Раббинисо Тожиалиеванинг ҳаёт йўли анча мураккаб. Бундан бир неча йил муқаддам автоҳалокат туфайли у турмуш ўртоғи ва ўғлидан ажралади. Бахтсиз ҳодисадан кейин ота ҳовлисига қайтиб келган она қолган икки қизи учун ҳам ҳаётда кучли бўлиш кераклигини англаб етади. У 43 ёшида қизи билан олийгоҳда бирга ўқиб дипломли ҳам бўлади. Айни пайтда Раббинисо опа Риштон туманидаги 18-мактабда ўқитувчилик қилади.
Мактабсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман...
“Ёшим 57 да, пенсияга чиққанимга уч йил бўлди, лекин мактаб, болаларсиз яшай олмайман. Ўқитувчилик шарафли касблардан бири. Ўқитувчиликнинг нонини ейишнинг ўзига яраша масъулияти бор албатта. Бу масъулиятни доимо ўзимда ҳис қиламан. Бошланғич синф ўқувчилари айниқса, беғубор бўлади. Улар билан мулоқот қилганингизда бутун қалбингиздаги бошқа бир ғуборлар тарқалади-да, ўзингиз ҳам ёш боладай бўлиб қоласиз.

Уч фарзандим бор эди. Икки қиз, бир ўғил. Бу дунё синовлари кўп экан. Турмуш ўртоғим билан ўғлим бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этишди. Икки қиз билан қолдим. Ўшанда 39 ёшда эдим. Турмуш ўртоғим 42 ёш, ўғлим эса 15 ёш эди. Ўша биринчи дақиқаларда бўлди, ҳаёт тугади энди деган ўйга борганман. Биринчи мияга келган фикр шу бўлар экан-да одамзотда. Лекин тўнғич қизимнинг “Она, биз-чи?” деган гапи ҳаётимни ўзгартириб юборди. Шу биргина сўздан кейин ўзимга келдим. Ўша дақиқадан бошлаб қийналган пайтларимда, маблағ томонидан бўладими, меҳр томониданми, шу қизимнинг “Биз-чи?” деган гапи қулоғимда жарангларди. Ҳа, иккита қизим бор-ку. Шулар учун яшайман энди бундан кейин, иложи йўқ деб қизларим учун ҳам яшай бошладим.

Катта қизим 11-синфни битирди. Биринчи, иккинчи йили ўта олмаган бўлса ҳам барибир қайтмади йўлидан, мен ҳам қайтмадим. Ўқийсан, барибир ўқийсан. Хотирингни бир жойга қўйгин. Тайёргарликни ҳам ташлаб қўйма, касбни ҳам ўрган, деб тайинлардим. Тикувчиликка ҳам бердим орада. Бичиш-тикишни ҳам ўрганиб олди. Кейин омади келди. Фарғона Давлат университетининг физика-математика факультетига ўқишга кирди.
Энди шу пайтларда ўрта махсус маълумотлиларга дарс бериш камаяётган эди. Олий маълумотлилар кўпайиб, бизнинг ўрнимизга улар ишга келиши керак эди. Лекин мен, хўп энди ўрта махсус маълумотлиман, олий маълумотли дипломим йўқ. Нима қиламан? Қизларим ўқишга кирди. Контракт, шартнома асосида ўқишга кирди. Уни пулини тўлаш керак. Нимадир қилиш керак...












