Ўзбекистон | 21:43 / 15.04.2022
49220
4 дақиқада ўқилади

Кутилмаган янги қоидалар, хавфсизлик камари ва дислокация — фаоллар билан суҳбат

12 апрел куни кутилмаганда янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланди. Биз бу янгиликнинг кенг муҳокама ўтказилмасдан қабул қилингани, қоидалардаги асосий ўзгаришлар ва ҳайдовчиларнинг ЙПХ ходимидан дислокация кўчирмасини олиш ҳуқуқи бекор қилингани ҳақида депутат Расул Кушербаев ва жамоатчилик вакили, ҳайдовчи Тимур Турсунбоев билан суҳбат уюштирдик.

“Янги тартиб халқ учун эмас, вазирликлар учун қулай шароит яратади”

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев интервью аввалида энди фақат муҳим деб ҳисобланган ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши тартиби ҳақида гапирди.

— Аввалги тартибнинг ўзгариши жамоатчиликнинг эмас, кўпроқ вазирликларнинг хоҳиши билан бўлгани сезилиб турибди. Куни кеча Адлия вазирлиги мана шу ўзгаришга қисқа изоҳ берди. Унга кўра, баъзи вазирлик ва идоралар пухта бўлмаган лойиҳа ҳужжатларни ҳам жамоатчилик муҳокамаси порталига чиқариб юбораётган экан. Адлияга кўра, чеклов қўйилиши гўёки муаммоларни ҳал қилади.

Билмадим, уларга бундай фикрлар қаердан келаркин? Бу шунингдек, вазирликларнинг бош мақсади эндиликда халқ манфаати эмас, бошқа қандайдир мақсадларга ўзгариб қолганини ҳам кўрсатади. Яъни энди улар учун бош мақсад халққа эмас, ўзига қулай шароит яратиш. Афсуски, бу жуда аламли, лекин ҳолат шундай.

Тўғри, қонун ҳужжатлари жамоатчилик билан маслаҳатлашиб қабул қилинган ўтган 4 йил давомида айрим қонун лойиҳаларига эътироз, таклифлар бўлгандир. Лекин бу жамиятнинг тафаккури уйғониб бораётганини кўрсатарди-ку. Табиийки, жамиятда солиқ тўловчи сифатида ҳукуматга нисбатан саволлар доим бўлади.

Вазирлик ва турли идоралар эса мана шу ҳолатга мослашиш ўрнига яхшиси савол, эътирозлар келаётган дарчани ёпиб қўйишмоқда. Бу уларда малака, маҳорат ва профессионалликнинг етишмаслигидандир. Биз шу орқали вазирлик ва идораларда қандай ходимлар бор, деган саволга ҳам жавоб оламиз.

“Одамлар ўз овози ниманидир ҳал қилишига энди-энди ишона бошлаганди”

Расул Кушербаев ўз лойиҳаларини муҳокамага чиқармасдан тасдиқлатиб олиш ҳолатлари кўпайиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

— Бу ҳаракат айнан шунинг учун қилинган. Буни бошқачасига изоҳлаб бўлмайди. Энди вазирликларнинг ўзига ноқулай ва жамоатчилик эътирозига сабаб бўладиган лойиҳаларни яшириши авж олади.

Бу шунингдек, халқнинг манфаатларига зид бўлган, бир гуруҳ шахсларнинг манфаатига хизмат қиладиган, коррупцион элементлар мавжуд бўлган лойиҳаларни ўтказишга ҳам сабаб бўлади. Бундан эса биз юқорида айтгандек дунёқарашга эга вазирликлар унумли фойдаланади. Чунки уларнинг калласига бошқа ғоя келмайди.

Бунда ижтимоий сиёсий муҳим ҳужжатлар қайсилиги борасида ҳам бирор тартиб йўқ. Яъни ҳар бир идора ўз дунёқарашидан келиб чиқиб белгилайди қайси лойиҳани муҳокамага чиқаришни.

Мана масалан, янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари ҳар томонлама муҳим ҳужжат эди-ку, нега у муҳокамага қўйилмади? Бу керак бўлса, ҳар бир хонадон, ҳар бир фуқарога тегишли эди-ку.

Фикримча, биз шу кетишда кетсак, кейинги қадамлар давлат харидлари ёки аукцион порталларини чеклаш бўлади.

Биласизми, одамлар ўтган вақт давомида ўз овози ниманидир ҳал қилишига ишона бошлаганди. Биз буни “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида кўрдик.

Нормал жамиятларда камчиликларни кўрсатган фуқаролар рағбатлантирилади ва шу камчиликлар тўғриланади.

“Олд ўриндиқдаги йўловчининг ҳам камар тақиши мажбурий қилинганини ёқлайман”

Ҳайдовчи Темур Турсунбоев Йўл ҳаракати қоидаларидаги айрим ўзгаришлар ҳақида ўз муносабатини билдирди.

— Янги қоидаларда автомобилнинг олд ўриндиғидаги йўловчиларга ҳам хавфсизлик камарини тақиш мажбурий бўлганини ҳайдовчи сифатида ёқлайман. Ривожланган хорижий мамлакатларда ҳам шу каби тартиб аллақачон қатъий белгилаб қўйилган.

Ҳа, ҳар хил ҳайдовчилар бор ва бу тартиб айрим пайтда танқидга учраши ҳам табиий.

Техник томондан хавфсизлик камари бахтсиз ҳодиса юз берганда, ҳайдовчи ва йўловчиларга ҳаётини сақлаб қолишда катта ёрдам беради. Бу илмий асосланган.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид