Иқтисодиёт | 13:35 / 06.04.2022
15987
2 дақиқада ўқилади

Экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарган ёш тадбиркорларга 500 минг долларгача кредитлар ажратилади

Президент “Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фото: Kun.uz

Ёшлар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, инновацион технологияларга асосланган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятини рағбатлантириш мақсадида ҳукумат комиссияси қарорига асосан Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан уларга 500 минг АҚШ долларигача кредитлар ажратишга рухсат берилди.

“Божхона омбори” режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашни тақиқловчи тартиб бекор қилинди.

Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси:

икки ҳафта муддатда экспорт қилишда ташиш харажатларини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиладиган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар рўйхатини тасдиқлайди ва унинг Экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашнинг ягона порталида (www.exportportali.uz) эълон қилиб борилишини таъминлайди;

Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатади.

Ҳукумат комиссиясига маҳаллий экспортчи корхоналарнинг мурожаатларига асосан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайтариш муддатини яна олти ойгача узайтириш ваколати берилди.

Бунда, ушбу кредитларни қайтариш муддатининг ўзгартирилиши Марказий банк томонидан кредит шартлари қайта кўриб чиқилган активлар сифатида ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид