Ўзбекистон | 13:15 / 25.04.2022
10857
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда АҚШ кўмаги билан манфаатлар тўқнашуви соҳасида ўқув платформаси яратилади

АҚШга ташриф буюрган Аксилкоррупция агентлиги делегацияси коррупцияга қарши курашда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ва журналистларнинг малакасини ошириш ва махсус ўқув-тренинг тадбирларини ўтказиш бўйича келишувга эришди.

Фото: Аксилкоррупция агентлиги

Жорий йил 20 апрелдан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Америка Қўшма Штатларига ташрифи бошланди.

Агентлик матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ташрифдан кўзланган мақсад – АҚШнинг коррупцияга қарши курашувчи идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш.

Фото: Аксилкоррупция агентлиги

22 апрель куни Бурҳонов бошчилигидаги делегация вакиллари The Boston Globe нашри муҳаррири Рейчел Коен билан коррупциянинг олдини олиш, уни фош этишда матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг роли борасида муҳокамалар ўтказган.

«Мулоқот мобайнида очиқлик ва шаффофлик, фаол жамоатчилик назорати коррупциянинг олдини олишда энг самарали воситаларидан бири экани қайд этилди. Хусусан, америкалик журналистлар томонидан ўз тажрибалари мисолида давлат амалдорлари билан ишлаш, коррупцияга қарши курашиш йўналишида журналистик суриштирув олиб бориш ва бу жараёнда фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорлик масалалари хусусида батафсил маълумот берилди», – дейилади расмий ахборотда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов The Boston Globe нашри муҳаррири Рейчел Коен билан Фото: Аксилкоррупция агентлиги

Шунингдек, мулоқот якунида журналистлар малакасини ошириш, уларнинг коррупция ҳолатларини ёритишдаги фаоллиги ҳамда салоҳиятини кучайтириш, журналистик суриштирувларни ўтказиш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама этилиб, бу борада АҚШ вакиллари томонидан Ўзбекистонда махсус ўқув семинарларини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилган.

Делегация аъзолари 23 апрель куни АҚШ Бош прокурори идорасига ташриф буюрди. Ташриф давомида АҚШ Коррупцияга қарши кураш ва махсус прокуратура бўлими бошлиғи ўринбосари Евгения М.Керрис билан коррупция ва унга алоқадор жиноятлар бўйича федерал таъқиб қилиш, федерал даражада суриштирув ва тергов ҳаракатларини олиб бориш масалалари юзасидан мулоқотлар ўтказилган.

«Учрашувлар якунида томонлар ўзаро тажриба алмашиш, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар учун махсус тренинг тадбирларини амалга оширишга келишиб олди», – дейилади агентлик хабарида.

23 апрель куни делегация аъзолари АҚШнинг коррупцияга қарши кураш соҳасида фаолият юритувчи муҳим таҳлил марказларидан бири ҳисобланган «Пионер» институти (Pioneer Institute) ижрочи директори Дим Стергиос билан учрашди.

Бугун, 25 апрель куни Ўзбекистон вакиллари ташриф доирасида Массачусетс Бош инспектори Гленн Кунҳа ва АҚШ Давлат этика комиссияси ижрочи директори Девид Уилсон билан учрашувлар ўтказди.

Фото: Аксилкоррупция агентлиги

Учрашув якунида Америка томони кўмагида Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашуви соҳасида ўқув платформа яратишга келишиб олинди.

Фото: Аксилкоррупция агентлиги

Ташриф давомида агентлик вакиллари шунингдек, Массачусетс штати McDermott Will&Emery юридик фирмаси ҳамкори Роберт Корди ҳамда мутахассислар: Сара Уолтерс ва Марк Шрейберлар, Массачусетс Олий суди cудяси Девид Лоуи, АҚШ федерал судьяси Марк Вулф, делегация ҳамда Holland&Knight компанияси ҳамкорлари билан учрашув ва музокаралар ўтказди. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид