Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди. Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси муҳокамаси 25 майга қадар давом этади.

Қонун лойиҳаси 5 та боб (умумий қоидалар, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш, манфаатлар тўқнашувини маълум қилиш ва аниқлашга доир чора-тадбирлар, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чоралар кўриш ва текшириш ҳамда якунловчи қоидалар) ва 31 та моддадан иборат.

Қонун лойиҳасида қуйидаги асосий тушунчалар ажратиб кўрсатилган:

алоқадор шахслар — давлат ташкилоти ходимлари ва/ёки уларнинг яқин қариндошлари устав фондидаги/устав капиталидаги улушларига ёки акцияларига (оммавий муомалада бўлган 10 фоизгача акциялари бундан мустасно) эгалик қиладиган ёки бошқарув органи ва кузатув кенгашининг аъзоси бўлган юридик шахслар;

давлат ташкилоти — давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат муассасалари, давлат унитар корхоналари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятлари ва устав фондида/устав капиталида ушбу жамиятларнинг улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар;

манфаатлар тўқнашуви — давлат ташкилоти ходимининг, унинг яқин қариндошларининг ва унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатлари билан фуқароларнинг, ташкилотнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёхуд юзага келиши мумкин бўлган (тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви) вазият;

шахсий манфаат — давлат ташкилоти ходими томонидан ўз мансаб/хизмат вазифаларини бажаришда ўзи, яқин қариндошлари, алоқадор шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлиши;

яқин қариндошлар — қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари.