Жамият | 19:36 / 05.04.2022
6675
3 дақиқада ўқилади

Мактабларда интернет тезлигини ошириш ва алоҳида имтиёзли тарифларни тасдиқлаш топшириғи берилди

Президент Шавкат Мирзиёев сешанба кунги видеоселектор йиғилишида вилоят ҳокимларига юқори коэффициентли 120 та мактабда ўқиш шароитини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш топширилди.

Улар 1 августга қадар 960 та мактабни компьютер синфи билан таъминлаш, 740 тасини жиҳозлаш ишларини якунлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Умуман, 5,5 мингта компьютер синфларини янгилаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Бунга республика бюджетидан 200 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан ҳам 200 миллиард сўм йўналтирилади.

Мутасаддиларга янги ўқув йилидан бошлаб кичик мактабларда интернет тезлигини секундига 40 Мегабит, катта мактабларда эса камида 100 Мегабит бўлишини таъминлаш, мактаблар учун алоҳида имтиёзли тарифларни тасдиқлаш топширилди.

Шунингдек, давлат раҳбари мактаблардаги тарбия масаласига тўхталди.

«Мактабларда давлатдан маош оладиган 15 мингга яқин маънавиятчилар бор.

Лекин, ўқувчиларнинг тарбияси, Ватанга муҳаббат ёки ота-онага ҳурмат руҳини шакллантиришда, айтингчи, қайси туман мактаби намуна бўлди? Ҳали бундай мактаблар йўқ. Қани мактаб сиёсати?» дея савол қўйди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан бир ой муддатда «қизил» тоифага кирган 1 минг 526 та мактабни жойида ўрганиб, ҳар бири бўйича алоҳида йўл хариталарини тасдиқлаш вазифаси қўйилди.

Мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш бўйича мутлақо янги концепция ишлаб чиқилади. Унда:

  • энг аввало, ўқувчиларда ёшлигидан ўзининг маҳалласи ва қишлоғи ҳаётига бефарқ бўлмаслик ҳамда Ватанга муҳаббат;
  • оила, ота-она ва устозларга ҳурмат;
  • илм ва билим, ҳаракат ва интилиш орқали катта марраларни эгаллаш мумкинлигини тушунтириш ҳамда замонамиз қаҳрамонларининг босиб ўтган йўлларини кенг тарғиб қилиш назарда тутилиши керак. 

Мактаблардаги маънавиятчиларга талабларни қайта кўриб чиқиб, бу лавозимни маҳалла ва жамоада обрўси бор кадрлар билан тўлдириш кераклиги, мактабларда илм ва санъат вакиллари, зиёли ва нуронийлар, илғор тадбиркорлар, кластер ва саноат корхоналари раҳбарлари билан доимий учрашувларни ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Бунга ижтимоий тармоқлардаги мактаб ўқувчилари орасида обуначиси энг кўп бўлган машҳур санъаткор, спортчи, актёр, блогерларни ҳам фаол жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, намунали ўқувчининг ота-онасига миннатдорчилик хати ва совғалар топшириб боришни тизимли йўлга қўйиш кераклиги, ҳар чоракда энг намунали ота-оналарни рағбатлантириб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш муҳимлиги айтилди.

Мавзуга оид