Жаҳон | 21:23 / 05.04.2022
13656
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ТИВ раҳбари: «ЛХР ва ДХРни тан олмаймиз»

Фото: gov.kz

Қозоғистон президент администрацияси раҳбари ўринбосари Темур Сулейманов Euractiv нашрига берган интервьюсида мамлакатнинг Украинадаги воқеалар ва Россияга қарши санкциялар бўйича расмий позициясини билдирган. Буни Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди тасдиқлади.

«Ҳа, биз айни дамда ЛХР ва ДХРни тан олмаймиз. Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан қўлланаётган санкциялар Россияга қаратилган, биз бу санкцияларга қўшилмаймиз», деган Қозоғистон ТИВ раҳбари. Унинг айтишича, Темур Сулеймановнинг гаплари мамлакат расмий позициясини ифода этади.

Шу билан бирга, Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг айтишича, мамлакат Россия санкцияларини айланиб ўтадиган майдонга айланмаслиги керак: «Қозоғистон учун икки нарса муҳим: санкциялар Қозоғистон иқтисодиётига салбий таъсир қилмаслиги ва мамлакат ҳудудидан бу санкцияларни айланиб ўтиш учун фойдаланмасликлари», деган ТИВ раҳбари.

Қозоғистон президент администрацияси раҳбари ўринбосари Темур Сулейманов Брюсселга ташрифи давомида Euroactiv нашри мухбирининг саволига жавоб берар экан, мамлакат Ғарбнинг санкцияларига учрашни истамаслигини айтганди. «Ҳа, биз Россия, Беларусь ва бошқа давлатлар билан битта иқтисодий иттифоқдамиз, аммо биз халқаро ҳамжамиятнинг ҳам бир қисмимиз. Шу сабаб Европа Иттифоқи ва АҚШнинг иккиламчи санкцияларига учрашни истамаймиз», деб Сулеймановнинг сўзларини келтирган Mk.kz.

Сулейманов Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини, Қрим ва Донбасс мақоми бўйича БМТ позициясини қўллашини айтган. «Биз Қримда ва Донбассда бўлган ҳодисаларни тан олмаймиз, чунки уларни БМТ тан олгани йўқ», деган Қозоғистон ҳукумати вакили Сулейманов.

Мавзуга оид