима қилганини сўраган. Ўша куни Москвадаги «Лужники» стадионида Владимир Путин иштирокидаги Қрим қўшиб олинганининг 8 йиллиги муносабати билан Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини қўлловчи шоу-концерт ўтказилганди: «Йўқ, мени у ерга таклиф қилишмади. Ўша куни менинг туғилган куним эди. Бирга ишлайдиган дўстлар билан тушлик қилдик, у ерда ресторан ходимлари совға сифатида торт олиб келишди. Кейин уйга бордик, оддий кунни ўтказиб ухладик. Бўлиб ўтаётган воқеалар вақтида туғилган кунимни ҳам, бошқа қандайдир санани ҳам нишонлайдиган ҳолатда эмасман», деди Поклонская.

Мавзуга оид