Жамият | 21:21 / 06.04.2022
12699
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда товламачилик йўли билан мансабдор шахсдан пул ундирмоқчи бўлган сохта “блогер” ушланди

У мансабдор шахсдан товламачилик йўли билан 15 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, Нарпай туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган Н.Х., туман ҳокимлиги мансабдорларидан моддий маблағ ундиришни мақсад қилиб, уларнинг фаолияти хусусидаги асоссиз ва нохолис материалларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш йўли билан таҳдид қилган. Сўнг ушбу материалларни тарқатмаслик эвазига 15 миллион сўм миқдоридаги пулларни товламачилик йўли билан талаб қилган.

2022 йил 6 апрель куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Н.Х. мансабдор шахсдан товламачилик йўли билан 15 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга оид жиноят ишини кассация тартибида кўриб чиқиб, унга нисбатан чиқарилган аввалги ҳукмни ўзгаришсиз қолдирганди.

Мавзуга оид