Ўзбекистон | 09:59 / 07.05.2022
13508
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқдаги сел оқибатида поездни электр билан таъминловчи таянч устуни қулади

Қамчиқ довонида кузатилган сел-тошқин оқибатлари бартараф этилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.

Видеодан кадр

Жорий йилнинг 4 май куни соат 21:30 ларда Қамчиқ довонида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темирйўли 19-километри, «Кўл» станциясига олиб борувчи автомобиль йўлининг ювилиши оқибатида поездни электр қуввати билан таъминловчи таянч устуни қулаган.

Юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида тезкор штаб тузилиб, «Қамчиқ» МҚЁҚБ ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус авария-тиклаш бригадаси ва муҳандислик техникалари билан йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, электр таянч устуни, йўл остидан қўшимча сел ўтказгич қуриш ишлари амалга оширилди.

Автомобиль йўлида сел, тошқин оқибатларини бартараф этиш ва ёғингарчилик сувларини беталафот ўтказиб юбориш мақсадида, сув ўтказиш иншоотларини ва кюветларни тозалаш тадбирлари олиб борилган. 

Қайд этилишича, довон ҳудудида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш тадбирлари давом этмоқда.

Бундан олдин Тошкент - Андижон - Тошкент йўналишида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилганди.

Бу Фарғона водийсида кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити ва тоғли ҳудудларда кучли ёғингарчилик кузатилгани, поездлар ҳаракат хавфсизлиги ҳамда йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётгани маълум қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид