Профессионал хизматлар экспорти ва рус ОАВга тақиқлар: Британия янги санкцияларни эълон қилди
Буюк Британия Россияга нисбатан янги санкцияларни эълон қилди. Навбатдаги пакетдан жами 63та тақиқ ўрин олган. Россия субъектларига консалтинг, бухгалтерлик ва пиар соҳасидаги хизматларни кўрсатиш шулар жумласидан.
Расмий Лондон баёнотига кўра, Россиянинг чеклов киритилган хизматлар импортининг 10 фоиз қисми Британия ҳиссасига тўғри келади.
“Россияни британ хизматларини олиш имкониятидан маҳрум қилиш Кремлга босимни кучайтиради ва алалоқибатда Путин Украинада муваффақиятсизликка учрашига ёрдам беради”, – деган Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс.
“Бизнинг профессионал хизматларимиз кўплаб мамлакатлар учун фавқулодда муҳим аҳамиятга эга, айнан шунинг учун биз Россияни [мижозлар рўйхатидан] чиқариб юборяпмиз. Россиянинг дунё даражасидаги бошқарув консултантлари, бухгалтерлар ва пиарчилардан фойдаланиш имкониятини тўсиб қўйиш орқали биз Кремлга иқтисодий босимни кучайтирамиз, токи у ўз йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлсин”, – деган Британия тадбиркорлик, энергетика ва саноат стратегияси вазири Квази Квартенг.
Янги санкциялар Россия ҳукуматига қарашли қатор пропагандистик оммавий ахборот воситаларига ҳам қаратилган.
Бутунроссия давлат теле-радио компанияси (ВГТРК), “Инфорос” ахборот агентлиги, инглиз тилидаги SouthFront ва SCF онлайн нашрларига нисбатан санкциялар киритилди. Рус телеканалларидаги қатор мухбир ва бошловчилар ҳам чекловларга учраган.
Аввалроқ Британияда ижтимоий тармоқлар ва интернет-сервислардан Russia Today ва Sputnik каби ОАВларнинг контентини (тўлиқ Россия ҳукумати томонидан назорат қилинади) блоклашни талаб қилувчи қонун қабул қилинганди.
Янги персонал санкциялар рўйхатидан РФ президентининг иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатчиси Максим Орешкин, Россия мудофаа вазири ўринбосари Николай Панков, “Совкомбанк” бошқарув раиси Дмитрий Гусев, “Откритие” банки бошқарув раиси Михаил Задорнов, II жаҳон уруши марказий музейи директори Александр Школник ва бошқалар ҳам жой олган.
Мавзуга оид
20:17 / 16.11.2024
Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ
14:28 / 16.11.2024
Буюк Британияда фирибгарларни алдовчи “нейрон буви” ишга туширилди
10:05 / 16.11.2024
ЕИ Россия учун баллистика туфайли Эронга қарши санкциялар тайёрлади
20:45 / 12.11.2024