Кўчмас мулк | 20:36 / 20.05.2026
4996
2 дақиқада ўқилади

Хитой дунёдаги энг баланд горизонтал осмонўпар бино қурилишини якунлади

Хитойнинг энг динамик мегаполисларидан бири Чунцинда улкан меъморий лойиҳа якунланди, уни аллақачон замонавий урбанизмнинг янги рамзи деб аташмоқда.

Фото: Wikimedia Commons/Junyi Lou

The Crystal горизонтал осмонўпар биноси Raffles City Chongqing мажмуасининг 250 метрлик тўртта минораси чўққиларини бирлаштирган.

Иншоотнинг узунлиги 300 метр бўлиб, ердан 250 метр баландликда жойлашган. Аслида, бу тўлақонли «ёнбошлаб ётган осмонўпар бино» - дунёдаги шу турдаги энг катта ва энг баланд горизонтал бино.

The Crystal пўлат каркаси тахминан 12 минг тонна оғирликка эга - бу Эйфел минораси вазнидан ҳам оғирроқ. Конструкция ерда еттита йирик блокдан йиғилган, сўнгра кучли гидравлик тизимлар ёрдамида кўтарилган ва баландликда бирлаштирилган. Лойиҳа Сингапурнинг Marina Bay Sands лойиҳаси муаллифи, таниқли исроиллик-канадалик меъмор Моше Сафди томонидан ишлаб чиқилган.

Горизонтал осмонўпар бино ичида шиша полли кузатув майдони, сайр қилиш жойлари ва яшил боғлар, панорамали ресторан ва барлар, иккита 50 метрли сузиш ҳавзаси, хусусий клуб ва тадбир хоналари бор.

The Crystal - ўта зич шаҳарларда қурилишга янгича ёндашувнинг ёрқин намунасидир. Фақат юқорига қараб ўсишни давом эттириш ўрнига, мегаполислар катта баландликдаги горизонтал фазони ўзлаштира бошлайди. Мураккаб рельефли ва агломерацияда 30 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Чунсин бундай тажриба учун идеал майдон бўлди.

Raffles City Chongqing мажмуаси 2019-2020 йилларда расман очилган бўлса-да, The Crystal ҳали ҳам жаҳон оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортмоқда. Яқинда Oddity Central портали лойиҳани яна бир бор эслатиб, уни сўнгги йиллардаги энг таъсирли муҳандислик ютуқларидан бири деб атади.

Бугун The Crystal сайёҳлар учун очиқ. Кузатув майдончаси ва skywalk сайёҳлар орасида жуда машҳур. Айниқса, осмонўпар бино тунда футуристик ёритиш туфайли ажойиб кўринади.

The Crystal аллақачон Сингапурдаги Marina Bay Sands билан таққосланмоқда, аммо муҳим афзаллиги бор: у баландроқ, узунроқ ва Хитойнинг энг тез ривожланаётган ҳудудларидан бирининг қоқ марказида жойлашган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид