Ўзбекистон | 07:37 / 15.04.2022
8178
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқдаги ҳарбий савдо корхонасида 15,3 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди

“Harbiy Savdo-Chirchiq”да 15,3 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Фото: iStock

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига “Harbiy Savdo-Chirchiq” ДУК мансабдорларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, жумладан, жуда кўп миқдордаги мулкларни талон-торож қилиш, пул маблағларини ўзлаштириш ва бошқа турдаги иқтисодий жиноятлар содир этиб келинаётгани бўйича фуқаролардан мурожаат келиб тушган.

Агентлик хабарига кўра, мазкур корхонада ўрганиш ўтказилган. Ўрганиш давомида корхона моддий жавобгар шахслари томонидан меҳнат муносабатлари, давлат харидлари тартибини белгиловчи ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши натижасида корхона фаолиятида жами 15,3 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 329-330-моддаларига асосан қонуний қарор қабул қилиш учун 2022 йил 24 февраль куни Бош прокуратурага юборилган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, 2022 йил 12 март куни “Harbiy Savdo-Chirchiq” ДУК моддий жавобгар шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

Расмий хабарга кўра, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид