Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Константиновка кимнинг қўлида – Донбасснинг стратегик муҳим шаҳридаги вазият ҳақида
Россия бош штаби Путинга Константиновка олингани ҳақида ҳисобот берди, Зеленский агар бу рост бўлса, Путинни ўша ерда кутишини билдирди, Украина қуролли кучлари эса шаҳар ҳимоясини давом эттираётган украин ҳарбийларининг видеомурожаатларини намойиш этди.
Жума куни Россия армияси бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Владимир Путинга РФ армияси Донецк областидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган шаҳар Константиновкани тўлиқ эгаллагани тўғрисида ҳисобот берди. Аммо кейинги куни Украина қуролли кучлари бу баёнотни рад этиб чиқди, украинлар етакчиси Володимир Зеленский эса Кремл раҳбарига Константиновкада учрашув ўтказишни таклиф қилди. BBC рус хизмати ушбу шаҳардаги вазият ҳақида нималар маълум эканини кўриб чиқди.
Кремл матбуот хизмати хабарида Путин Россия бирлашган қўшинлар гуруҳи бошқарув пунктларидан бирига ташриф буюриб, у ерда Бош штаб раҳбарияти ва гуруҳлар командирлари билан йиғилиш ўтказгани маълум қилинган.
«Константиновка олинди. Бу, президент [Путин]нинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари мудофаасидаги муҳим тугун ҳисобланган Словянск-Краматорскни эгаллашдаги биринчи, аммо жуда муҳим босқичдир», – деган журналистларга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Константиновканинг жанубий чеккаларидаги жанглар 2025 йил октябрида бошланганди. Жорий йил баҳорига келиб шаҳардаги кварталларга 150 нафар атрофидаги россиялик ҳарбийлар кириб, жойлашишга муваффақ бўлганди.
Шанба куни Россия мудофаа вазирлиги Украинага Константиновка атрофидаги жангларни тўхтатишни ва шаҳар мудофаасида ҳалок бўлган украиналик ҳарбийларнинг жасадларини топширишни таклиф қилди.
Россия ҳарбий идораси буни душанба куни Москва ва Киев вақти билан соат 12:00 дан 18:00 гача амалга оширишга тайёрлигини маълум қилган. Киев ҳозирча бу таклифга жавоб бермади.
Украинадагилар нима демоқда?
Кейинги кунларда Украина қўмондонлиги ҳамда Зеленский Константиновка қўлдан кетгани ҳақидаги баёнотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб чиқишди.
Шу билан бирга, Украина президенти агар ушбу аҳоли яшаш манзили чиндан ҳам Москва назоратида бўлса, Путин бу ерга келиши мумкинлигини айтиб ўтди.

«Албатта, бу нотўғри – бу шунчаки қандайдир янгилик тарқатишни хоҳлаган Россиянинг навбатдаги ёлғони, – деди Зеленский. – Агар Константиновка ҳозир Россия назоратида бўлса, Путин у ерда мен билан учрашиш ва ниҳоят урушни тугатиш учун дипломатик ечимлар топишда муаммога дуч келмасди. Аммо у барибир чизиғини кесиб ўтмайди: ҳақиқат Путиннинг сўзларидан жиддий фарқланади».
Песков бунга жавобан Зеленскийни яна бир бор музокаралар ўтказиш учун Москвага келишга чорлади (бунгача Украина президенти бир неча бор бундай ташрифнинг имкони йўқлигини билдирган).
«Нима бўлганда ҳам Россия Федерацияси пойтахти Константиновка эмас, Москва, – деди Песков КП нашрига берган интервюсида. – Шунинг учун у муҳим ва масъулиятли қарорлар қабул қилишга тайёр бўлиши биланоқ Москвага келиши мумкин. Айнан қандай қарорлар экани – Киев режимига яхши маълум».
Украина қуролли кучлари бош штаби эса Константиновка Украина назоратида қолаётганини таъкидламоқда.
«Украина қуролли кучларининг „Дзвін“ оператив бошқарув марказининг автоматлаштирилган тизими, DELTA тизимининг ҳарбий тўқнашув чизиғида кўрсатилган оператив вазият маълумотларига кўра, Константиновка аҳоли яшаш манзили Украина мудофаа кучлари назорати остида», – деди бош штаб расмий вакили Андрей Ковалёв BBC Украина хизматига.
Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари 19-армия корпусининг ҳарбий қисмлари ва бўлинмалари шаҳар чеккаларида мудофаа амалиётини давом эттирмоқда.
Шу билан бирга, бош штаб расмийси россияликлар фаоллик билан Украина қўшинларининг «жанговар сафлари орасига оз сонли пиёда гуруҳлар (1-3 киши) киритиш» ишларини амалга ошираётганини таъкидлаган.
«Мудофаа кучлари шаҳарда аксилдиверсия ҳаракатларини давом эттирмоқда. Оккупантлар аниқланмоқда ва йўқ қилинмоқда», – деган Ковалёв.
5 июл куни эса Украина қуролли кучлари бош штабининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида Константиновкадаги украин ҳарбийлари иштирокида видеоролик эълон қилинди.

Унда шаҳарнинг турли нуқталаридан мурожаат қилган ҳарбийлар Константиновкани ҳимоя қилишни давом эттираётганини ва шаҳар назорат остида эканини айтишган.
«Душман алоҳида гуруҳлар билан олдинга силжишга уринишларини тўхтатмаяпти, бироқ бундай ҳаракатлар ўз вақтида аниқланмоқда ва душман Украина ҳимоячилари томонидан мунтазам равишда йўқ қилинмоқда», – дейилади ушбу видео қўйилган постда.
Кузатувчилар нима демоқда?
Украинларнинг DeepState OSINT-проекти ва Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, Константиновканинг катта қисми кулранг зонада, яъни шаҳарда ҳам Россия, ҳам Украина бўлинмалари ҳаракатланмоқда.
DeepState харитасида қарийб бутун шаҳар – «кулранг зона» экани, Россия эса фақат Константиновкадан жанубда жойлашган Бересток, Илиновка, Предтечино ва Иванопиля каби посёлкаларни назорат қилаётгани кўрсатилган.
ISW онлайн-харитасида (5 июл ҳолати) Константиновканинг фақат жанубий қисми – Бахмутга олиб борадиган трасса бўйидаги ҳудудлар – ва шаҳар марказидаги кичик ҳудуд РФ назоратига ўтгани қайд этилган. Ўз навбатида, шаҳарнинг шимолий қисми «кулранг зона» бўлиб турибди, яъни у ерда жанглар ҳамон давом этмоқда.
Аввалроқ ISW таҳлилчилари РФнинг Константиновкадаги «тактик ютуқлари»ни қайд этишган, аммо тўлиқ назорат ҳақида гап кетмаган. «Россия қўшинлари сўнгги ҳафталарда Константиновкада тактик ютуқларга эришди, бироқ Россиянинг шаҳардаги мавжудлиги украинлар билан позицияларни алмашиб турувчи кичик диверсиячи гуруҳлардан иборат», – дейилганди таҳлил маркази хабарида.
ISW’нинг 4 июл кунги ҳисоботида бунгача кўп марта Россия кучлари у ёки бу ҳудудни эгаллаб олганида Украина қуролли кучлари бу ҳудудлар бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллагани эслатилган. «ISW шаҳар районларида Россия кучлари бўйлаб бундай зарбалар берилгани кадрларини учратмади», – дея хабар қилган таҳлилчилар.

Экспертлар таъкидлашича, сўнгги кунларда россиялик ҳарбийлар Константиновканинг турли қисмларида Россия байроқлари тасвирланган бир неча видеоларни эълон қилишган, бироқ бундай кадрлар «Россия қўшинларининг олдинга силжишини исботламайди, чунки роликлар кўпинча тезда узилади ва Россия позициялари ёки ҳарбийларнинг юзлари кўрсатилмайди». «ISW Россия кучлари шаҳарда автомобиллар ёки зирҳли техникалар, миномётлар ёки стволли артиллериядан фойдаланаётганидан дарак берувчи кадрларни ҳам қайд этмаган. Бундай кадрлар россияликларнинг у ерда жиддий даражадаги назорат ўрнатганини тасдиқлаган бўларди».
Институт ҳисоблашича, Россиянинг Константиновка эгаллангани ҳақидаги баёноти кўпроқ сиёсий аҳамиятга эга бўлган. «Путин ўз қўмондонлари билан учрашувни 3 июл куни кечқурун уюштирган, Қўшма Штатлардаги 4 июл байрами олдидан Ғарб оммавий ахборот воситаларида уруш қандай ёритилишига таъсир ўтказиш учун», –дейилади шарҳда.
Путин ва Зеленский Трамп билан гаплашди
Константиновка эгаллангани ҳақидаги хабарлар фонида, шанба куни Россия ва Украина президентлари Оқ уй раҳбари Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди. Уларнинг иккиси ҳам уни АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан табриклаган.

«Биз „Жавелин“лар ва „Патриот“лардан тортиб сиёсий қўллаб-қувватловгача бўлган барча ёрдам учун Қўшма Штатлардан миннатдормиз ва Американинг мустақиллигимизни ҳимоя қилишдаги қўлловини ниҳоятда қадрлаймиз», – дея ёзган Зеленский телеграмда.
«Албатта, биз президент Трамп билан фронтдаги ҳозирги вазият ва дипломатияни муҳокама қилдик. Бу урушни тугатиш учун реал истиқбол бор ва Американинг қатъияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Суҳбатни НАТОнинг Анқарадаги саммити чоғида давом эттиришга келишиб олдик», – деб қўшимча қилган Украина президенти.
Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков эса Россия президенти Трамп билан қарийб бир ярим соат гаплашгани, Россия раҳбари бошқа мавзулар қатори «Америка давлатчилиги шаклланишида Россиянинг қўшган ҳиссаси» ҳақида эслатган.
Ушаковга кўра, мулоқот давомида Украинадаги уруш мавзуси ҳам муҳокама қилинган ва Трамп ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва тинчликни излашга кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлаган.
«Президентимиз Россия қуролли кучлари ишонч билан олға юриб, аҳоли пунктларини бирин-кетин озод қилаётган жанг майдонидаги вазиятнинг ҳақиқий манзарасини тасвирлаб берди», – деган Ушаков.
Путиннинг ёрдамчиси «Украина қуролли кучлари учун муҳим таянч нуқта ҳисобланган Константиновка устидан назорат ўрнатилиши Донецк Халқ Республикасининг бутун ҳудудини озод қилишдаги муҳим босқич бўлгани»ни ҳақида ҳам гапирган.