Ўзбекистон | 07:20 / 09.04.2022
3214
3 дақиқада ўқилади

Давлат иштироки сақланиб қолаётган товар ва хизматлар бозори эркинлаштирилади - Президент фармони

Президент “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Қуйидагилар иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий секторнинг ролини ошириш, барча тармоқ ва соҳаларда хусусий секторнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • хусусий мулк дахлсизлиги ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлаш борасидаги институционал ва маъмурий ислоҳотларни давом эттириш ҳамда бу борада қонун устуворлигини таъминлаш;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини шаффоф тарзда хусусийлаштириш механизмларидан, энг аввало, хусусий инвесторларни жалб қилишнинг муҳим омили сифатида фойдаланиш ҳамда ерларни аукционга чиқаришда уларнинг жозибадорлигини ошириш учун инфратузилма ва бошқа зарурий шароитларни яратиб бериш;
  • давлат иштироки сақланиб қолаётган товар ва хизматлар бозорини эркинлаштириш ҳамда ушбу соҳаларга хусусий секторнинг кириб келиши учун шароит яратиш, монополияга қарши органнинг институционал салоҳияти ва ваколатини кучайтириш орқали соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
  • “тартибга солувчи гильотина” усулини манзилли қўллаш орқали имтиёзлар, эксклюзив ҳуқуқ ва устунликларни бекор қилиш;
  • давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банкларини трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштиришни жадаллаштириш, иқтисодиётда самарасиз ишлаётган корхоналар улушини камайтириш ҳисобига сифат жиҳатидан янги, хусусан, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларига асосланган инвестициялар ва ишлаб чиқариш унумдорлиги юқори бўлган технологияларнинг кўпайишини рағбатлантириш;
  • пул ва капитал бозорларини янада эркинлаштириш ҳисобига молия бозоридаги турли сегментларнинг ривожланишига туртки бериш, шу орқали хусусийлаштирилган ва трансформация жараёнидаги корхоналарга ўз фаолиятини молиялаштиришнинг муқобил манбаларини шакллантиришга шароит яратиш;
  • иқтисодиётнинг драйвер тармоқлари, хусусан, тоғ-кон, нефть-газ, кимё, қурилиш материаллари саноати ва бошқа соҳаларни кафолатланган хомашё базаси билан таъминлаш учун геология-қидирув ишларига, қазиб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнига хорижий инвесторларни жалб қилишни жадаллаштириш, минерал хомашё базаси захираларини кўпайтиришни қўллаб-қувватлаш;
  • энергия ресурслари, транспорт ва коммуникация бозорларини ривожлантириш ва соҳага хусусий инвестициялар кириб келиши учун шароитлар яратиш;
  • ичимлик ва оқова сув таъминоти, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш, йўл қурилиши, авиация инфратузилмаси соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кескин кўпайтириш;
  • барча соҳа ва тармоқларда коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш;
  • давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банкларида корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини, шу жумладан, “комплаенс” назорат тизимини кенг жорий этиш, харидлар тизими шаффофлигини таъминлаш орқали коррупциянинг олдини олиш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид