Асхат Низомиддинов – 26 йиллик тажрибага эга ветеринар врач. “Оҳалик-Ломанн-Парранда” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси, “Мароқанд Парранда” Ўзбекистон-Америка ҚК, “Виртех-Агро” Ўзбекистон-Россия-Америка ҚК, “Оригинал-Макс-Люкс” ФХ корхоналарида паррандаларни парваришлаш билан шуғулланган ва ҳозирги кунда ҳам фаолиятини давом эттириб келмоқда
— Асхат ака, Андижондаги ҳолат билан танишдингиз. Умуман олганда, камбағал аҳолига товуқ тарқатиш қай даражада ўзини оқлайди деб ўйлайсиз?
— Кам таъминланган оилаларга даромад манбаи яратиш учун 100 тадан товуқ бериш яхши фикр. Аммо бу режани амалга оширишга келганда кўплаб хато ва камчиликлар кўзга ташланиб қолди. Энг асосийси, паррандачилик бўйича етарли тажрибанинг йўқлиги. Товуқ ҳам тирик жонзот, машина ёки механик қурилма эмас. Тирик жонзотга доимий эътибор зарур.
Паррандаларнинг, биргина товуқнинг юзлаб касалликлари бор: вирусли, бактерияли, паразитли ва бошқалар. Бу касалликлардан паррандаларни асраш учун чора-тадбирларни аввалдан кўриш керак бўлади. Шундай касалликлар борки, бир неча соат ичида товуқни нобуд қилади, шундайлари бор, товуқ организмига йил давомида зарарли таъсир кўрсатиб келади. Баъзи бир касаллик бир паррандага юқса, бир неча кун ичида барча паррандаларни нобуд қилиши ҳам мумкин. Яна шундай касалликлар борки, ҳар тўрт ҳафтада паррандаларни шу касалликка қарши эмлаш зарур. Ана шунинг ўзи ҳам бу соҳа нақадар мураккаб ва эътибор талаб қилишини кўрсатиб турибди.
Изоҳ: Андижон вилояти ҳокимлиги паррандалар тарқатилишидан олдин 19 турдаги вакцина билан эмланаётганини маълум қилган.
— Ўзи аҳолига оммавий тарқатилаётган товуқлар хонаки шароитда яшай оладими?
— Муаммонинг жиддийси ҳам шунда. Йирик паррандачилик корхоналарида тизимнинг барча босқичлари қамраб олинади ва умумий занжир узлуксиз назорат қилинади. Яъни жўжа очириш учун тухум олишдан бошлаб товуқ гўшти-ю, патларини сотишгача.
Бу босқичларнинг ҳар бирида алоҳида ходимлар ишлайди ва улар истаса-истамаса ўз соҳасининг устаси ҳисобланишади. Содда қилиб айтганда кимдир фақат инкубаторда, яна кимдир тухум олишда, кимдир озуқа тайёрлашда ва бошқа ходимлар гўшт тайёрлашда банд бўлишади. Бу босқичларнинг барчасини кичик шаклда ташкиллаштиришнинг амалда иложи йўқ.
Бу товуқлар фермаларда, махсус шароитда боқилади. Уларга хона ҳарорати, шамолнинг эсиши, ҳаво айланиши ва ҳатто ёруғлик ҳам ўзига хос таъсир қилади. Энди улар бирданига хонаки шароитга ўтказилиши ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, салбий натижа бериши мумкин.















