10:36 / 05.05.2022
10941

Венгриянинг Ўзбекистонга ажратаётган таълим грантлари сони қанчага кўпайиши маълум қилинди

Тошкент шаҳрида бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто ҳамраислигида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Олий таълим вазирлиги

Олий таълим вазирлиги хабарига кўра, унда икки мамлакат вазирлик ва идоралари ҳамда дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон делегацияси таркибида олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳам қатнашди.

Томонлар таълим ва илм-фан соҳасида ўзаро алоқаларга тўхталиб, 2021 йилда ўтказилган Ўзбекистон-Венгрия ректорлар форуми ушбу соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш учун муҳим платформа вазифасини ўтаганини алоҳида таъкидлади. 

Шунингдек, Венгриянинг Дебрецен университети филиали фаолиятини йўлга қўйиш, таълим дастурларини Ўзбекистон олий таълим муассасаларига жорий этиш каби масалаларда ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Шундан сўнг, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ўртасида Ўзбекистон фуқаролари учун Венгрия томонидан ҳар йили ажратиб келинаётган таълим грантлари сонини кўпайтириш бўйича келишувга эришилгани қайд этилди. 

2020 йилда имзоланган тегишли меморандумга кўра, Венгрия ҳукумати томонидан Ўзбекистон фуқароларига ушбу хорижий мамлакат олий таълим муассасаларида бакалавр, магистратура ва докторантура босқичларида ўқиш учун йилига жами 100 тадан таълим грантлари ажратиб келинмоқда эди.

Ҳужжатларни имзолаш маросимида юқоридаги келишувга мувофиқ олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто “2020-2023 йилларда Венгрия стипендиялари (“Stipendium Hungaricum”) дастури доирасидаги ҳамкорлик бўйича англашув меморандумига ўзгартиш киритиш тўғрисида баённома”ни имзоладилар.

Унга кўра 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, Венгрия томонидан ҳар йили ажратилаётган таълим грантлари сони 100 тадан 170 тага кўпаймоқда.

Top