Ўзбекистон | 15:33 / 09.05.2022
49188
6 дақиқада ўқилади

Ҳукуматнинг ҳужжатсиз турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишга доир янги қарори қабул қилиниши мумкин

Ҳужжатсиз уйларда истиқомат қилаётганларга тегишли кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиб, уларга ҳужжатлаштириб бериш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамадан ўтказилди.

Фото: varandej.livejournal.com

Ўзбекистонда бирор ҳужжатга эга бўлмаган турар жойларда истиқомат қилувчилар кўп топилади. Уч йил аввал жорий этилган «кўчмас мулк амнистияси» даврида ўз турар жойларини тегишли тарзда ҳужжатлаштириб ололмаганлар ҳам бўлди.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан тайёрланган ва муҳокамага қўйилган ҳукуматнинг янги қарори уй-жойда ҳужжатларсиз истиқомат қилиб келаётганлар оғирини енгил қилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ҳукуматнинг «Жисмоний шахсларнинг фойдаланишидаги ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ва натижалари бўйича уларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қарори муҳокамага қўйилди. Муҳокама 7 май куни якунланган.

Лойиҳавий қарорнинг 1-иловасида «Жисмоний шахсларнинг фойдаланишидаги ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ва натижалари бўйича уларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида низом» ҳам келтирилган.

Низом талаблари кўп квартирали уйларга ва уларга туташган ер участкаларида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, нотурар жойларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланган.

Қайд этилишича, жисмоний шахсларнинг фойдаланишидаги ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ва натижалари бўйича ўрганиш ишларини амалга ошириш мақсадида туман/шаҳар ҳокимликлари, туман/шаҳар ҳокими ёрдамчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг туман/шаҳар филиаллари, «Ўзбеккосмос» агентлиги, туман/шаҳар қурилиш, фавқулодда вазиятлар, адлия, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари, солиқ ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциялари, шунингдек маҳалла фуқаролар йиғини вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилади ва у туман/шаҳар ҳокими томонидан тасдиқланади.

Ҳукумат қарори билан ўрнатиладиган тартибга кўра, ишчи гуруҳ томонидан хатловдан ўтказиш жараёнида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ўзбошимчалик билан қурилган, муҳофаза этиладиган ҳудудларда қонунчилик ҳужжатларига зид равишда қурилган ҳамда аҳоли пунктларининг бош режалари ва уларнинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига, маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига зид равишда қурилган турар жойларга қизил ҳисобга олиш карточкалари тайёрланади.

Белгиланган талабларга мос равишда қурилган ва ушбу бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулк объектларига сариқ ҳисобга олиш карточкаси тайёрланади.

Низомда ҳужжатсиз турар жойлар жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи ҳамда бино ва иншоотга мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби кўрсатиб ўтилган. Чунончи, сариқ ҳисобга олиш карточкалари тайёрланган ҳужжатсиз турар жойнинг ер участкасига ижара ҳуқуқи ҳамда бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун:

  • бино ва иншоот жойлашган ер участкаси камида ўн беш йил мобайнида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланилгани, ундаги кўчмас мулк объектларининг 5 йил олдин мавжудлиги «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан космик суратларни солиштириш ва ушбу бино-иншоотни идентификация қилиш асосида тасдиқланган бўлиши;
  • кўчмас мулк объектлари бошқа шахслар ҳуқуқлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаслиги ёки фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилинган ҳолда қурилган бўлиши;
  • кўчмас мулк объектлари аҳоли пункти ерлари тоифасига кирмайдиган ерларда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ва муҳофаза этиладиган ҳудудларда жойлашган бўлмаслиги;
  • аҳоли пунктларининг бош режалари ва уларнинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига, маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига зид равишда қурилмаган бино-иншоотлар бўлиши шарт.

Низомдан англаш мумкинки, хатлов мобайнида қизил ҳисобга олиш карточкасига киритилган турар жойлар учун мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди.

«Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармасининг буюртмаси келиб тушган кундан бошлаб 10 иш кунида сариқ ҳисобга олиш карточкалари тайёрланган ҳужжатсиз турар жойларнинг рўйхати асосида уларнинг космик суратларини олади ва қайта ишлайди, шу жумладан ушбу ҳужжатсиз турар жойлар жойлашган ер участкаси камида ўн беш йил мобайнида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланилгани, ундаги бино ва иншоотларнинг 5 йил олдин мавжудлигини солиштириш ва уни идентификация қилган ҳолда тасдиқлаш ёки тасдиқламаслик ҳақида маълумотлар ва хулосаларни Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармасига тақдим этади.

Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан тақдим этилган маълумот ва хулосалар ўша куннинг ўзида ишчи гуруҳга тақдим этилади.

Сариқ ҳисобга олиш карточкалари тайёрланган кўчмас мулк объектлари бўйича космик суратларни олиш ва уларни қайта ишлаш билан боғлиқ харажатлар учун БҲМнинг 5 фоизи миқдоридаги тўловлар Давлат хизматлари марказлари томонидан фуқаролардан ундирилган куннинг ўзида «Ўзбеккосмос» агентлигининг ҳисобварағига ўтказилади.

«Ўзбеккосмос» агентлигининг сариқ ҳисобга олиш карточкалари тайёрланган ҳужжатсиз турар жойлар жойлашган ер участкаси камида 15 йил мобайнида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланилгани, ундаги бино ва иншоотларнинг 5 йил олдин мавжудлигини солиштириш ва идентификация қилиш орқали тасдиқланган натижалари асосида ишчи гуруҳи туман/шаҳарлардаги ҳудудлар кесимида ҳар бир ҳужжатсиз турар жойнинг номма-ном рўйхатини тасдиқлайди ва икки иш кунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этади.

Мавзуга оид