Спорт | 10:32 / 30.04.2022
27163
3 дақиқада ўқилади

Таниқли теннисчи Борис Беккер 2,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Лондон суди Борис Беккерни банкрот деб эълон қилинганидан кейин мол-мулкини яширганлиги учун 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Фото: Picture Alliance

Машҳур германиялик теннисчи, 54 ёшли Борис Беккер банкрот деб эълон қилинганидан сўнг, йирик суммаларни учинчи шахсларнинг ҳисоб рақамларига ноқонуний ўтказгани ва активларини яширгани учун 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

29 апрель, жума куни Лондон жанубидаги Саутварк Қироллик судида судья Дебора Тейлор давлат прокурори ва Беккер адвокатининг далилларини тинглаганидан сўнг ҳукмни ўқиб эшиттирди.

Собиқ спортчи банкротлиги муносабати билан чекланган мулкдан умумий қиймати 427 минг еврога яқин мулкни яшириш, Германиядаги кўчмас мулкка эгалик ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмаслик, Лихтенштейндаги Bank Alpinum’дан олинган 825 минг евро миқдоридаги кредитни ва Breaking Data Corp корпорацияси акцияларига эгалик қилиши ҳақидаги маълумотларни яширишда айбдор деб топилди.

Шу билан бирга, суд ҳайъати уни 20 та бошқа айблов банди, шу жумладан иккита Уимблдон мукофоти ва Олимпия олтин медалини топширмагани бўйича оқлади. 

Аввалроқ суд Борис Беккер Буюк Британиянинг 1986 йилдаги тўловга лаёқатсизлиги тўғрисидаги қонунни бузган деб қарор қабул қилган эди.

Олти карра «Катта дубулға» турнирлари ғолиби ва икки карра Дэвис кубоги ғолибига 2017 йилнинг майидан октябригача бўлган даврга оид 24 та айблов қўйилди.

2017 йилда Борис Беккер Arbuthnot Latham & Co хусусий банки олдидаги қарзлари туфайли банкрот деб эълон қилинганди. «Бир қанча аноним банкирлар ва амалдорлар мени узрли сабабсиз банкрот деб эълон қилишга мажбур қилди, бу менга ҳам молиявий зарар келтирди, ҳам обрўйимга зарар етказди», деган собиқ спортчи ўшанда.
 
Борис Беккер яккалик баҳсларида 49 та ATP турнири ғолиби. Фаолияти давомида у, баъзи маълумотларга кўра, тахминан 22 миллион евро ишлаб топган. Биринчи хотини Барбара билан ажрашиш, солиқ идоралари билан боғлиқ муаммолар ва бир қатор муваффақиятсиз сармоялар Беккернинг банкрот бўлишига олиб келди. 

Мавзуга оид