Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Premium Pro иши: ваъдалар, сирлар ва хонавайрон бўлаётган одамлар (2-қисм)
Икромжон Тожиддинов асос солган молиявий схема кўплаб одамлар ҳаётини ўзгартирди. Аммо яхши томонга эмас. Компания вакиллари тармоқли маркетинг усулида атир сотишини айтиб келади. Бонуслар олиш орқали тезда бойиб кетиш ваъдаси билан содда одамлар қўлтиғи пуч ёнғоққа тўлдириляпти. Компания лидерлари одамларни алдаш учун ҳатто президент номидан фойдалангани маълум бўлди.
“Иғво ва туҳмат”
Kun.uz “уйнинг подшоҳи кимлиги” ҳамда “бир доллар тикмасдан бизнес юритиш” ҳақидаги гаплари билан танилган Икромжон Тожиддиновнинг Premium Pro компанияси ҳақида суриштирув эълон қилганди. Икромжон Тожиддинов Kun.uz келтирган далилларни иғво ва туҳмат деб атади.

Аммо Kun.uz суриштируви эълон қилингач, Тожиддинов унда мурожаати келтирилган икки кишига етказилган зарарни қоплаб берди.
“Ҳаммаси мошенник”
Kun.uz суриштирувидан сўнг Икромжон Тожиддиновнинг компаниясига бир-икки киши эмас, кўплаб одамлар алданаётгани маълум бўлди. Таҳририятга Premium Pro бўйича ўнлаб мурожаатлар келди. Kun.uz уларнинг айримларига микрофон тутди.
“2023 йил август ойида Premium Pro компаниясига бир танишим орқали ҳамкор бўлиб кирдим. 8 ой иш фаолиятимни бошламадим. Ўзимнинг ишим, касбим яхши эди. Ҳамшира эдим, уйда новвойхонам ҳам бор эди.
Унга қизиқмадим, кейин булар ўз ҳолимга қўймади: Марзия, Фотима ва Дилафрўз ҳар куни ишхонамга бораверди. Хўп дедим, бир-икки орқамдан одам олиб қўяверганимдан сўнг бинар пуллар тушавергач, қизиқтириб қўйишди.
Менга ишонганлар кўп эди, ортимдан жуда кўп киши кирди. Бирдан Дубай саёҳати олдим. Аммо бу саёҳатнинг пулини ҳам ололмадим. Марзия Абдилова “сиз лидерсиз, командангизга кўрсатишингиз керак”, дея ўзининг номига кредит олиб, мени Мисрга олиб кетди. Шунчалик гипноз қилиб ташлади. Мен ойма-ой унинг номидаги кредитни тўлаганман.
Кейин “опа, командангиз катта, фокусингизни бир жойга қаратинг, сиз ишингиздан бўшанг”, дея ишдан ҳам бўшатишди. Мен унга қул бўлиб ишласам, у натижага чиқиб кетавераркан...
Гала “мошенник”, бизни ҳам “мошенниклар” сафига тиқди. Акционер бўлсангиз 20 минг “кўкида” олиб ўтирасиз, дея уйимни гаровга қўйдириб, кредит олдиртиришди.
Бизлар пул тиккандан сўнг улар натижага чиқишса, топган пулларини бизнинг ортимиздан тикишлари керак эди. Келишув шунақа бўлганди. Командам билан 600 миллион сўм сарфлаганмиз. Ўша пулга бешикдаги чақалоқларгача қўйдик биз (Premium Pro’да рўйхатдан ўтиб очилган жой назарда тутилмоқда - таҳририят). Буни Икромжон билди. Мана, ёлғончилиги шундан ҳам маълум”, дейди мурожаатчи Саида Жуманова.

Қашқадарёлик яна бир аёл эса кредитга пул олиб, Икромжон Тожиддиновнинг атир бизнесига тикканини, аммо бир сўм фойда кўрмаганини айтмоқда.
“Ҳамшираман. Қўшимча даромад қилиш учун бозорга савдога чиққан вақтимда Дурдона Баратова исмли аёл олдимга келиб, Premium Pro’ни таклиф қилаверди. Сўнг қизиқиб, 2025 йил апрел ойида ҳамкорликка кирдим.
Аввалига Марзия устоз пакетларга қизиқтирди. Бирдан 600 долларликка кирдим. Қизим 300 долларликка кирди. Ҳаммаси бўлиб 10 млн сўмга аъзо бўлдим. 600 долларни Марзия устоз санаб олди.
Бу орада қизиқмай, бозорга савдога чиқиб кетдим. Сентябр ойида Дурдона Баратова яна келиб, “бозорингизни йиғиштиринг, ишлайлик”, деди. Мен барибир одам тополмайман, дедим. Кейин улар “шунча берсангиз, март ойигача машиналар оламиз”, деб пул таклиф қилишди.
Мен қизиқиб 30 млн сўм пул бердим. Ўғлим, турмуш ўртоғим, опа-сингилларим ва жиянларимни кетма-кет тиқишди. Кейин кетидан бегоналар бўлиб кетаверди. Қўлимда 10-12 киши бўлди. Ўша 30 млн сўмни кредитга олиб бергандим. Ойига 1,5 млн сўмдан тўлаб келдим. Ҳозиргача 15 млн сўм бўлди, тўлаб юрибман. Premium Pro’га кирганимдан бери бирор марта даромад олганим йўқ”, дейди у.

Жума бобонинг пули қаерда?
Компания лидерлари ҳатто нуронийларни ҳам қисқа фурсатда мўмай даромад ваъдаси билан чув туширмоқда. Масалан, улар Косон туманида яшовчи 72 ёшли Жума бобо Ражабовни ҳамкор сифатида таклиф қилиб, пулини олишган.
Жума бобо шундай дейди:
“Атир учун эмас, бизнес бўйича кирганман. Оиламдагиларни ҳам қўйганман. Лекин ҳеч қандай натижа йўқ, тўхтаб қолди. Энди нима қилишни ҳам билмай турибман. Қийналганман.
Қўшилганимга бир йилдан ошди. Тиккан пулларим ҳаммаси 60-70 млн сўм бўлиб қолди. Биринчи ўзим кирдим пенсиядан. Кейин ўғлимни киргиздим, қизимни киргиздим. Мол сотиб, пул топиб қўшдим. Бир марта 400 минг сўм, бир марта 800 минг сўм пул олдим. Қолганлари ўзига ўзи, одам кирганда қўшилиб кетган. Ҳозир ҳам бир кишидан 4 млн сўм қарзим бор, бўйнимда турибди, нима қилишимни билмай турибман”.
Kun.uz’да мавжуд бўлган видеоларда кўринишича, пулни Premium Pro лидери Саида Жуманова санаб олган. Аммо у олган пулларини Марзия Абдиловага берганини айтмоқда.
“Пулни Марзия Абдиловага берганман. Пулни ҳаммамиз нақд сумкалаб, шунга олиб келиб берганмиз, у бонус олиб берган. Агар унга бермасак, ҳеч ким бизга бонус бермайди”, дейди Саида Жуманова.

Марзия Абдилова эса Жума бобо Ражабовнинг пулини олганини рад этиб, Саида Жуманова бу пулларни компанияга бермаганини таъкидлаяпти:
“Жума бобонинг пулини мен қўлимга ушламаганман, ҳатто у кишига таклиф ҳам бермаганман. У киши ҳамкор бўлиб ишлаётганди, лекин пулларини бизга келтириб берган жойи йўқ. Жума бобо пул берган, лекин менга эмас, Саида Жумановага олиб келиб берган”.

Ҳолатни кўрдингиз: компаниянинг икки лидери айбни бир-бирига тўнкамоқда, аммо пулнинг олингани факт. Икки ўртада эса отахон шунча пулга чув тушиб ўтирибди. Аслида, мўмай даромад ваъдаси билан Premium Pro компаниясига чув тушиб қолган фақатгина Жума бобо Ражабов эмас, бундайлар яна бор.
Ўйин ичидаги ўйин
Саида Жуманованинг айтишича, компания 345 долларга сотган атирларини ўзи қайтариб 250 минг сўмдан сотиб олган.
“Маҳсулот олдик, аммо қўлимизга тегмади. Унча маҳсулотни нима ҳам қиламиз?! Унга олиб борсангиз ҳам ҳиди йўқ дейди, бунга олиб борсангиз ҳам. 345 долларлик маҳсулотни 250 минг сўмдан қайтариб олди. Демак, Франциядан атир келмас экан, бизнинг атирларни айлантириб ётибди булар. Бизларга керак бўлмаган атир уларга керак бўлгач нима қилади, янги ҳамкорларга тарқатади-да. Ўзимизнинг атир айланиб ётибди. Чунки биз атир олмадик, фақат имзо қўйиб берганмиз, омборнинг ўзида қолган”, дея таъкидлайди у.
Лидернинг гапини оддийроқ қилиб тушунтириб берамиз. Premium Pro компанияси атир маҳсулотини тармоқли маркетинг орқали сотишини, бу ишлари молиявий пирамида эмаслигини даъво қилади. Янги ҳамкор бу тармоқли маркетингга қўшилиш учун нархи турлича бўлган атир тўпламларидан бирини харид қилиши керак бўлади.
Тарғиботчиларнинг осон даромад ва кутилмаган фаровон ҳаёт ҳақидаги чўпчакларига ишонган одамлар миллионлаб пулини шунга тикади. Уларнинг мақсади атир хариди эмас, мўмай даромад олиш бўлади. Шу тариқа, Дубайдан арзон пулга келган атир қиммат нархда ўтказилади.
Айтайлик, 50 млн сўм тиккан одам шунча пулга сотиб олган атирни нима қилади? Қайтариб сотади. Кимга дейсизми? Айнан Premium Prо компаниясининг ўзига.
Компания 345 долларга сотган атирини 250 минг сўмга қайтариб сотиб олган ва бошқаларга яна қиммат нархда сотган. Бу иш компаниянинг Қашқадарё вилоятидаги маҳсулот тарқатувчиси Умрбек Қиличев томонидан амалга оширилган.
Сотилган атирлар қайтариб 250 минг сўмдан сотиб олинганини Марзия Абдилова ҳам, компаниянинг Қашқадарё вилояти бўйича маҳсулот тарқатувчиси Умрбек Қиличев ҳам тасдиқлади.
“Кўчага арзон сотса, бизга минус бўлади-да. Кимгадир пул зарур бўлиб қолса, олиб келган маҳсулотини офисга ташлаб кетган. Пул олиб кетганда ўрнига маҳсулот ташлаб кетган жойи бор”, дейди Марзия Абдилова.
Умрбек Қиличевнинг ўзи ҳам маҳсулотни қайтариб сотиб олганини рад этмади. Фақат атирни ўзи сепиши учун сотиб олганини маълум қилди.
“Ҳозир менинг бўйнимга 250 минг сўмдан олди деган жойи бўляпти. У менинг эҳтиёжимдан келиб чиққан ҳолатда. Мен ишлатишим керак бўлган, ёққан нарсани чўнтагим кўтарган нархда айтаман”, дейди Умрбек Қиличев.

Бу молиявий пирамида эмасми?
Ўзбекистонда тармоқли маркетингга рухсат берилганми? Кўпчилик бу саволга, “ҳа, ана шунчаси ишлаб ётибди-ку”, дея жавоб беради.
Тўғри, Ўзбекистонда тармоқли маркетинг фаолияти мумкин, бироқ айрим талаблар бор. Тармоқли маркетинг ва молиявий пирамида ўртасидаги ўта нозик чегарани кўрсатувчи бу талаблар ҳукумат қарори билан тасдиқланган чакана савдо қоидаларида белгилаб қўйилган.
Масалан, аъзолик бадали сифатида тўлов ундиришга йўл қўйилмайди. Бироқ Premium Pro’да 250 долларлик атир янги ҳамкорга 300 долларга ўтказилган. Бунда 50 доллар маблағ харажатларга дея олинган.
Ҳукумат қарорида яна бир муҳим талаб келтирилган: тармоқли маркетингни амалга оширишда сотувчи агент томонидан бошқа сотувчи агентларни жалб этиш тўғрисида талаб белгиланишига йўл қўйилмайди.
Яъни сотувчи агент маҳсулотни кимгадир сотди. У шундан бонус олади. Занжир шу ерда тугайди. Сотувни ва ундан олинадиган бонусни пирамида кўринишига келтириш мумкин эмас. Premium Pro лидери янги қўшилаётган одамга “кетингдан шунча одам қўшсанг, бунча даромад оласан”, дейиши белгиланган талабларга зид бўлади.
“Diamond Lider дегани катта команда эгаси ва 3-автобонус соҳибаси дегани. Бизда 9 та лавозим бор, шунинг 8-чисига чиққанман. Мен ўша лавозимга чиққанимда икки томонимда камида 10 минг нафардан ҳамкор бор дегани”, дейди лидер Дилобар Қиёмова.

Бундан кўринадики, Premium Pro схемасида молиявий пирамида унсурлари бор: даромад қуйида одам тўпланишига боғланган.
Президентдан “иқтибос”
Premium Pro компанияси одамларни алдашда ҳатто давлат раҳбари суратидан фойдаланган. Улар компания офисига президент сурати акс этган баннер илиб, унга гўёки иқтибос маъносини бериб, “тармоқли бизнес ҳалол бизнес экани” ҳақидаги гапларни ёзиб қўйишган. Бу орқали офисга келувчиларга гўёки шу гапларни давлат раҳбари айтгандек кўрсатишга ҳаракат қилишган.
Марзия Абдилова кейинроқ бунинг хато эканини пайқаб қолиб, баннерни олиб қўйишганини айтди.
Аслида, 2012 йилдаёқ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан чакана савдо қоидаларига тармоқли маркетингга оид қўшимчалар киритилган.
Ушбу ҳужжатда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ ва Божхона қўмиталари, департамент, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига республика ҳудудига товарларни ноқонуний етказиб бериш, тармоқли маркетинг шаклида сотилишини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик ишларини кучайтириш, мақсади молиявий пирамидалар яратиш, паст сифатли товарларни сотиш орқали аҳоли ҳисобидан бойиш ҳисобланган тармоқли маркетинг шаклидаги фаолиятни ноқонуний амалга ошириш билан боғлиқ салбий оқибатлар тўғрисида аҳоли орасида тарғибот олиб бориш топширилган.
“Пулларни Икромжон олиб қоларди”
Premium Pro компанияси ҳамкорларга 4 та даражада бонусларини таклиф этган. Булар реферал, бинар, матер ва люкс бонуслар.
Люкс бонусдан саёҳатлар, автобонус, 5 фоиз акционерлик ўрин олган. Компаниянинг 5 фоизлик акционерига айланиш учун ҳамкорнинг чап ва ўнг қўлида тўпланган жамоаси 1 млн долларлик атир сотиши керак бўлади.
Premium Pro’да 6 киши шундай натижани қайд этгани айтилади. Kun.uz шулардан бири билан суҳбатлашди. Унинг таъкидлашича, кимларгадир атир умуман қизиқ эмас, даромад олиш учун катта миқдорда пул беришади. Бу пуллар эса компания асосчилари Икромжон Тожиддинов ҳамда Шоҳрух Убайдуллаевга берилади.
Kun.uz Икромжон Тожиддиновдан шу ҳақда сўради. У пулларни ўзи эмас, Шоҳрух Убайдуллаев олиб қолганини айтди.
Оддий арифметика
“Premium Pro world” масъулияти чекланган жамияти 2022 йил 5 сентябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Унинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Шоҳрух Убайдуллаев.
Kun.uz’да ушбу компания 2024 ва 2025 йилларда Ўзбекистонга қанча миқдорда ва неча сўмлик атир импорт қилгани ҳақида маълумот бор.
Биргина Қашқадарё вилоятидаги лидер Дилобар Қиёмова ўз гуруҳида 20 минг нафар одам борлигини айтмоқда. Яъни у 20 минг одами бор пирамиданинг чўққисида турибди. Бу шунча одам ҳеч йўқса бир донадан атир сотиб олган бўлиши кераклигини англатади.
Бошқа вилоятларда ҳам Дилобар Қиёмова каби лидерлар борлиги ҳисобга олинса, Икромжон Тожиддинов яратган молиявий схема ичида қанча одам борлигини чамалаб кўриш қийин эмас. Бироқ “Premium Pro world” МЧЖ импорт қилган атир миқдори ушбу рақамларнинг ярмига ҳам етмайди.
Яна бир мисол: Premium Pro’да 6 киши акционер даражасига чиққани айтилади. Уларга ҳар ой компания даромадининг 5 фоизи тақсимлаб берилади. Kun.uz суҳбатлашган акционерлардан бири ойига 10 минг доллар атрофида даромад олишини маълум қилди.
Бундан келиб чиқса, 6 нафар акционерга ўртача 60 минг доллар даромад берилади. Ва бу компания ойлик даромадининг 5 фоизини ташкил этади. Premium Pro’да қуйидаги оддий одамларнинг қанча пули тўпланишини ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг.
Хулосани ўзингизга қолдирамиз. Биз эса ватандошларимизга шубҳали платформаларга пул тикмасликни, онлайн иш ниқоби остидаги ёлғонларга ишонмасликни тавсия қиламиз.
“Бизнес тренер”дан т(қ)армоқли маркетинг
Мавзуга оид
11:31 / 02.07.2026
Германияга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
18:07 / 25.01.2026
Наманганда «Эшон» лақабли безори қўлга олинди
19:53 / 16.01.2026
Taftish.uz сайтининг 5 ходими қўлга олинди. Улар товламачилик ва фирибгарлик жиноятларида айбланмоқда
11:57 / 09.01.2026