“AGROBANK” томонидан “Ўсимликлар ҳимояси” тўплами нашр этилди
Қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий билимларни жорий этишда тинимсиз иш олиб бораётган “AGROBANK” яна бир янги лойиҳани амалга оширди. “AGROBANK” томонидан ўсимликлар ҳимояси, касалликлар ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича энг керакли маълумотлар қайд этилган 40 китобдан иборат тўплам чоп этилди.
Тўплам “Ўсимликлар ҳимояси” деб номланади ва унда қишлоқ хўжалигининг ҳар бир йўналишида: ғаллачилик, сабзавотчилик, ўрмончилик, боғдорчилик каби турли жараёнларда зараркунандаларга қарши курашиш, ўсимликлар ҳимояси ва касалликлар юзасидан энг сўнгги тажрибалар жамланган.
Ушбу тўпламни яратиш устида 100га яқин олимлар ва илмий ходимлар иш олиб боришган бўлиб, уларнинг билимлари илғор хорижий тажриба уйғунлигида акс этган. Банк қошида ташкил этилган бу гуруҳда катта тажриба ва малакага эга бўлган мутахассислар фаолият юритади.
Тўпламдаги 40 китобнинг ҳар бири қишлоқ хўжалигининг алоҳида бир жабҳасига аталган бўлиб, унда ҳар бир йўналишда зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали усуллари ва воситалари тақдим этилган.
“AGROBANK” Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ривожланишида тизимли равишда ўзининг салоҳиятини намойиш этиб келмоқда. Мазкур тўплам ҳам республикадаги барча деҳқон-фермерлар учун йўриқнома ҳисобланади. Ундан йирик фермерлардан тортиб, оддий томорқа эгаларигача фойдаланиши мумкин.
Китобларнинг электрон нусхаси билан банкнинг www.Agrobank.uz сайти, томорқа ер эгалари учун ташкил қилинган Agrozamin-O’zimizniki электрон платформаси ва махсус Telegram-бот орқали танишиш мумкин.