07:58 / 22.04.2022
15683

Испания ва Дания Украинага қўшимча қурол-яроғ юборишини эълон қилди

Испания бош вазири Педро Санчес ҳамда Дания бош вазири Метте Фредериксен Украина пойтахти Киевга борди. Учрашув давомида икки давлат етакчиси Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди.

Фото: Украина президенти офиси

Зеленский билан учрашувдан аввал Испания ва Дания етакчилари Киев яқинидаги Бородянка шаҳарчасида бўлишди. 28 февралдан 1 апрелгача рус қўшинлари назоратида бўлган ушбу ҳудудда юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

«Бородянка кўчаларида Путиннинг уруши вақтида содир этилган ваҳшийликдан даҳшатга тушдим. Украинани ёлғиз қолдирмаймиз», деб ёзди Испания бош вазири Педро Санчес Твиттердаги саҳифасида.

Шундан кейин Испания ва Дания етакчилари Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди. Учрашувдан кейин учала сиёсатчи иштирокида брифинг ўтказилди. Дания бош вазири Украинага ҳарбий ёрдам бериш учун мамлакат қўшимча 600 миллион крона (87 миллион доллар атрофида) ажратилганини маълум қилди. Шу тариқа уруш бошлангандан буён Дания Украинага кўрсатган ҳарбий ёрдам миқдори 1 миллиард кронага етди. Бу 145 миллион доллардан кўпроқ дегани.

Шунингдек, Дания бош вазири мамлакат Украинага озод қилинган ҳудудларни миналардан тозалашда ёрдам беришини айтди. «Бугун ўз кўзим билан кўрдимки, одамлар уйларига қайтиши учун ҳудудларни миналардан тозалаш жуда зарур. Бу борада, умуман, мамлакатни қайта тиклашда Украинага ёрдам бермоқчимиз», деган Метте Фредериксен.

Испания бош вазири Педро Санчеснинг айтишича, мамлакат Украинага уруш бошланганидан буён юборилган қуроллардан икки баравар кўпроқ ҳарбий кўмак жўнатган. Польша портларига олиб борилган ҳарбий ёрдам 200 тонна ўқ-дори, 30 та юк машинаси ва 10 та енгил автомобилдан иборат. Аввалроқ Испания Лвовга катта миқдорда тиббий воситалар ва тез ёрдам машиналари юборганди.

Маълум бўлишича, уруш бошлангандан буён 135 минг атрофида украиналиклар Испанияда қўним топган. Уларнинг аксари аёллар ва ёш болалар бўлиб, 64 минг украиналик вақтинча яшаш ҳимоясини олган. Испания Барселона, Мадрид ва Аликантеда украиналик қочоқларни қабул қилувчи учта қўшимча марказлар очган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top