Таълим | 07:58 / 06.05.2026
2007
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги айрим мактабларда давомат «ақлли» камералар орқали назорат қилинади

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги айрим мактабларда синов тариқасида ўрнатилаётган «ақлли» камералар давоматни назорат қилиш жараёнини самарали ташкил этишда қўшимча восита сифатида қўлланилмоқда.

Тошкентдаги айрим мактабларда давоматни «ақлли» камералар орқали назорат қилиш бошланди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу ҳақда ижтимоий тармоқларда муҳокамалар кўпайгач, тартиб амалда қандай йўлга қўйилгани ҳақида маълумот берди.

Қайд қилинишича, ўқувчилар давомати ҳар куни синф раҳбарлари ва фан ўқитувчилари томонидан «e-maktab» платформаси орқали белгилаб борилади.

Шунингдек, сабабсиз дарс қолдирган ўқувчилар бўйича мактабда фаолият юритувчи инспектор-психолог томонидан ота-оналарга расмий огоҳлантириш хати юборилади. Унда фарзанднинг дарсга мунтазам қатнашини таъминлаш талаб қилинади ва бу мажбурият бажарилмаса, қонуний жавобгарлик юзага келиши мумкинлиги билдирилади.

Вазирликка кўра, ўқувчиларнинг дарсга мунтазам қатнашмаслиги ҳолатлари аниқланганда, ота-оналар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан жавобгарликка тортилиши мумкин.

Маълум қилинишича, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги айрим мактабларда синов тариқасида ўрнатилаётган «ақлли» камералар давоматни назорат қилиш жараёнини самарали ташкил этишда қўшимча восита сифатида қўлланилмоқда.

Бу тизим мактаб маъмуриятига ўқувчиларнинг дарсларда иштирокини кузатиш имконини бериши, шунингдек, ота-оналарга фарзандларининг мактабдаги ҳолатини онлайн назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлашда ёрдам бериши таъкидланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид