Financial Times ёзишича, мазкур баҳолаш Украина президенти Володимир Зеленскийнинг аввалроқ билдирган маълумотлари, шунингдек, Украина разведкаси маълумотларидан хабардор ҳамда Россия раҳбарияти билан мулоқот қилувчи бир нечта манбаларнинг маълумотларига асосланган.

Нашрнинг ёзишича, Россия делегацияси аввалги тинчлик музокаралари давомида АҚШ вакилларига Вашингтон Украина томонини кенг кўламли ён беришларга кўндириши лозимлигини билдирган. Бу ҳақда музокараларда қатнашган юқори лавозимли украиналик амалдорлар маълум қилган.

Манбаларга кўра, уч томонлама — Россия, Украина ва АҚШ иштирокидаги музокараларнинг ёз охирига қадар қайта тикланиши эҳтимоли паст баҳоланмоқда.

Financial Times билан суҳбатлашган Москвадаги манбанинг таъкидлашича, Россия учун энг мақбул сценарий АҚШнинг Украинани муайян шартларга рози қилиши ҳисобланади.

«Россия томони ҳозирча ҳеч қандай ён беришга ишора қилаётгани йўқ. Улар аввалги мақсадларини такрорлашда давом этмоқда. Амалдаги музокара позицияси эса музокараларни бошлаш учун деярли ҳеч қандай асос қолдирмаяпти», — деган манба.

Нашр, шунингдек, Украинанинг Россия ҳудудларига учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга ошираётган ҳужумлари сўнгги ойларда мисли кўрилмаган даражага етганини қайд этади.

Полшанинг Rochan Consulting таҳлилий маркази маълумотларига кўра, фақат 2026 йил май ойининг ўзида Украина Россия нефтни қайта ишлаш заводларига 16 та муваффақиятли зарба берган. Бу бир ой ичида қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Нашр ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил бошидан буён Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари камида 194 марта дронлар ҳужумига учраган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 11 баробар кўпдир.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Россия ва Украинанинг Россия назоратидаги ҳудудлари устида қарийб 70 минг украин дрони тутиб қолинган. Шу билан бирга, уларнинг қарийб ярми охирги икки ой ҳиссасига тўғри келган.

Financial Times таъкидлашича, дронлар сонининг кескин ортиши Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига катта босим юкламоқда ва энергетика ҳамда ҳарбий инфратузилма объектларини ҳимоя қилишни анча қийинлаштирмоқда.

Нашрнинг украиналик юқори лавозимли манбаларга таяниб ёзишича, АҚШ разведкаси томонидан тақдим этилаётган маълумотлар Украина дронларининг нишонларга аниқроқ зарба беришида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Вашингтон дронлар учун ҳаво мудофааси тизимларини айланиб ўтиш мумкин бўлган энг мақбул йўналишларни танлашда ёрдам берган.