Ўзбекистон | 11:40 / 19.04.2022
16672
3 дақиқада ўқилади

Ортиқхўжаев хушмуомала ЙПХ ходимларини Lacetti билан мукофотламоқчи

ЙПХ ходимлари билан учрашув ўтказган пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентда «Энг яхши йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими» танлови ўтказилишини маълум қилди. 3 нафар ғолиб ҳайдовчиларнинг овоз бериши орқали аниқланади.

«Илтимос, шу бир ҳафта тажриба нуқтасидан, ўзгартириб кўринглар, одамлар сизларга муомаласини кескин равишда ўзгартиришига 100 фоиз ишончим комил. Агар мен 800-900 нафар ГАИ ходими билан ўтириб, уларнинг дунёқарашини ўзгартира олмасам, ўтирганимнинг нима фойдаси бор? Агар 50 минг кишилик таркибинглар бўлганида ҳам қийин эди.

Ҳомийларимиз томонидан бизга 3 та машина берилди, ҳурматли генерал (Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатовга мурожаатан – таҳр). 1-ўринга Lacetti, 2-ўринга Nexia, 3-ўринга Spark. Тошкент шаҳар ҳокимлигида «Энг яхши йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими» – очиқ конкурс ўтказамиз. Ҳайдовчиларимиз овоз берсин, ҳомийларимиз ёрдамида ҳар йили шундай қилишга ҳаракат қилсак. Мана биринчисини… Мустақиллик куни келяпти», — деган Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт ЙПХ ходимлари билан учрашувда.

Шунингдек, ҳоким пойтахтда хизмат қилаётган ходимлар ўзгача бўлиши ҳамда хулқи, одоби ва меҳнати билан ажралиб туриши кераклигини, ЙПХ ходимларининг шахсий муаммоларини тинглаш учун уларни шахсан ўзи қабул қилишини айтган.

«Бугундан бошлаб ҳар ойда бир марта шу 900 нафар ДАН ходимлари учун қабул куни қилайлик. Дардини эшитайлик, буларнинг ҳам шахсий масалалари ва муаммолари бор. Булар ҳам бизга ўхшаган одамлар, фақат иш вақтида кийими бошқа.

… ДАН ходимларининг меҳнати Тошкент шаҳрида энг оғир меҳнатлардан биттаси. Булар 3 миллион инсоннинг кайфиятига тўғридан тўғри таъсир қиладиган одамлар. Мен уларни ойда бир марта ходимларигача қабул қилишга тайёрман. Лекин менга бугун сизлар шунақа сўз берингларки, одамларга муомаласи ва дунёқарашини ўзгартириш, одамлар ҳуқуқбузарлик қилишидан олдин, «амакижон ёки укажон, сен бу ерда тўхтамагин, деб»… Чет элларда кўп бўлганмиз, уларда шунақа йўл тутишади.

Ҳамма ўз муаммоси билан чиқади, агар сиз ҳам нимадир десангиз ёниб кетади, баттар. Яхши муомала қилсангиз, буларнинг ҳаммаси — меҳмонлар ҳам, сайёҳлар ҳам яхши инсонлар», — дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими фуқароларга ҳам мурожаат қилиб, ЙПХ билан муомала қилишда оғирроқ бўлиш ва беодоблик қилмасликка чақирди. 

Мавзуга оид