Самолётлар, ракеталар ва зирҳли техникалар. Украинага Донбассдаги жанглар учун ёрдам жўнатилмоқда
Сешанба куни давомида НАТОнинг қатор давлатлари Киевга Россия билан урушда фойдаланиш учун янги турдаги қуролларни етказиб бериши ҳақида маълум қилди. Россиялик ҳарбийларнинг Донбассда ҳужумга ўтиши ҳақидаги хабарлар фонида АҚШ альянс Украинага ўз жанговар самолётлари сонини оширишда ёрдам кўрсатганини маълум қилди, Британия янада кўпроқ артиллерия қурилмалари ва «Бримстоун» ракеталари етказиб беришни ваъда қилди, Нидерландия эса оғир техникалар юборган.
Россия билан уруш бошланганидан буён Украина президенти Володимир Зеленский доимий равишда Ғарбни мамлакатни Россия тажовузига қарши туриши учун кўпроқ қурол билан таъминлашга чақириб келади.
НАТО мамлакатлари ўтган вақт мобайнида Киевга танкка қарши ракеталар билан ёрдам бериб келди, аммо оғир қуроллар ва самолётлар етказиб беришга шошилмади. Ғарбдаги экспертларнинг изоҳлашича, альянснинг айрим аъзолари зирҳли техникалар ва қирувчи самолётлар етказиб берилиши вазиятни кескинлаштириши ва можаро Украина чегараларидан ташқарисига чиқишидан хавфсирагани билан боғлиқ. Аммо россиялик ҳарбийлар ишғолидаги Бучада ва Украинанинг бошқа шаҳарларида содир этилган оммавий қотилликлар Ғарбдагиларнинг позициясини ўзгартира бошлаган.
Украина барибир жанговар самолётларни олдими?
Украинанинг асосий илтимосларидан бири жанговар самолётлар, хусусан, НАТОнинг шарқий қанотидаги аъзолари қуролли кучларида бўлган ва украиналик учувчилар бошқариши мумкин бўлган, советлар даврида ишлаб чиқарилган МиГ-29 қирувчиларини етказиб бериш бўйича эди.
Март ойи бошида Польша ўз қирувчи самолётларини Киевга етказилиши учун АҚШнинг Германиядаги Рамштейн базасига жўнатишга тайёрлиги, аммо бунинг эвазига АҚШдан «эски, аммо фойдаланишга яроқли бўлган самолётлар» сўрашини маълум қилди. Аммо бундай схема Вашингтонни қониқтирмади ва қирувчи самолётларни етказиб бериш амалга ошмай қолди.
Эндиликда, Пентагон матбуот ктиби Жон Кирбининг сўнгги баёнотига кўра, НАТОдагилар Украина авиациясини жанговар самолётлар ҳисобига кенгайтириш йўлини топишган, бу жараён қандай амалга оширилиши бўйича аниқлик киритилмаган. Сешанба кунги брифингда Кирби Украинада энди «икки ҳафта олдиндагидан кўпроқ жанговар самолётлар борлиги»ни айтди.
«Уларни қайси давлатлар етказиб бергани бўйича тафсилотларга тўхталмасдан, [айтмоқчиманки] улар [украин армияси] ўз [ҳаво] флотини кенгайтириш учун қўшимча платформалар ва эҳтиёт қисмларга эга бўлди», деган Кирби.
У Украина қанча ва қандай самолётлар олгани бўйича ҳам гапирмаган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ иттифоқчиларга бутун самолётларни эмас, самолётларнинг айрим қисмлари транспортировкасида ёрдам кўрсатган.
Шарқий Европадаги қатор давлатлар, хусусан, Польша, Болгария ва Словакия МиГ-29 русумли қирувчи самолётларга эга ҳисобланади. Бундан ташқари, Польша ва Болгария ҳарбий ҳаво кучларида советлар даврига мансуб бўлган Су-25 штурмовиклари ҳам бор.
АҚШ бунгача Украинага Ми-17 русумли 11та вертолёт жўнатган, Пентагон уларни ўтган йилда «Толибон» бошқарувга келишидан олдин Афғонистонга етказиб беришни мўлжаллаганди.
Британия Украинага «Бримстоун»лар юбормоқчи
Украина олиши мумкин бўлган яна бир янгича турдаги қурол - британларнинг «Бримстоун» ракеталари бўлиши мумкин - сешанба куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон шундай етказма эҳтимоли ҳақида гапирди.
Лондон Киевга кемаларга қарши қандай ракеталар жўнатиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан Жонсон шундай деди: «Биз кўриб чиқаётган тизимлардан бири - бу «Бримстоун»лардир, биз уларни ўз вазифасини бажариши учун транспорт воситаларига ўрнатиш мумкинлиги ҳақида ўйлаяпмиз».
Британия қуролли кучлари ўз вақтида Сурия ва Ливиядаги ҳарбий амалиётларда «Бримстоун»лардан фойдаланган. Reuters агентлигининг ёзишича, одатда бу ракеталар қирувчи самолётлардан учирилади. Унинг ишлаб чиқарувчиси бўлмиш MBDA компанияси бундай ракеталар денгизда ҳам, қуруқликда ҳам тез ҳаракатланувчи нишонларга қарши қўлланиши мумкинлигини айтган.
Аввалроқ Лондон Украинага «Гарпун» русумли кемага қарши қанотли ракеталар жўнатиш имкониятини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди, аммо кейинроқ саноат соҳасидаги нашрлар бундай ракеталар одатда ҳарбий кемалардан учирилиши, улардан қуруқликда фойдаланиш учун қайта жиҳозлаш ва қайта дастурлаш эса анча мураккаб техник вазифа эканини ёзишганди.
Украина ўзида ишлаб чиқарилган «Нептун» ракеталари билан Россиянинг Қора денгиз флотидаги флагмани бўлган «Москва» ракетали крейсери чўктириб юборилганини маълум қилган (Россия мудофаа вазирлиги эса кема ўқ-дори портлаши натижасида чиққан ёнғин туфайли чўкканини айтади). Аммо, очиқ манбаларга кўра, «Нептун» ракеталарини ишлаб чиқариш бошланганига кўп бўлмаган, бундай ракеталарнинг илк партияси фақат 2021 йилга келибгина тажриба сифатида Украина қуролли кучларига топширилган.
Янада кўпроқ артиллерия
Буюк Британия ва АҚШ етакчилари Украина қуролли кучларини артиллерия техникаларининг янги партиялари билан таъминлаш режаси ҳақида маълум қилган. «Бу артиллерия кучлари тўқнашуви бўлади. [Украинага] янада кўпроқ артиллерия керак ва биз уни етказиб берамиз», деган Жонсон сешанба куни парламентдаги чиқишида.
Аввалроқ АҚШ Украинага 155-миллиметрли 18та гаубица, шунингдек 40 мингта артиллерия снарядлари, 200 та М113 русумли зирҳли транспортлар ва 100 та кўп мақсадли зирҳли машиналар жўнатилганини маълум қилганди. Сешанба куни Пентагоннинг юқори мартабали мулозими бу ёрдам пакетидаги 800 млн долларлик биринчи партия аллақачон Украина чегарасида турганини айтди.
Сешанба куни Байден иттифоқчилар билан видеоалоқа орқали музокаралардан кейин АҚШ Россия тажовузига қарши туриш учун қўшимча артиллерия қурилмаларини юбориш ниятида эканини тасдиқлади. Америка нашрлари, хусусан, Reuters агентлиги ёзишича, Оқ уй раҳбари яқин вақт ичида Украина учун яна бир 800 млн долларлик ёрдам пакети ҳақида эълон қилиши кутилмоқда, бу пакет артиллерия ва снарядларни ҳам ўз ичига олади.
Шахсини сир тутишни сўраган америкалик мулозимлар NBC телекомпаниясига Байден янги пакет ҳақида яқин кунларда эълон қилиши ва бунисининг ҳажми ҳам АҚШ президенти ўтган ҳафта эълон қилган пакетники билан тахминан бир хил бўлишини айтишган. Телекомпания манбаларининг айтишича, пакет доирасида артиллерия қурилмалари ва ўн минглаб снарядлар етказиб берилади.
Пентагон матбуот котиби Жон Кирби сешанба кунги брифингда артиллерия масаласида тўхталиб, бундай етказмаларни амалга ошириш мутлақо имконсиз иш эмаслигини таъкидлади. «Украинлар қўшимча артиллерия тизимлари сўрашади, биз бу борада музокаралар олиб борамиз ва биз уларнинг истакларини қаноатлантириш учун барча ишни қиламиз - бу мутлақо имкон доирасидаги ишлар», деган Кирби.
Нидерландиядан зирҳли техникалар
Нидерландия ҳукумати Марк Рютте Зеленский билан телефон мулоқоти ўтказди ва нидерландлар Украинага Россия босқинини қайтариш учун зарур бўлган техникаларни етказиб беришини маълум қилди. «Нидерландлар Украинага оғир ҳарбий техникалар, жумладан зирҳли техникалар жўнатади. Биз иттифоқчилар билан биргаликда қўшимча оғир қуроллар етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз», дея ёзган Рютте твиттерида.
Украинага қуроллар жўнатиш ҳақида сешанба куни Финландия мудофаа вазирлиги ҳам эълон қилди. Финнлар Украинага айнан қандай қуроллар юборилиши бўйича тафсилотларни келтирмаган, фақат Финландия армиясидаги ресурслардан ажратиладиган ҳарбий ёрдам Украина талабларига жавоб бериши маълум қилинган.
Норвегия Мудофаа вазирлиги Украинага 100 дона «Мистрал» зенит ракеталарини тақдим қилган. «Мистрал» кичик, яқин масофали зенит ракетаси бўлиб, учиш масофаси етти километргача етади. У зирҳли транспорт воситаси ёки вертолётдан учирилиши мумкин.
Бундан ташқари, Руминия ўз ҳарбий захираларидаги қуролларни Киевга етказиб бериш устида ишламоқда.
Чехия ҳукумати Украинага ҳарбий ҳаракатлар вақтида шикастланган танклар ва бошқа зирҳли техникаларни таъмирлаб бериш орқали ёрдам кўрсатишни ваъда қилган.
Сешанба кун кечқурунги видеомурожаатида Зеленский агар қуроллар олдинроқ ётказиб берилганида, россиялик ҳарбийлар анча олдинроқ тўхтатилган бўлишини айтди. «Агар биз ҳамкорларимизда мавжуд бўлган ва Россия Федерацияси томонидан қўлланган қуролларга тенг ҳажмдаги қуролларни олганимизда биз бу урушни якунлаган бўлардик», деди украинлар президенти.
Германиянинг ёрдам етказиш схемаси
Сешанба куни Германия канцлери Олаф Шольц ҳам янги артиллерия қурилмалари етказиб бериш имконияти ҳақида гапирди. Шольц иттифоқчилар билан видеоалоқа орқали мулоқотдан кейин НАТО давлатлари Украинага немис ишлаб чиқарувчиларидан қурол сотиб олишга рухсат бергани ва харид учун пул ажратилишини маълум қилди. У ҳам Жонсон каби артиллерия таъминоти ҳақида гапирган.
Bloomberg агентлиги Германия оғир артиллерия қуролларини тўғридан тўғри Украинага етказмаслиги, қуроллар «ўз ихтиёридаги советлар даврида ишлаб чиқарилган техникаларни Украинага етказиб беришга тайёр бўлган» Шарқий Европа давлатларига етказилишини хабар қилган. Қайд этилишича, бу украиналик ҳарбий хизматчилар Европанинг замонавий қуроллари билан ишлашни ўрганиши учун вақт талаб этилиши, советлар техникасини қўллашда эса бундай муаммо йўқлиги билан боғлиқ.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Берлин Украина армиясига Нидерландия томонидан етказиб бериладиган PzH 2000 (Panzerhaubitze 2000) ўзиюрар артиллерия қурилмалари учун ўқ-дори ҳам жўнатади.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу АҚШ ва Ғарбнинг бошқа давлатлари томонидан Украинага қурол-яроғ етказиб берилишига қуйидагича муносабат билдирди: «Хориждан қурол-яроғ етказиб берилиши ҳажми оширилиши Киев режимини сўнгги украиналик жангчи қолгунча курашишга ундаш ниятини яққол намойиш этмоқда».
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024