Ўзбекистон | 14:00 / 23.04.2022
11566
4 дақиқада ўқилади

ССВ Сурхондарёда соғломлаштириш акциясини ўтказмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг республика бўйлаб ўтказаётган соғломлаштириш акцияси давом этмоқда. Сурхондарёда бўлиб ўтаётган акцияда мураккаб буйрак кўчириш операциялари ҳам амалга оширилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сурхондарё вилоятида соғломлаштириш акциялари бўлиб ўтмоқда. Мазкур акцияларни ўтказишдан мақсад Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашдан иборат.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Акция доирасида Сурхондарёдаги бир қатор тиббиёт муассасаларида пойтахтдан келган малакали шифокорлар бошчилигида кўплаб юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди.Шундай амалиёт ўтказилган беморлардан бири термизлик 64 ёшли Рўзиҳол Хожиева 4 ойдан буён бир нечта шифохоналарда даволаниб, дардига шифо топмаётган эди. Унда диафрагма чурраси аниқланган ва бу касалликдан фориғ бўлиш учун Тошкентга бориб операция қилдириш лозимлиги айтилган. Лекин бемор айнан Термизнинг ўзида, пойтахтдан борган тажрибали мутахассислар томонидан операция қилинди. Бу мураккаб операция воҳада биринчи марта ўтказилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

"Кўпчилик танишларим “Пойтахтга бормасанг, тузалмайсан”, дейишганди, бироқ кўриб турганингиздек, оғир хасталикдан шу ернинг ўзида халос бўлдим. Бўларкан-ку, Тошкентга бормай, Термизда ҳам даволанса. Бунинг учун шифокорларимизга, соғломлаштириш акциясининг ўтказилишига сабабчи бўлган барча инсонларга ўз миннатдорлигимни билдираман",- дейди бемор.

90 ёшли Норхол момо Ғоффорова бир неча йилдан бери тўшакка михланган, унда коксартроз хасталиги аниқланган. Шифокорлар беморда мураккаб операция ўтказиш лозимлигини айтишган, аммо бу операция учун маблағ муаммо бўлаётган эди. Вилоятда олиб борилаётган соғломлаштириш акциясида бу муаммога ечим топилди. Операция Сурхондарёнинг ўзида, бепул амалга оширилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Навқирон ёшида оғир касаллик туфайли яримжон бўлиб қолаётган беморлар учун акция айни муддао бўлди. 45 ёшли чавандоз Ўрол Абдураҳмонов отдан йиқилиш оқибатида олган жиддий жароҳати вақт ўтиб суяк емирилишига олиб келади. Фақат Тошкентда ўтказиладиган қиммат операция учун оилада етарли шароит йўқлиги сабаб соғайишдан умиз узган бемор акция доирасида операция қилинди. Эндопротезлаш амалиётидан сўнг 3 фарзанднинг отаси ҳаётга қайтарилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Сурункали буйрак етишмовчилиги билан касалланган беморларнинг кун тартиби, ҳаёт сифати бошқа беморларникидан тубдан фарқ қилади. Уларнинг аксарияти гемодиализ муолажасини олиб юришга мажбур.

Музработ туманида яшовчи 27 ёшли Файзулло Чориев ана шундай беморлардан бири эди. Ҳафтада ўтказиладиган 4-5 соатлик гемодиализ муолажалари билан яшаб келарди. Сўнгги вақтда аҳволи янада оғирлашган бемор тўшакка михланган. Тошкентдаги академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида унга ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилиб, зудлик билан буйрак кўчириш операцияси тавсия қилинган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғломлаштириш акциясида воҳада бўлган малакали шифокорлар бу операцияни ўша ернинг ўзида ўтказишди. Беморга ўз акаси донорлик қилди ва ҳозирда ҳар иккала ака-укаларнинг аҳволи яхши эканлиги айтилмоқда.

Худди шундай мураккаб буйрак кўчириш операцияси 5 ёшли Абдулла Тўраевда ҳам муваффақиятли ўтказилди. Беморга отаси, 62 ёшли Тожи Тўраев ўзининг бир буйрагини берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ҳозир бемор А.Тўраев трансплантолог мутахассислар тиббий кузатуви остида бўлиб турибди. Унинг буйрак фаолияти тикланишида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Шунингдек, беморга донорлик қилган отасининг саломатлиги ҳам кундан кун яхшиланиб боряпти.

Вазирлик хабарига кўра, Сурхондарёдаги соғломлаштириш акцияси тадбирларида ҳозиргача 200 нафарга яқин оғир беморда давлат ҳисобидан мураккаб операциялар ўтказилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.

Мавзуга оид