Agrobank’нинг “Қаҳрамонлар” ҳужжатли лойиҳасининг навбатдаги сони Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Отабек Шукуровга бағишланди. Филмда футболчининг болаликдаги орзулари, академиядаги синовлари, легионерлик босими, майдон ортидаги меҳнати ва профессионал футболгача бўлган машаққатли йўли хақида.
Agrobank Жаҳон чемпионати транслациясининг бош ҳомийси сифатида футбол мухлисларига нафақат муҳим спорт воқелигини, балки унинг ортида турган инсоний ҳикояларни ҳам ёритиб бермоқда. “Қаҳрамонлар” лойиҳасининг ушбу сони Отабек Шукуров мисолида футболчилик касби қандай фидойилик, интизом ва сабр талаб қилишини кўрсатади.
“Қаҳрамонлар” — ўз соҳасида меҳнати, масъулияти ва фидойилиги билан ажралиб турган инсонларнинг реал ҳикояларини ҳужжатли форматда тақдим этувчи лойиҳа. Унда қаҳрамонларга ўз йўли, синовлари, қарорлари ва ҳаётий тажрибаси ҳақида бевосита сўзлаш имконияти берилади. Аввалги сонларда турли соҳа вакиллари ҳикоя қилинган бўлса, бу гал лойиҳа марказида футбол ва миллий терма жамоа вакили — Отабек Шукуров меҳмон бўлди.
Филмда Отабек Шукуров футболга оддий қизиқиш эмас, ҳаёт тарзидек қараш кераклигини айтади. Унинг фикрича, профессионал футболчи бўлиш учун футбол инсоннинг ҳар бир кунида, ҳар бир қарорида ва ҳатто ҳар бир нафасида бўлиши керак. Акс ҳолда, бу йўл у учун муваффақиятли бўлмаслиги мумкин.
Отабек Шукуров болалик ва академия давридаги қийинчиликларни эслар экан, футболчининг илк синовлари майдондаги катта ўйинлардан анча олдин бошланишини таъкидлайди. У академияда қишин-ёзин тонгги соат 5 да туриб, кун давомида танаффуссиз машғулотларда қатнашган даврларини эслайди. Баъзан кунлар фақат машғулот, овқатланиш, уйқу ва яна машғулот билан ўтган. Ҳатто кулмасдан, ортиқча гаплашмасдан, бор эътиборини фақат футболга қаратган вақтлари ҳам кўп бўлган.
Филмнинг энг таъсирли эпизодларидан бири — Отабек Шукуровнинг бутсалар билан боғлиқ хотиралари. Унинг айтишича, футболда футболчининг бутсаси йиртилиши ҳам бир маънода бахт: “Бутсаси йиртилмаган футболчи футболчи эмас”, деган қараш унда эрта шаклланган. У академияда нафақат ўзининг, балки сафдошларининг ҳам йиртилган бутсаларини тикиб, таъмирлаб берган. Бу иш орқали оз бўлса-да пул ишлаб, кам-кўстини тўлдирган.
Шукуровнинг айтишича, бутсани таъмирлаш учун шаҳар марказига бориш машғулотлардан вақт олиш билан бирга, молиявий томондан ҳам чўнтакка зарар бўлган. Шу сабабли у буни ўзи ўрганиб олган. Аввалига бу алоҳида мақсад билан бошланмаган, бироқ бир ишни қайта-қайта бажариш натижасида у бу борада ҳам тажриба орттирган. Ҳатто бутса тикиш учун керак бўладиган чарм ёки ямоқ матоларни кўриб қолса, йиғиб юрадиган даражага етган.








