Жаҳон | 22:24 / 22.04.2022
62335
13 дақиқада ўқилади

Ғарб Украинага ҳарбий ёрдам стратегиясини ўзгартирди. Бу урушга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Сўнгги ҳафталарда АҚШ Украинага икки марта ҳар бири 800 миллион долларлик қийматга эга бўлган ҳарбий ёрдам пакети ажратди. Бу ҳарбий ҳаракатлар аҳоли тиғиз яшовчи Киев атрофидаги ҳудудлардан очиқ жойлардан иборат бўлган Донбассга кўчиши фонида рўй берди. Ғарбдаги экспертлар фикрича, Украина жануби-шарқида тўпланаётган россиялик ҳарбийлар зарбасига фақат енгил пиёдаларнинг мобил мудофааси билан (гарчи улар танкларга қарши қуроллар билан етарлича таъминланган бўлса-да) қарши туриш жуда қийин бўлади. Шу туфайли Ғарб давлатлари Украинага янги шароитларда жанг қилиш учун мосроқ келадиган қуролларни жўнатмоқда. Қолаверса, аввал Ғарб Украинанинг қаршилик кўрсатишини давом эттириш ва Россия армиясига максимал даражада зарар етказишни мақсад қилган бўлса, энди ёрдамлардан мақсад — урушда тўлиқ ғалабани таъминлаш бўлмоқда.

 АҚШ денгиз пиёдалари корпуси машғулотларида M777 гаубицасидан ўт очилмоқда. 2021 йил, октябр.
Lance Cpl. Brian Bolin Jr. / U.S. Marine Corps/ Reuters / Scanpix / LETA

Ғарбнинг Украинага янги ёрдам пакетларида эътиборга молик жиҳат миқдорнинг ўзи эмас (урушнинг биринчи ойида АҚШнинг ўзи 1,7 миллиард долларлик қийматдаги қуролларни етказиб берган), балки яққол номенклатура ўзгаришидир: энди танкларга қарши ракеталардан ташқари, Россия билан жанг майдонига артиллерия, пиёдалар ҳарбий машиналари, дронлар, вертолётлар, шунингдек, самолётлар учун эҳтиёт қисмлари жўнатилмоқда.

АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари эса украинларга танклар, ракета тизимлари ва замбараклар, узоқ масофадаги нишонларни йўқ қилувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда кемаларга қарши ракеталар етказиб беради. Бу етказмаларнинг бари украин армияси ҳаракатчанлиги, унинг қарши ҳужумга ўтиш қобилиятини ошириш, шунингдек узоқ масофадаги рус қўшинларига зарба бериши учун мўлжалланган.

Донбассдаги бўлажак жанглар шароитида айнан шуларга зарурат бор.

Ғарб Украинага қандай янги қуроллар етказиб бермоқда?

АҚШ таъминоти: 

  • Советлар даврида ишлаб чиқарилган 11 та Ми-17 русумли вертолёт;
  • 200 та M113 русумли зирҳли транспортёрлар;
  • 100 та «Ҳамви» русумли зирҳли автомобиллар;
  • 100 та Switchblade русумли танкларга қарши қўлланадиган дрон (камикадзе дронлар);
  • 121та Phoenix Ghost русумли тактик дронлар;
  • 100га яқин 155 миллиметр калибрли оғир гаубицалар;
  • Батарея кучларига қарши курашиш учун 10 та артиллерия радарлари;
  • Қўшимча танкка қарши Javelin ва олиб юрилувчи Stinger зенит-ракета комплекслари;
  • Дала артиллерияси ускуналари ва эҳтиёт қисмлар, самолётлар учун эҳтиёт қисмлар.

Бошқа давлатлар:

  • Словакия С-300 тизимлари;
  • Польша — 100та Т-72 русумли танк;
  • Чехия — 20 та RM-70 реактив ўт очиш тизимлари («Град» апгрейди) ва «Дана» русумли ўзиюрар гаубицалар;
  • Буюк Британия — 120 Mastiff ва Jackal зирҳли автомобиллари, оғир артиллерия тизимлари, «Бримстоун» ракеталари ва Starstreak зенит-ракета мажмуалари. Бундан ташқари, қўшимча танкка қарши ракета мажмуалари;
  • Нидерландия — PzH 2000 русумли гаубицалар ва зирҳли техникалар;
  • Франция — Caesar ўзиюрар артиллерия қурилмалари ва танкка қарши Milan ракета тизимлари;
  • Норвегия — 100 дона «Мистрал» зенит ракета мажмуалари.

Бундан ташқари, Финландия ўз армияси ресурсларидаги қуролларни Украинага жўнатишини маълум қилган, Германия эса ўзидаги оғир артиллерия қуроллари ва техникаларни Шарқий Европа мамлакатларига беради, бу мамлакатлар эса ўз ихтиёридаги совет даврига мансуб қуролларни Украинага ўтказади - украиналик ҳарбийлар НАТО давлатлари қуролларини ишлатишни ўрганиш учун вақт сарфланмаслиги учун.

Янги қуроллар украинлар мудофааси учун нима беради?
Янги ҳарбий ёрдам пакетлари аввалгиларидан катта миқдордаги оғир техникалар, артиллерия, узоқ масофалар учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва зирҳли техникалар билан тубдан фарқ қилади. Бундай тўпламлар назарий жиҳатдан Украина армиясининг заиф жойларини мустаҳкамлаши, шунингдек Донбасс ва Харков жанубидаги очиқ ҳудудларда самарали қаршиликни ташкиллаштириш имконини бериши керак.

Урушнинг биринчи босқичида етказиб берилган қуроллар (танк ва вертолётларга қарши ракета тизимлари) Киев атрофида ёки Чернигов ва Суми областларидаги ўрмонзор ҳудудлардаги жангларда, украиналик ҳарбийлар рақибнинг кучлари кўп йўналишлар бўйлаб тарқалиб кетган шароитда қанотлардан ҳужум қилиш ва таъминот тизимларига зарба беришида самарали бўлди.

Бу Киев атрофидаги жангларда қўл келган ягона ёрдам эмасди

Катта эҳтимол билан, НАТО сунъий йўлдош ва доимий равишда Украина чегарасидаги ҳудуд осмонида учиб турган разведкачи самолётлар орқали олинган разведка маълумотлари ҳам ўз ролини бажарган. Вашингтон бундай маълумотларни доимий равишда Киев билан бўлишиб келганини яширмаяпти. Амалда бу шуни англатадики, Россия армияси босқин бошланганидан ҳеч қанча вақт ўтмай кутилмаганда ҳужум уюштириш имконияти ва жанг майдонидаги вазиятдан хабардорлик бўйича устунликдан маҳрум бўлган.

Россия армияси энди рақибга зарба берганда Украина армиясидан кучли жавоб бўлишига ҳам тайёр бўлиши керак — янги шароитлар билан бирга етказиб берилган қуроллар тўплами ҳам ўзгарган.

Фронтда нималар бўлмоқда?

Россия ҳарбийлари Харков областидаги Изюм шаҳридан жанубда, Северодонецкда, Луганск областидаги Попаснаяда ва Запорожье областидаги Гуляйполеда кучларни жамлашда давом этмоқда. Харков области жанубига ва Луганск областига урушнинг биринчи босқичида Киев атрофига ташланган десант бўлинмалари кўчириб келтирилган.

Россия қўмондонлигининг мақсади аён: Донбассда Украина гуруҳини қуршовга олиш ва парчалаш. Шу билан бирга, март ойида Киев атрофида кечган жанглардан фарқли ўлароқ, россиялик ҳарбийлар энди ишончли ва нисбатан қисқа таъминот линияларига эга, шунингдек ҳужум кучи фронтнинг кичик участкасига зарба беришга қаратилади. Киев атрофидаги жангларда Россия қўшинларини Украинанинг танкларга қарши ракеталар (ҳам Ғарб етказиб берган, ҳам маҳаллий ишлаб чиқарилган) билан қуролланган, разведкачи дронлар билан таъминланган артиллерия, кичик танк гуруҳлари, махсус топшириқли бўлинмалар ва енгил пиёдалардан (жумладан ҳудудий мудофаа қисмлари) иборат мобил (бир жойдан бошқа жойга кўчиб юрувчи) мудофааси тўхтатганди. Донбассдаги очиқликларда россияликларнинг артиллерияси, танклари ва авиацияси бир бўлиб ҳужумга ўтишига бундай мудофаа дош бера олмасди.

Шу туфайли украин қўшинларига Россиянинг ўт очиш кучига қарши туриш, тўлақонли қарши ҳужумлар ташкиллаштириш, шунингдек, узоқ масофадан туриб россияликларга зарба бериш имконини берадиган оғир техника ва қуроллар керак.

Назарий жиҳатдан Ғарбнинг янги ҳарбий ёрдам пакетлари шу йўналишдаги қадамдир. Аммо Украина раҳбарияти ёрдам кўламидан қониқмаяпти: Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк ЕИ сўралган қуролларни бермаётгани ва қурол етказиш жуда секин амалга оширилаётганини ёзган; Подоляк АҚШнинг ёрдами ҳақида тўхталмаган. Катта эҳтимол билан, Украина ҳукумати мамлакат тўлақонли қаршилик кўрсатиши учун қирувчи ва зарбдор авиация етишмаяпти деб ҳисоблайди (Киев тез-тез самолётлар етказиб беришни сўрайди). АҚШ таклифи билан Словакия томонидан етказиб берилган С-300 батареяси (бунинг эвазига Братиславага Patriot мажмуалари юборилган) ҳавода устунлик қилиш учун етарли эмаслиги тайин. Президент Володимир Зеленский Россия авиациясига қарши курашиш учун қайта-қайта кўпроқ катта ва ўрта масофаларга ҳаракатланувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари (елкада олиб юрилувчи мажмуалар ҳисобмас) етказиб беришни сўраётгани бежиз эмас.

Ғарбдаги ҳарбий экспертлар ҳам Украина ҳукуматидагиларнинг бу борадаги фикрларига қўшилади: Донбассда бошланиши кутилаётган интенсив жанглар, маълум маънода қайси армия кўпроқ чидаб бериши бўйича мусобақадир. Россия армияси тезроқ «пароканда» бўлиши учун эса украин ҳарбийлари ўзига етган зарбадан кўпроқ зарба бериши керак бўлади. Донбассдаги кенгликлар, рақибнинг авиация ва ўт очиш кучи бўйича устунлиги шароитида эса бунга эришиш қийин бўлади. Керакли ёрдамлар келса ҳам кеч бўлиши мумкин.

Ғарб Украинага самаралироқ қуролларни нега аввалроқ етказиб бермаган?

Бунинг асосий уч сабаби бор эди:

  1. Россиядагилар каби, Ғарбдаги экспертлар, сиёсатчилар ва ҳарбийлар ҳам урушдан олдин Украина Россия армиясига узоқ вақт туриб бера олишига ишонмаган. Энг эҳтимолий сценарий кураш бир неча оймас, бир неча ҳафта ичида партизан ва контрпартизан ҳаракатларига ўтиши ҳисобланган. Бундай сценарийда оғир қуролларни етказиб бериш ресурсларни беҳуда сарфлаш бўларди. Шунинг учун у қадар шиддатли кечмайдиган партизан урушларида россиялик ҳарбийларга зарбалар бериши мумкин бўлган пиёдаларни яхшироқ қуроллантиришга асосий эътибор қаратилган (танкларга қарши ракеталар ва олиб юрилувчи зенит комплекслари). Шу билан бирга худди шу қуроллар Россия армиясининг бутун оператив йўналишларда олдинга силжишини самарали тўхтата олиши маълум бўлди (Россия қўмондонлиги ҳам кучларни ҳал қилувчи участкаларга тўплай олмади ёки буни истамади). Юқорида айтилганидек, кучларни Донбассда жамлаш орқали қўмондонлик бу стратегик хатони тузатишга ҳаракат қилмоқда.
  2. Ғарбда Украинага тезкор равишда етказиб бериш мумкин бўлган оғир ва замонавий техникалар кўп эмас. Ғарб намунасидаги қуроллар тезкор ёрдам учун мос эмас: улардан самарали фойдаланиш учун, украиналик ҳарбий хизматчиларни узоқ вақт давомида қайта ўқитиш талаб этилади. Шунингдек бундай қуроллар учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш ва таъмирлаш тизимини йўлга қўйиш керак бўлади (яъни таъмирловчи бригадаларни ҳам тайёрлаш керак). НАТОнинг Шарқий Европадаги аъзоларида ҳам советлар даврига мансуб қуроллар у қадар кўп эмас.
  3. Ва ниҳоят, ҳатто Ғарбнинг узоқ вақт давомида ўзлаштиришни талаб қилмайдиган қуролларини ҳам (масалан, танкка қарши ракеталар, замонавий гранатомётлар ва қўл зенит ракета комплекслари) НАТО чексиз миқдорда етказиб бера олмайди. СССР қулагач, Европада узоқ ва интенсив давом этувчи урушлар бўлиши эҳтимоли жуда паст деб ҳисобланган, АҚШ ва иттифоқчилари захиралар ва қурол ишлаб чиқариш ҳажмларини қисқартирган. Украинадаги уруш ҳозирданоқ танкка қарши Javelin ракеталари захираларини тугатмоқда: АҚШ Киевга ўз арсеналидаги бундай комплексларнинг учдан бир қисмини жўнатиб бўлган. АҚШ қуролларни кенг кўламда ишлаб чиқаришни тезлик билан тиклай олмайди: бунинг учун малакали ишчи кучлари ва ишлаб чиқариш қуввати йўқ.

Демак, Украина Донбасс учун жангни ютқазадими?

Россия армияси кучларни ҳужум қилиш учун оператив йўналишга тўплаш орқали ҳам муваффақиятга эришиши кафолатланган эмас. Барчаси Россия қуролли кучлари ҳозирда қандай ҳолатда эканига боғлиқ — урушнинг дастлабки босқичидаги қатор муваффақиятсизликлардан кейин.

Бостириб киришда йўл қўйилган барча хатоларни тузатиш учун Кремл ва Россия Бош штабида вақт йўқ. Россия ҳозир урушни узоқ давом эттириш учун ортида НАТО турган Украинага қараганда камроқ ресурсларга эга. Ғарбдан кўра Россия армияси учун урушда йўқотилган техникалар ўрнини — айниқса замонавий қуроллар ўрнини тўлдириш қийинроқ.

Аммо асосий муаммо — жонли куч етишмовчилиги бўлиши мумкин: Россия армияси жиддий йўқотишларга учраган, мамлакат эса тинч вақт режимида яшашда давом этмоқда: захирадагиларнинг кенг кўламли сафарбарлиги ўтказилмади, ҳозир армия сонини кескин ошириш (айниқса малакали кадрлар ҳисобига) имконсиз. Ҳатто чекланган сафарбарлик ҳам Кремл учун сиёсий жиҳатдан маъқул бўлмаслиги мумкин. Бу шуни англатадики, урушда сиёсий мақсадларга эришиш учун Россияда қисқа муддатли кампания ўтказиш имконияти бор, акс ҳолда уруш яна узоқ чўзилиб кетиши мумкин ва мамлакат бунга тайёр эмас.

Россия қўмондонлиги Украинанинг Донбассдаги йирик гуруҳини (мунтазам армиянинг учдан бир қисми) тезда қуршовга олиши ва яксон этиши талаб этилади. Шу билан бирга, Украина шарқдаги бу гуруҳни Киев, Чернигов ва Суми мудофаасидан озод бўлган кучлар билан тўлдириб, кучайтириши мумкин. Ўз навбатида, Россия армияси ҳамон тактик муаммоларга эга; россиялик ҳарбийлар ҳамон жанг майдонидаги вазият бўйича маълумот олишда яққол устунликка эга эмас (Киевга НАТО техник разведка билан ёрдам бераётгани туфайли ҳам).

Шунинг учун Россия армияси ҳозирги ҳолатида бундай улкан кўламдаги вазифани бажара олмаслиги мумкин — ҳатто украин қўшинлари Ғарбдан кенг кўламли қарши ҳужумга ўтиш имконини берувчи қуролларни олмаган тақдирда ҳам.

Мавзуга оид