Ўзбекистон | 12:38 / 25.04.2022
3087
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшиб ёзишлар аниқланди

Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишларда сабзавот экинларини экиш, интенсив боғларга кўчат экиш, чигит экиш ишлари белгиланган графикка нисбатан орқада қолаётгани, ғалла парваришида агротехник тадбирлар сифатсиз бажарилгани, қўшиб ёзишларга йўл қўйилгани аниқланган. Мансабдор шахсларга ҳайфсан эълон қилинган.

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов томонидан имзоланган фармойишда қайд этилишича, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида ташкил қилинмаган.

Хусусан, сабзавот экинларини экиш ишлари белгиланган графикка нисбатан орқада қолган. Асосий майдон ва боғ-қатор ораларига картошка 5,5 минг гектар ўрнига 3,7 минг гектар (режага нисбатан 67,3%), пиёз 2,6 минг гектар ўрнига 1,2 минг гектарга ( 46,7%), сабзи 3,4 минг гектар ўрнига 1,0 минг гектарга (31,4%),  полиз маҳсулотлари 10,9 минг гектар ўрнига 1,3 минг гектарга (11,8 %), мойли экинлар 3,9 минг гектар ўрнига 2,4 минг гектарга (63 %) экилган.

Шунингдек, 2,5 минг гектар интенсив боғлардан 701 гектарига кўчат экилган, холос.

Ҳудудларда 2022 йил ҳосили учун чигит экиш ишлари белгиланган режа-графикдан орқада қолган, ғалла парваришидаги агротехник тадбирлар сифатсиз бажарилиб, айрим ҳудудларда қўшиб ёзиш ҳолатлари кузатилган.

2022 йилнинг 1-чорагида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми белгиланган прогноз кўрсаткичларига нисбатан кам бажарилган. Хусусан, гўшт 900 тоннага (39,5 минг тонна ўрнига 38,6 минг тонна), сут 2,7 минг тоннага (213,5 минг тонна ўрнига 210,8 минг тонна), тухум 11,1 млн донага  (112,0 млн. дона  ўрнига 100,9 млн. дона), балиқ 700 тоннага (1,3 минг тонна ўрнига 0,7 минг тоннага) кам  ишлаб чиқарилган.

Шу билан бирга, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик ва асаларичилик лойиҳаларини амалга ошириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган ва мониторинг-назорат ишларига совуққонлик билан ёндашилган.

Вилоят ишчи гуруҳи томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ўрганилганда Тупроққалъа туманида бир қатор камчиликлар ва ҳисоботда қўшиб кўрсатиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, туман бўйича 2022 йил ҳосили учун чигит экиш режаси 4 минг гектар бўлиб, ҳисоботда экилган майдон 2 минг 835,6 гектар деб кўрсатилган. Амалда чигит экилган майдон эса 2 минг 200,2 гектарни ташкил қилиб, 635,4 гектар қўшиб кўрсатилган. Гурлан массивидаги фермер хўжаликлари томонидан 155,9 гектарда чигит экиш ишлари бошланмаган.

Сабзавот ва мойли экинларни экишда ҳам қўшиб ёзишларга йўл қўйилган, хусусан, ҳисоботда экилган майдонга нисбатан пиёз 3,1 гектар, соя 20,2 гектар, картошка 59 гектар ортиқча кўрсатилган бўлса, сабзи 30,9 гектар кам кўрсатилган.

Фармойиш билан вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Комилжон Сабировга қишлоқ хўжалигида амалга оширилиши белгилаб берилган топшириқ ва вазифаларни бажаришда йўл қўйган камчиликлари учун, Тупроққалъа тумани ҳокими Алишер Салаевга 2022 йил ҳосили учун чигит ва бошқа экин турларини экиш ишларида ҳисоботларда қўшиб-ёзишга йўл қўйганлиги ҳамда баҳорги қишлоқ хўжалиги ишларига масъулиятсизлик билан ёндашиб, топширилган вазифаларни лозим даражада бажармагани учун ҳайфсан эълон қилинди.

Шунингдек, Комилжон Сабиров барча камчиликлар бартараф этилгунга қадар Тупроққалъа туманига хизмат сафарига юборилган ва унга Тупроққалъа тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажариш юклатилган.

Мавзуга оид