Ўзбекистон | 08:34 / 06.04.2022
5320
4 дақиқада ўқилади

Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш бошланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Getty Images

Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 1 августга қадар қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ адвокатлик фаолиятини лицензиялаш “Лицензия” ахборот тизими ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилишини таъминлайди.

Низомга кўра, адвокатлик фаолиятини лицензиялаш: фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш; маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш ихтисосликлари бўйича амалга оширилади.

Ихтисослик фақат фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишларини юритишда адвокатлар томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатишда талаб қилинади.

Адвокат танланган ихтисослик йўналишларидан қатъи назар ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар бериш, ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузиш, давлат органларида (суд органларидан ташқари), жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир адвокат тегишли ихтисосликни мустақил танлаш ва у бўйича белгиланган тартибда малака имтиҳонини топшириш ҳуқуқига эга.

Талабгор лицензия олиш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни “Лицензия” АТ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон шаклда юборади. Аризалар “Лицензия” АТ ёки ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда навбатдаги иш куни аризаларнинг лицензияловчи органга тушган ва лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (белги) автоматик равишда “Лицензия” АТ ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборилади. Талабгор лицензия олиш учун тақдим қилган аризасининг кўриб чиқилиш ҳолатини “Лицензия” АТ орқали онлайн кузатиб бориши мумкин.

Танланган ҳар бир ихтисослик бўйича малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор адвокатлик фаолияти учун лицензия олиш учун уч ой ичида мурожаат қилиши керак. Бу муддатни ўтказиб юборган талабгор лицензия олиш учун қайта малака имтиҳонини топширганидан кейингина мурожаат қилиши мумкин.

Адвокатлик фаолияти учун лицензия бериш талабгорнинг доимий рўйхатга олинган жойидаги лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади. Лицензия Ўзбекистон бутун ҳудудида амал қилади ва унинг амал қилиш муддати чекланмайди.

Талабгор лицензия олиш учун қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак: Ўзбекистон фуқароси бўлиши; олий юридик маълумотга эга бўлиши; юридик мутахассислик бўйича камида икки йил иш стажига эга бўлиши; адвокатлик тузилмасида камида уч ой стажировка ўтаган бўлиши (давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида, судья, терговчи, суриштирувчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил юридик мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлган шахслар бундан мустасно).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид