Ўзбекистон | 15:20 / 03.02.2026
1495
2 дақиқада ўқилади

Ижтимоий реестрдаги оилалар учун индивидуал режа ишлаб чиқилади

“Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга индивидуал режа ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга кўра, оила реестрга киритилган кундан бошлаб 10 иш куни ичида индивидуал режа тайёрланади.

Низомга мувофиқ, оила “Ижтимоий реестр”га киритилгандан сўнг 3 иш куни ичида оила яшайдиган маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали, ижтимоий ходим эса ахборот модули орқали индивидуал режани ишлаб чиқади.

Индивидуал режа оиланинг имкониятлари, кўникмалари, қизиқишлари ва фикри, яшаш шароити, шунингдек, реестрга киритиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган хизматларга бўлган эҳтиёжлар инобатга олинган ҳолда шакллантирилади. Режада оилага тақдим этиладиган хизматлар, уларни тақдим этиш тартиби ва муддати, шунингдек, масъул давлат органлари кўрсатилади.

Хизматлар шакллантирилгандан сўнг индивидуал режа оиланинг муомалага лаёқатли аъзосига таништирилади. Кейин эса “маҳалла еттилиги” томонидан 2 иш кунида кўриб чиқилиб, оддий кўпчилик овози асосида режани тасдиқлаш ёки қайта кўриб чиқиш учун қайтариш ҳақида қарор қабул қилинади.

Индивидуал режаларнинг ижроси ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходим томонидан ҳар 3 ойда камида 1 марта ўрганиб борилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид