Ўзбекистон | 14:06 / 23.04.2022
14642
3 дақиқада ўқилади

Ҳали ҳам одамлар яшайдиган тирик қадимий шаҳар – Ичан-қалъадан фоторепортаж

Kun.uz мухбири Ўзбекистоннинг тарихий аҳамиятга эга Ичан-қалъа меъморий ёдгорлигидан фоторепортаж тайёрлади.

18-19 апрел кунлари Туризм ва маданий мерос вазирлиги, маданий мерос агентлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги журналистлар учун Хоразм вилоятига инфотур ташкил қилди. Kun.uz мухбири Ичан-қалъа меъморий ёдгорлигидан фоторепортаж тайёрлади. 

Ичан-қалъа Ўрта Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорлик бўлиб, Хиванинг ички қалъа (Шаҳристон) қисми. Ичан-қалъа шаҳарнинг Дишан қалъа (ташқи қалъа) қисмидан кунгурадор девор билан ажратилган. У Хива работи (Дишан қалъа)дан баланд қўрғонтепага ўхшаб кўринади. Ичан-қалъага 4 дарвоза (Боғча дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза, Ота дарвоза)дан кирилган. 26 гектар ер майдони 2200 қалин пахса девор билан ўраб олинган. 

Хон замонида шаҳар дарвозаларида божхона бўлган. Келган сайёҳлар шаҳарга киришдан аввал бож тўлаб кирган, саррофхоналарда пул айирбошланган. Қадимда келган меҳмонлар қалъанинг шарқий қисмида жойлашган ҳаммомда ювиниб покланиб касалликлардан фориғ бўлиб, кейин шаҳарга киришига рухсат берилган.

19 асрда шаҳар дарвозалари эрталаб бомдодга азон айтилганда очилган, кечки пайт хуфтон намозида ёпилган. Хива шаҳрининг 80 фоизга яқин тарихий ёдгорликлари жам бўлган. 1967 йилда шаҳарда музей қўриқхона ташкил қилинган ва 90-йилларда 100-тарихий шаҳар бўлиб Марказий Осиёда биринчилардан Юнесконинг тасарруфига киритилган.  

Ичан-қалъа марказида ХХ аср бошларига тегишли ноёб диний муассаса – Исломхўжа мадрасаси меъморий ансамбл мадрасанинг ўзи ва баландлиги 45 метр бўлган минорадан иборат. 

Ичан-қалъанинг шимол ва жанубида 2,500 аҳоли яшайди. Қизиғи, Ичан-қалъа ичида яшовчи аҳоли ўз хонадонида меҳмон уйларини ташкил қилган. Қалъа ичидаги аҳоли ҳунармандчилик ва уйидан очган меҳмон уйларидан тушган фойда эвазига рўзғор тебратади. 

Бундан ташқари, Ичан-қалъада гиламчилик устахонаси ҳам бор. Тўқувчиларнинг сўзларига қараганда, 120х180 сантиметрлик гилам 6 ой давомида тайёрланади. Ипакдан тайёрланган гиламлар оловда куймайди, асрлар давомида хизмат қилади. 

Хива хонининг элчиларни қабул қилувчи саройи. Саройнинг 8 ойнаси “камера” вазифасини ўтаган. Ойналарнинг орқа тарафида соқчилар туриб хонни ҳимоя қилгани айтилади.

Мадина Очилова, Kun.uz мухбири

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид