Ўзбекистон | 07:17 / 08.04.2022
2483
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ДХМларда кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 300 тага етказиш вазифасини қўйди

Шавкат Мирзиёев келгуси йил якунига қадар давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини ҳозирги 172 тадан 300 тага, мобиль илова орқали кўрсатиладиганларини 60 тадан 250 тага етказиш вазифасини қўйди.

Фото: davxizmat.uz

Президент матбуот котиби хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат хизматлари марказларини қуриш ишларига шахсан вилоят ҳокимлари масъул этиб белгиланган бўлса-да, ҳозирга қадар 43 та марказ биноси фойдаланишга топширилмагани, оқибатда аҳоли сарсон бўлаётгани танқид қилинди.

Давлатобод, Янгиер, Гулистон, Бўка, Миробод, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманлари, Гулистон ва Олмалиқ шаҳарларида қурилиш ишлари умуман бошланмаган, Нукус шаҳри, Боёвут, Қуйи Чирчиқ ва Пискент туманларида эса қурилиш ишлари тўхтаб қолган. Вилоят ҳокимларига 1 сентябрга қадар давлат хизматлари марказлари билан боғлиқ барча қурилишларни якунлаш топширилди.

Давлат хизматлари тизимини рақамлаштириш орқали маҳалла ва туманда қандай ўзгаришлар бўлиши кўриб чиқилди. Аҳолига давлат хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида 1 июлдан бошлаб:

  • 38 турдаги давлат хизматлари учун электрон имзо билан тасдиқлаш талаби бекор қилиниб, мобил телефон орқали амалга оширилади (бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, боғчага қабул қилиш ва ҳоказо);
  • 6 турдаги лицензия олиш учун талаблар бекор қилинади;
  • аҳоли ва тадбиркорлар учун 8 дан ортиқ давлат хизмати бўйича электрон хабардор қилиш тизими жорий этилади;
  • аҳоли ва тадбиркорлардан коммунал ташкилотларнинг 32 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилинади;
  • эҳтиёжманд оилалар фарзандлари олийгоҳларга киришда тест синовларида иштирок этиш тўловларидан озод этилади (135 минг сўм).
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид