Ўзбекистон | 14:50 / 11.09.2025
2805
3 дақиқада ўқилади

Айрим фуқароларга давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёз берилади

Президент фармони билан давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Фото: Kun.uz

Мақсадли мўлжаллар:

  • 2028 йилга қадар ЯИДХП ва давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 900 тага етказиш;
  • проактив давлат хизматлари сонини 53 тага ва композит давлат хизматларини 74 тага кўпайтириш;
  • бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали йилига аҳолининг 47 млрд сўм маблағларини тежаш ва маъмурий харажатларни 80 млрд сўмга қисқартириш;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳоли гавжум жойларни босқичма-босқич 1100 та интерактив киосклар билан таъминлаш орқали 49 млрд сўм миқдорида маъмурий харажатларни тежаш.

Идоралараро ахборот алмашинувини жорий этиш орқали 2025 йил 1 декабрдан бошлаб никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим этиш талаби, шунингдек ажрашишда суд қарори асосида талаб қилиш бекор қилинади.

Бунда никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги далолатнома ёзуви суд жойлашган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" АТида автоматик тартибда тузилади, шунингдек суд қарорининг нусхаси никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги гувоҳномага тенглаштирилади. Давлат божи туман (шаҳар) Мажбурий ижро бюроси бўлимлари томонидан ҳар икки ёки уларнинг биридан ундирилади.

Қуйидагилар бекор қилинади:

  • чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларнинг турар жойи, ўқиш жойи, иш жойи ва лавозимидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни тегишли мудофаа органларига тақдим этиш мажбурияти;
  • автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасида автомототранспорт воситаси эгасининг манзилини кўрсатиш талаби.

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари ЯИДХПда уларнинг шахсий кабинети орқали реал вақт режимида тақдим этилади, улар қоғоз шаклига тенглаштирилади;
  • агар бу маълумотлар ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда тақдим этилса, давлат органлари ва ташкилотлар томонидан бу маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади;
  • ДХМга мурожаат қилинганда пенсионерларга, ҳомиладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган боласи билан келган фуқарога давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёз берилади;
  • жисмоний шахсларни Ягона идентификация тизимида (OnelD) рўйхатдан ўтказишда муқобил тарзда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) тартиби жорий этилади;
  • автомототранспорт воситаси эгасининг маълумотлари ўзгарганда эганинг хоҳишига кўра автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза ФҲДЁ органи ёки ДХМ томонидан композит тартибда ички ишлар органларига юборилади;
  • давлат хизматлари марказларига ЯИДХП орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади;
  • ЯИДХП, ДХМ ва "Лицензия" АТ орқали келган аризалар асоссиз рад этилганда давлат хизмати учун ундирилган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловларнинг бир қисми ваколатли органлар томонидан фуқароларга қайтарилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид