Жаҳон | 08:17 / 05.05.2022
17730
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон конституциясидан Назарбоевга оид барча гаплар олиб ташланади 

«Биринчи президентнинг тарихий роли ҳаммага маълум ва конституцияда алоҳида белгиланишини талаб қилмайди», - деган хулосага келди Қозоғистон конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича ишчи гуруҳ.

Фото: Reuters

Конституциявий ислоҳотлар жараёнида Қозоғистоннинг асосий қонунидан биринчи президент Нурсултон Назарбоев, унинг мақоми ва ваколатлари ҳақидаги барча нормаларни бутунлай чиқариб ташлаш режалаштирилмоқда, дея хабар берди чоршанба, 4 май куни конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси Марат Бошимов.

Унга кўра, чоршанба куни бўлиб ўтган якуний йиғилишда конституциявий кенгаш ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган ўзгартиришлар лойиҳасининг конституцияга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилган.

Бу, хусусан, конституциянинг биринчи президентнинг кетма-кет икки мартадан ортиқ сайланиш ҳуқуқи, унинг мақоми ва ваколатлари конституция ҳамда конституциявий қонун билан белгиланиши ҳақида сўз юритувчи моддаларига тааллуқлидир. 

Бундан ташқари, ўзгартиришлар биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг мустақил Қозоғистон асосчиси сифатидаги мақомининг ўзгармаслигига ишора қилувчи 91-моддага таъсир қилади. «Биринчи президентнинг тарихий роли ҳаммага маълум ва конституцияда алоҳида белгиланишини талаб қилмайди», деди Бошимов. 

Шу билан бирга, мамлакатда «Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти тўғрисида»ги конституциявий қонун мавжуд бўлиб, у, хусусан, биринчи президент давлат раҳбари ваколатларини амалга оширишни тўхтатгандан кейин унинг сиёсий-ҳуқуқий мақомини, имтиёзлари ва кафолатларини белгилайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид