Жамият | 18:16 / 08.04.2022
17445
11 дақиқада ўқилади

Хоразмлик тадбиркор 5 йилдан буён компенсация ололмаяпти, ҳоким қарори ҳам сохталаштирилган

Урганч шаҳрида дўкони бузилган тадбиркор Ҳумоюн Машарипов етказилган зарар учун ер ва компенсацияни 5 йилдан буён ололмаяпти. Унинг ўз ҳуқуқини тиклаш учун самарасиз уринишлари, ҳокимликнинг ноқонуний қарори, сохта қарорлар, ИИБ бунда жиноят аломатини топмаслиги ва прокуратуранинг «жимлиги» – шулар ҳақида мақоламизда ёритамиз.

Фото: Kun.uz

Дўконнинг бузилиши ва келишув шартномаси

2017 йилда Урганч шаҳри, Абулғози Баҳодирхон кўчасида жойлашган Ҳумоюн Машариповга тегишли умумий ер майдони 92 кв.м. бўлган дўкон биноси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузиб олинади.

Етказилган зарарни қоплаш учун Урганч шаҳар ҳокимлиги ва тадбиркор ўртасида келишув шартномаси имзоланади. Унда ҳокимлик Х.Машариповга Амударё кўчасидаги янги лойиҳалаштирилган савдо мажмуасининг 1-қаватидан 50 кв.м., 2-қаватидан 50 кв.м., жами 100 кв.м. САВДО МАЙДОНИ ажратиб бериш мажбуриятини зиммасига олади.

Ҳокимлик ва тадбиркор ўртасида имзоланган келишув шартномаси банди

Ҳокимлик келишув шартномасини бузди

Урганч шаҳар ҳокимлиги 2019 йил 7 августда Х.Машариповга савдо дўкони қуриш учун Амударё кўчасидаги янги лойиҳалаштирилган савдо мажмуасининг 1-қаватидан 50 кв.м., 2-қаватидан 50 кв.м., жами 100 кв.м. ЕР МАЙДОНИНИ доимий фойдаланиш учун ажратиш тўғрисидаги 1940q-сонли қарорни қабул қилади.

Эътиборли жиҳати шуки, келишув шартномасида тадбиркорга 100 кв.м. САВДО МАЙДОНИ ажратилиши кўзда тутилган эди. Ҳоким қарорида эса бу банд 100 кв.м. ЕР МАЙДОНИ сифатида кўрсатилган. Оқибатда, келишув шартномаси ва қарор ўртасида жиддий фарқ пайдо бўлади – ҳокимлик келишув шартномасида кўрсатилмаган бандни ўз қарорига киритади.

Тадбиркор ҳужжатлардаги фарқни бартараф қилишга уринади, ҳокимлик уни «судга жўнатади»

Ҳумоюн Машарипов келишув шартномаси ва қарордаги фарқларни бартараф қилиш мақсадида Урганч шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилади. Тадбиркор 2017 йилда тузилган келишув шартномаси бандини ўзгартириш ёки уни бекор қилиб, бошқа келишув шартномасини имзолаш ҳақида сўрайди. Аммо Урганч шаҳар ҳокимлиги унга келишув шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақида судга мурожаат қилиши лозимлиги ҳақида жавоб қайтаради.

Аслида бунга ҳеч қандай зарурат йўқ эди. Фуқаролик Кодексининг 384-моддасида бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса — 30 кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.

Урганч шаҳар ҳокимлигига келишув шартномасига ўзгартириш киритишга ҳеч қандай ҳолат монелик қилмаган эди. Келишув шартномасини ўзгартириш учун судга мурожаат қилиш ҳақидаги жавоб мутлақо ўринсиз бўлган.

Осмондан ажратилган ер

Ажабланарли ҳолат шундаки, Урганч шаҳар ҳокимининг 1940q-сонли қарорида Х.Машариповга савдо мажмуасининг 1-қаватидан 50 кв.м., 2-қаватидан 50 кв.м., жами 100 кв.м. ЕР МАЙДОНИНИ доимий фойдаланиш учун ажратилиши белгиланган. Яъни ҳокимлик аслида 50 кв.м. ер ажратган ҳолда, иккала қават майдонини қўшиб, «100 кв.м. ажратилди» деб расмийлаштирмоқда. Амалда тадбиркорга ернинг бир қисми осмондан ажратилган бўлиб чиқмоқда.

Қурилишнинг бошланиши ва кутилмаган «сюрприз»

Ҳумоюн Машарипов 2020 йилда 1940q-сонли қарорга асосан Архитектура режа топшириғини (АПЗ) ишлатиб, Қурилиш бошқармасидан рухсат олиб, барча ҳужжатларни расмийлаштириб, 100 кв.м. ер майдонида қурилиш ишларини бошлаган, пойдевор тиклаган. Аммо кейинги воқеалар унинг учун мутлақо кутилмаган «сюрприз» бўлади.

«Пойдевор тиклаб олганимдан сўнг, қўшни ҳудуд эгаси, «Хоразм миллий таомлари» МЧЖ раҳбари ушбу ер майдонининг бир қисми ўзиники эканини айтиб, эътироз билдирди. Мен унга ҳужжатларимни, ҳоким қарорини кўрсатдим. У ҳам ўзида барча ҳужжатлар, ҳоким қарори ҳам борлигини билдирди. Бир хил ер майдони учун 2 та қарор чиқарилгани ойдинлашди. Бу ҳолат мен учун кутилмаган «сюрприз» эди», деди Ҳумоюн Машарипов.

Можарони ҳал қилиш мақсадида «Хоразм миллий таомлари» МЧЖ раҳбари Х.Машариповни судга беради.

Тадбиркор судда ютқазди, Урганч шаҳар ҳокимлиги ўз захирасида бўлмаган ерни унга ажратиб берган

2022 йил март ойида фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди Ҳумоюн Машарипов томонидан қурилган пойдеворнинг бир қисмини ноқонуний деб топиб, уни бузиб ташлаш ва ер майдонини аввалги ҳолатига қайтариш ҳақида қарор қабул қилади.

Аниқланишича, Х.Машариповга ажратилган ер майдонининг бир қисми аслида Урганч тумани ҳокимининг 2020 йил 17 декабрдаги 3215қ-сонли қарори билан «Хоразм миллий таомлари» МЧЖ корхонасига ажратиб берилган.

Энг муҳими – Урганч шаҳар ҳокимлиги ушбу ҳудуддан ер ажратиб бериш ҳуқуқига эга бўлмаган. Чунки бу ерлар шаҳар ҳудудига кирмаган.

Хоразм вилояти қурилиш бош бошқармаси берган маълумотга кўра, ушбу ҳудуд Урганч шаҳрининг лойиҳа чегарасига киритилган бўлса-да, бу лойиҳа ҳали Олий Мажлис томонидан тасдиқланмаган.

Кадастрлар палатаси Хоразм вилояти бошқармаси маълумотига кўра, ушбу ҳудуддаги ер майдонларини белгиланган тартибда Урганч туманидан олиниб, Урганч шаҳри чегарасига киритилгани тўғрисида ҳужжатлар мавжуд эмас.

Шулардан келиб чиқилса, 2019 йил 7 августда Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан Х.Машариповга Амударё кўчасидаги савдо мажмуасининг 1-қаватидан 50 кв.м., 2-қаватидан 50 кв.м., жами 100 кв.м. ер майдонини (аслида 50 кв.м.) доимий фойдаланиш учун ажратиш тўғрисидаги 1940q-сонли қарор қонунга хилоф равишда қабул қилинган. Суд ҳам шунга асосланган ҳолда қарор чиқарган.

Ҳокимлик бир хил сана ва рақам билан 2 хил мазмундаги қарор чиқарган

Ҳумоюн Машарипов судда яна бир кутилмаган ҳолатга дуч келганини айтди.

«Судда Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан қабул қилинган бир хил сана ва рақамга эга 2 та қарор борлиги маълум бўлди. Менинг қўлимдаги қарорда 100 кв.м. ер майдони ажратилиши кўзда тутилган бўлса, ҳокимлик томонидан судга тақдим қилинган қарорда савдо мажмуасининг 1-қаватидан 50 кв.м., 2-қаватидан 50 кв.м., жами 100 кв.м. ер майдони доимий фойдаланиш учун ажратиб берилиши ёзилган. Бир хил рақам ва санага эга 2 та қарорнинг мана шу жойида фарқлар бор. Бу ҳолат нафақат мени, балки суднинг барча иштирокчиларини таажжубга солди», – деди Машарипов.

1-қарорда Х.Машариповга 100 кв.м. ер майдони ажратилиши кўзда тутилган
2-қарорда Х.Машариповга савдо мажмуасининг 1-қаватидан 50 кв.м., 2-қаватидан 50 кв.м., жами 100 кв.м. ер майдони ажратилиши кўзда тутилган

Бинобарин, бир хил рақам ва сана билан 2 хил мазмунда қарор қабул қилиниши мумкин эмас. Демак қарорлардан бири сохталаштирилган бўлиб чиқмоқда.

ИИБ жиноят аломатларини топмади, прокуратура эса жим

Қандай қилиб Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан бир хил рақам ва санага, аммо турлича мазмунга эга қарор қабул қилинган. Унинг биринчи саҳифасини ким сохталаштирган?

Ҳумоюн Машарипов ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилади.

Урганч шаҳар ИИБ терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, бирор шахснинг хатти-ҳаракатларида жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли, жиноят иши қўзғатишни рад қилади.

Хоразм вилояти прокуратураси эса ариза берилганидан 3 ой ўтган бўлса-да, тадбиркорга ҳали бу борада ҳеч қандай жавоб бермаган.

Урганч шаҳар ҳокимлигининг яна бир хатоси

Ҳумоюн Машариповга 100 кв.м. ер майдонини (аслида 50 кв.м.) доимий фойдаланиш учун ажратилиши ҳам аслида қонунчиликка зид эди. Вазирлар Маҳкамасининг ўша пайтда амалда бўлган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги 97-сонли Низомга кўра, «ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилиши лозим». Яъни ҳокимлик тадбиркорга 92 кв.м.дан кам бўлмаган миқдорда ер майдони ажратиши шарт эди.

Шунингдек, Х.Машариповга тегишли бўлган дўкон биноси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузиб олиниб, унга зарар етказилгани сабабли, Ер Кодексининг 41-моддасига кўра, зарар тўла ҳажмда қопланиши лозим эди. Аммо амалда тадбиркорга компенсация тўлаш масаласи ҳам ҳал қилинмаган.

Адлия бошқармаси тадбиркорнинг ҳуқуқлари поймол қилинган деб ҳисобламоқда

Хоразм вилояти Адлия бошқармаси Х.Машариповга тегишли дўкон бузилиши муносабати билан 2017 йил 14 июль куни тузилган келишув шартномаси Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан «қўпол равишда бузилганлиги сабабли, бекор қилиниши ва етказилган зарар тўлиқ қоплаб берилиши мақсадга мувофиқ» деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига даъво аризаси ҳам киритган.

Бундан ташқари, Адлия бошқармаси Урганч шаҳар ҳокимлигининг бир хил рақам ва санага, аммо турлича мазмунга эга 2 та қарори юзасидан суриштирув ўтказишни сўраб, 2021 йил 20 декабрь куни Урганч шаҳар прокуратурасига хат жўнатган. Бироқ, орадан 3 ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да хатга ҳали жавоб берилмаган.

***

Мужмал воқеа ва ҳодисаларнинг қисқача мазмуни шундай. Тадбиркор Ҳумоюн Машарипов даромад манбаи бўлмиш дўконидан айрилди. Бироқ, унга қонунда кўзда тутилган ер майдони ва компенсация берилмади. У 5 йилдан бери сарсон бўлаётганини, тегишли ташкилотлар унинг ҳуқуқи поймол этилаётганига эътиборсиз эканидан шикоят қилмоқда. У тадбиркорлик фаолиятини тиклаб олиши, ишини давом эттириш ўрнига идора-ташкилотларда ва судларда сарсон бўлаётгани ачинарли ҳол.

«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда «Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани, давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратиши» ҳақида ёзилган.

Сўнгги йилларда иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилди. Аммо тадбиркор-ишбилармонларнинг мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланмас экан, қандайдир иқтисодий ривожланиш ҳақида гапиришнинг ўзи ўринсиз.

Нурмуҳаммад Саид

Сардор Юсупов
Муаллиф Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид