Жаҳон | 08:59 / 07.05.2022
13075
3 дақиқада ўқилади

БМТ хавфсизлик кенгаши уруш бошланганидан бери Украина бўйича биринчи баёнотни қабул қилди 

БМТ хавфсизлик кенгаши «Украинада тинчлик ва хавфсизликнинг таъминланиши бўйича чуқур хавотир» билдирди. Кенгашнинг Украинадаги уруш бўйича резолюцияни қабул қилишга бўлган сўнгги уриниши Россия ветоси туфайли муваффақиятсизликка учради.

Фото: AA

БМТ хавфсизлик кенгаши 6 май, жума куни Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан буён илк бор уруш бўйича қўшма баёнот қабул қилишга муваффақ бўлди, дейилади ташкилот сайтидаги хабарда.

Эълон қилинган пресс-релизда «бош котибнинг Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини кучли қўллаб-қувватлаш» ҳақида сўз боради. БМТ хавфсизлик кенгаши, шунингдек, «Украинада тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича чуқур ташвиш билдирди» ва «БМТ низомига мувофиқ, барча аъзо давлатлар ўзига халқаро келишмовчиликларини тинч йўл билан ҳал қилиш мажбуриятини олганини» эслатди.

Баёнот матни Норвегия ва Мексика томонидан тайёрланди, хабарни ёзиш пайтида унинг тўлиқ матни ҳали эълон қилинмади.

Ташкилот, шунингдек, «бош котибнинг Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди». Апрель ойида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашган эди. Бу ташриф Гутерришнинг Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказган Москвага сафари ортидан амалга оширилди. Гутерриш Мариуполдаги «Азовстал» заводи ҳудудидан тинч аҳолини эвакуация қилишда БМТ ва Қизил Хоч ташкилоти воситачилик қилиши мумкинлиги борасида таклиф билан чиқди. Май ойи бошида Гутерриш «Азовстал»дан 500 га яқин одам эвакуация қилингани ҳақида хабар берди.

Резолюцияларни қабул қилиш учун кенгаш 9 та овозга эга бўлиши ва хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари - АҚШ, Россия, Хитой, Франция ёки Буюк Британия томонидан вето қўйилмаслиги керак, дея қайд этади Reuters. Уруш бошланган куннинг эртасига хавфсизлик кенгаши Россиянинг Украинага бостириб киришини қораловчи резолюция қабул қилишга уринди, бироқ Россия унга вето қўйди. Хитой, Ҳиндистон ва БАА эса ўшанда бетараф қолди.

Шундан сўнг, бошқа бир орган - 193 аъзодан иборат, бироқ ҳеч бири вето ҳуқуқига эга бўлмаган БМТ бош ассамблеяси Россиянинг Украинага қарши «тажовузкорлиги»ни қораловчи иккита резолюцияни қабул қилди, уларда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва тинч аҳолига ёрдам бериш учун тўсқинликсиз киришни таъминлаш талаби қўйилган.

БМТга аъзо 193 давлатдан 141 таси 2 март куни тақдим этилган ҳужжатни ёқлаб овоз берди. Беш давлат қарши чиқди: Россия, Беларус, Эритрея, Шимолий Корея ва Сурия. Яна 35 давлат, жумладан Хитой ҳам бетараф қолди. 

Мавзуга оид