Оила ва хотин-қизлар институти ташкил этилмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Президентнинг «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти сифатида қайта ташкил этилган ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тузилмасига ўтказилган.
Белгиланишича, институт оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишларини илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклига кўра давлат муассасаси ҳисобланади.
Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
- оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлаш, аёлларни қўллаб-қувватлаш, улар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш, фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;
- оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш илмий-методологик асосларини шакллантириш;
- оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва фаровонлик даражасини ошириш илмий асосларини ишлаб чиқиш;
- оилавий зўравонлик келиб чиқиши ҳамда хотин-қизларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолиш омил ва сабабларини чуқур ўрганиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, оилалар ижтимоий-демографик ҳолати бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган тавсиялар тайёрлаш;
- оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, оила ва хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида манзилли аниқлаш ва ҳал этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва услубий тавсияларни ишлаб чиқиш;
- оилалар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб муаммоларга бағишланган конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимлар касбий даражасини доимий ошириб бориш;
- ўз фаолияти йўналишлари бўйича республикадаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, хорижий мамлакатлар илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш;
- оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва интернет жаҳон ахборот тармоғида илмий тадқиқотлар натижаларини кенг ёритиш, шунингдек, оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаолликларини оширишда иштирок этиш.
Қуйидагилар институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:
- давлат бюджети маблағлари (ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, бинолар ва иншоотларни сақлаш харажатларини молиялаштириш ҳамда илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга ошириш учун);
- илмий фаолиятга оид дастурларни амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган давлат бюджети маблағлари;
- Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари;
- Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари (институтда бажариладиган илмий-амалий лойиҳалар, илмий ва услубий адабиётлар, тарқатма материалларни нашр қилиш, муассасанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ва институтга юклатилган асосий вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар учун);
- халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлар грантлари;
- республика илмий-тадқиқот лойиҳалари грантлари;
- хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан тушадиган тушумлар;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Белгиланишича, институт директори бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси тавсиясига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
- Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасалари тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;
- Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Истиқлол кўчаси, 51-уй манзилидаги бино б-корпуси 2-3-қаватларини институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Мавзуга оид
15:52 / 25.10.2024
Малайзияда аёл касал эрига 6 йил ғамхўрлик қилди, аммо эркак соғайгач, уни ташлаб кетди
13:50 / 11.10.2024
50 ёшдан кейин оила қурганлар сони маълум қилинди
17:16 / 05.09.2024
“Битта фарзанд” сиёсатидан сўнг: хитойлик аёллар ҳалигача болали бўлишни хоҳламаяпти
18:00 / 02.09.2024