Ўзбекистон | 18:42 / 06.04.2022
7019
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда солиқ бошқармасининг тадбиркорга 649 миллион сўм жарима қўллаш тўғрисидаги қарори суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилди

Аввал Қарши туманлараро суди, сўнг аппеляция тартибида вилоят маъмурий суди вилоят солиқ бошқармасининг тадбиркорга 649 миллион солиқ суммасини ҳисоблаш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топган.

Бизнес омбудсманнинг Қашқадарёдаги вакилининг Kun.uz’га хабар беришича, Қарши шаҳрида фаолият юритувчи “Келажак” МЧЖ ўтказилган солиқ текширувидан норози бўлиб, бизнес омбудсман девонига мурожаат қилган.

Мурожаатда маълум қилинишича, вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 5 июлдаги буйруғи билан “Келажак” МЧЖ фаолиятида солиқ аудити текшируви ўтказилган.

Ўтказилган текшириш натижаси юзасидан 2021 йил 14 сентябрда бошқарма томонидан тадбиркорга 649 миллион 145 минг 900 сўм қўшимча солиқ тўловлари ҳисобланган. Ҳисобланган қўшимча солиқ тўловлари МЧЖ ҳисобрақамидан ундириб олинган.

Тадбиркорнинг мурожаати асосида ўрганиш олиб борилганда вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган солиқ текширувида мавжуд талабларга риоя қилинмагани ҳамда қўшимча солиқ тўловлари амалдаги қонунчилик ҳужжатларини нотўғри талқин қилган ҳолда ҳисоблангани аниқланган.

Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан “Келажак” МЧЖ томонидан бошқарманинг жарима ва қўшимча солиқ ҳисоблаш тўғрисидаги қарори бўйича судга мурожаат қилинган.

Ўтказилган суд мажлисларида бизнес омбудсман девони ходимлари томонидан тадбиркор манфаати ҳимоя қилиниб, текшириш давомида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан судга маълумотлар тақдим қилинган.

Қарши туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 28 январдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармасининг тадбиркорга жарима ва қўшимча солиқ ҳисоблаш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Шундан сўнг вилоят солиқ бошқармаси ушбу қарор устидан вилоят маъмурий судига апелляция тартибида даъво аризаси киритган. Вилоят маъмурий судининг 2022 йил 4 апрелдаги қарори билан Қарши туманлараро судининг тадбиркор фойдасига чиқарилган қарори ўз кучида қолдирилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид