Риштондаги «Қўрғошин операцияси»: Барака мозордаги ширк амаллар
Риштон тумани Бўстон қишлоғида жойлашган, халқ орасида Хизр бува, Барака мозор деб аталувчи зиёратгоҳга нафақат водий вилоятлари аҳолиси балки қўшни вилоятлардан ҳам ташриф буюрувчилар топилади.
Зиёратгоҳда Хизр алайҳиссаломнинг қабри жойлашганлиги айтилади. Лекин бу ҳеч қайси манбада ўз тасдиғини топмаган. Масканни «ширк амаллар уяси» дея таърифлаш мумкин.
Динимизда сеҳр-жоду, фол очиш гуноҳ амал саналади. Аммо бу зиёратгоҳда олов иссиғида қўрғошин эритилиб, унинг шаклига қараб фол очилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фол очтириш учун келганлар соатлаб навбат кутишига тўғри келади.
Мозорга кираверишдаги икки йўлакда қўрғошин, дастрўмол, кўзмунчоқ, исириқ, чой, туз каби маҳсулотларнинг бозори чаққон.
Бу масканга хос жиҳат — меҳмонни пайқаган сотувчилар унинг атрофини дарҳол ўраб олиб, қўлига қўрғошин ва дастрўмол тутқазишиб қўйиши.
Мозорда бўлиб, қўрғошин эритилиши, унга қараб фол очилиши жараёнини яширин тасвирга олиш учун, ўзимизни зиёратга келган киши қилиб кўрсатишга мажбур бўлдик.
Бошида очиқча съёмкага ҳаракат қилиб кўрдик. Биздан шубҳаланган сотувчилар зимдан кузата бошлашди. Ортимиздан ҳатто «пойлоқчи аёллар» соядек эргашди.
Шундан кейин қўрғошинни қуйиш ва фол очиш жараёнини тасвирга яширин туширишга қарор қилдик. Шунда ҳам икки аёл ортимиздан «таъқиб» қилишни бас қилмади. Биз қўрғошин эритилаётган қозон ёнига бориб, ҳолат билан танишдик, ўзимиз ҳам ташқарида қўрғошин сотиб олдик.
Аёл зиёратчилар сотиб олган қўрғошинни қозонга солиб эритиб берар, одамлар эса турли хил шаклга келган қўрғошинни пиёла ичига солиб навбатга турар эди.
Биз ҳам секин бориб навбатдаги аёллар орасига кириб олдик. Яширин камера билан жараённи тасвирга олиш учун фол очаётган аёлнинг яқинигача боришга ҳаракат қилдик.
Фолбин аёл сўрига ўтириб олган. У навбатма навбат олов тафтида эриган қўрғошиннинг шаклига қараб фол очарди. Қўрғошинга қараб фол очтираётганлар орасида эркаклар ҳам бор эди.
Шу ердаги аёллардан бири эркаклар навбатсиз қабул қилинишини айтди. Бизни таъқиб қилаётган хос аёллардан бири навбатда турганимизда ҳам ёнимизга келиб, бизни қаердан ва нима мақсадда келганимизни яна бир бор сўраб, кўздан ғойиб бўлди. Бу Барака мозорда назоратчилар борлигидан далолат эди.
Навбатда турган аёллардан бири 6 ёшли қизига фол очдирди. Фол очаётган аёл мижозининг қизи магистратурага ўқишга киришлиги, келажакда фикрини пулга сотадиган даражада кучли аёл бўлиб етишиши, доно қиз бўлишини айтиб, дуога қўл очди.
Навбатдаги аёл сўридаги аёлга қўрғошинни кўрсатди. Фол очувчи аёлнинг қўли қўлига тегмасди...
– Бу кимнинг қўрғошини? – сўради фолбин.
– Укам Муроджонники
– Жуфтининг исми нима?
– Нилуфар. Иее исми нима эди?!
Аёл ҳаяжонланганидан ўз укасининг турмуш ўртоғи исмини эсидан чиқариб қўйганди.
– Укангизнинг бу никоҳидан нечта ўғли бор?
– Энди бўлади...
– «Чўччивой» экан. Ўғил болача экан.
– Жияним биринчи никоҳидан ажраб кетган. Ҳозир «банкрот» бўлиб кетган...
– Шакарни қошиққа соласиз... Ўтга қўйсангиз эрийди. Шунинг устига қўрғошин қўясиз.... Остонангизга биров келиб, «ётиб олиб» узр сўраса, кечирган бўлармидингиз?
Кутилмаган саволдан фол очтираётган аёл нима дейишни билмай қолди. Фолбин эса сўзида давом этди.
– Ер учун уйингизда жанжал чиқади. Бу жанжалда ютиб чиқасиз. Кетма-кет уйингизда уста ишлатасиз...
Фолбин аёл шу алфозда фол очишда давом этарди. Навбат кутиб турганларнинг сон-саноғи йўқ....
Навбатда турган аёллардан яна бири ийманибгина сўради:
– Бир нарса сўрасам майлими?
– Майли, сўранг...
– Мана шу қизим фарзандли бўлмаяпти-да... Оиласидан ажратиб олсакмикин, деб турибмиз...
– Ажратиб олманг. 200 фоиз жавоб бераман. Аниқ болали бўлади...
Қўрғошинни қўлига олиб навбат кутавериб зериккан шеригим «опа, меникиниям кўриб беринг», деди. Бахтга қарши, 30 ёшлардаги аёллардан бири чаққонлик қилиб, одамлар орасига суқилди ва шошганича фолбин қўлига эритилган қўрғошин тутқазди.
– Ютдим деб ўйлаяпсизми? Ютқиздим дебми? – Фолбин мижозидан сўради.
– Нимани назарда тутяпсиз?
– ...
– Сиз ҳаётда ютиб чиқдингиз. Мен сиздан ютқазишни олиб ташладим. Кимдандир дард олиб қўйилади. Кимдандир ютқазиш. Сиздан айнан ютқазишни олиб қўйдим. Уйга бориб биринчи бўлиб арзон уйга тўлов қилиб қўясиз. Кейин тил ўрганинг. Рулда юрмоқчимисиз?
– Йўқ, қўрқаман...
– Бахт берса, олган бўлармидингиз?! Оиласи бор инсон бахт таклиф қилса рози бўлармидингиз?
– ....
– Чин бахт, тил ўрганиш, иморат, тахтиниям қўшиб берсин....Ҳар қандай суд ишида ютиб чиқасиз. Ишингиздан «сокрашение» бўлмайсиз, ҳеч нарсадан қуруқ қолмайсиз. Ишингиз тўртинчи даражали нарса.
Кейингиси... Бу кимнинг қўрғошини? – фолбин аёл навбатда турган аёлларга сўроқ оҳангида қаради. Аёллардан бири «меники» дея юзи билан ишора қилди.
– Бу қўрғошин кимники?
– Дилфузаники...
– Дилфуза ким?! Оймомоча тушибди (қўрғошин шаклини назарда тутяпти)
– Мен...
– Дилфузада нечта қиз бор?
– 1 та қизчам бор...
– Осмонда ой нечта бўлади?
– 1 та бўлади...
– Ҳеч ким ета олмаган бахтга Дилфузанинг қизи етсин. Ер бўйича оилада жанжал келиб чиқади. Жанжалда Дилфуза ютиб чиқади.
– Бозордан жой беришса, олган бўлармидингиз?!
– Йўқ...
– Иморат калити берса, олган бўлармидингиз?
– Олган бўлардим...
– Мана шу қўрғошинни молхонага олиб бориб илиб қўясиз. Туёқ шундай кўпайиб берадики....
Ва ниҳоят шеригимга навбат етиб келди. У пиёлага солинган қўрғошинни аёл қўлига аста тутқазди. Мен эса қўлимдаги яширин камерани аёлга яқинлаштирдим...
– Исмингиз нима?!
– Акмалжон...
– Никоҳга хиёнат қилмайман, деб менга сўз берасиз...
– Никоҳга хиёнат қилмайман...
– Энг аввало машина ёки бешик тушибди. Мен сиздан жудоликни олиб ташлайман. Дадамизнинг, онамизнинг никоҳидан нечта қизлари бор?
– Битта...
– Исми нима?!
– Раъно..
– Кийимдан ортиб қолса, уни кийинтираман, тўйимдан ортиб қолса, тўй қилиб бераман. Машинамдан ортиб қолса, Раъно номига салондан машина олиб чиқиб сюрприз қиламан, деб ният қилинг. Хўпми?!
– Хўп...
– Хизр отани кимдир далада учратади. Кимдир тушида. Кимдир спортдан топяпти. Кимдир савдодан, яна кимдир формадан...
– Ишингизнинг йўли берк, очмайман... Гадойга садақа берасизми, бировнинг оғирини енгил қилса дуо қилади-ку? Кам меҳнат, сердаромад бўлсин, деб дуо қилинг хўпми?
– Қиз бешик менда қоляпти. Ўғилни 10 та берсаям олиб ташламаймиз.
Шундай қилиб ҳамкасбимни «қиз фарзанд кўрмайдиган» қилиб қўйди фолбин аёл. Қўрғошин «операцияси»нинг гувоҳи бўлиб, ҳайратда зиёратгоҳни тарк этдик...
***
Риштон туманидаги «Бўжай» масжиди имом-хатиби Улуғбек Тожиев Барака мозорда ҳақиқатан ҳам нотўғри амаллар қилинаётгани, мавжуд бўлмаган қабр атрофида айланиш, қўрғошин қуйиб фол очиш шариатимизда гуноҳи кабира ҳисобланишини таъкидлади.
«Бўстон қишлоғида жойлашган Барака мозорда аслида Хизр алайҳиссаломнинг қабри йўқ. Қабрни ўзларича бино қилиб одамларни чалғитиб келишмоқда. Келган зиёратчилар ҳам зиёрат одобини билишмайди. Йўқ қабр атрофида айланиб шариатимизга зид бўлган ширк амалларни ўзлари билмаган ҳолатда бажариб қўйишмоқда.
Динимиз бу ишларни қоралайди. Динимиз бу ишлардан қайтарган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Моида сурасида “Эй иймон келтирган бандаларим, хамр, қимор, будлар ва фол очадиган чўплар ифлосликдир, шайтон ишидир. Бас, улардан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангизлар”, деб бу ишлар ниҳоятда гуноҳ амал экани тўғрисида огоҳлантирган. Шариатимизга зид бўлган, яъни мавжуд бўлмаган қабр атрофини айланиш, қўрғошин қуйиб фол очишдан шариатимиз қайтарган.
“Бўстон” МФЙ идорасида бир неча бор ана шу жойда хизмат қилаётган опа-сингилларимизга қилаётган ишлари гуноҳ эканини айтиб, тушунтириш ишларини олиб бордик. Бунинг фойдаси бўлди. Лекин атроф туманлардан, атроф вилоятлардан келаётган зиёратчиларимиз ҳануз бу амалларни бажаряпти. Албатта, биз бу ишлар нотўғри эканини халқимизга тушунтирмасак, тобора оммалашиб кетади.
Агар Барака мозордаги ҳозирги қилинаётган ишлар тўғри дейиладиган бўлса, иймонига путур етиб қолади. Аллоҳ паноҳ берсин. Ўзлари шариатни тушунмаганидан, нафсига қулоқ тутишидан, арзимаган тирикчиликни сабаб қилиб бу амалларни қилишяпти. Лекин бу аслида шариатимизда оғир гуноҳи кабира ҳисобланади», – дейди Улуғбек Тожиев.
Барака мозори айниқса, ёз фаслида ҳар доимгидан гавжум бўлар экан. Айримлар оилавий, кимлардир ҳамкасби билан келишади. Зиёратчилар касби-коримга, рўзғоримга барака кирсин, деб бу ерда ўзлари билмаган ҳолда ширк амаллар қилишади.
Зиёратгоҳда тут дарахти остида мақбара қурилган. Мақбара ичида эса хотин-халаж, ёшу қари бир талай. Ташриф буюрувчилар зиёратгоҳ тупроғини хасталикларга суртиш шифобахш деб ҳисоблашиб, бидъат амаллар қилишмоқда.
Маълум бўлишича, бир неча йил аввал Барака мозорга Қўқон шаҳридан илм соҳиби бўлган марҳум Саид Аъзамхон қори келиб, одамларни бидъатдан қайтармоқчи бўлиб, маъруза ўқиган. Фирибгарликдан яхшигина даромад топаётган одамлар маърузачини тошбўрон қилишига бир баҳя қолган. Саид Аъзамхон қори оломон таъқибидан базўр қочиб қутулган экан.
Қизиқ, қўрғошинга қараб келажак тақдирни айтиб бериш ёки бунга ишониш орқали кўпчилик ҳали ҳам бидъат амалларга ўралашиб юрганини англолмай юрибди. Эртага инсон тақдирида қандай ўзгариш содир бўлиши фақат Яратганга аён. Эритилган кимёвий элемент эса айримларни ҳар йўрғага солаётган жисмдан бошқа нарса эмас.
Мақола ва видеолавҳа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертизасидан ўтказилган.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
18:47 / 05.07.2024
“Фуқарога жароҳат етказилгани аниқланмади” – Риштонда ИИБ хонасида ҳушини йўқотган фуқаро бўйича маълумот берилди
14:42 / 05.07.2024
Риштонда ИИБ хонасига олиб кирилган фуқаро ҳушини йўқотиб, реанимацияга ётқизилди
17:13 / 27.06.2024
Фарғонада “Ласетти”нинг газбаллони портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди
13:48 / 09.09.2023